Bosh sahifa Ijod НАСИБА (Ҳаётий воқеа асосида)

НАСИБА (Ҳаётий воқеа асосида)

0

Кечга яқин ҳавонинг авзойи бузилди: куни бўйи тинмаган гармсел чанг-тўзонга айланиб, даҳшатли увиллай бошлади. Одатда бирор фалокат ё ҳалокатнинг содир бўлиши олдидан табиат ва инсоният ўртасидаги мувозанатни сақлаб турувчи Олам руҳи шундай кўриниш орқали бутун борлиққа ўзининг ғойибона қудратини намоён қилаётгандек, дунё яралганидан буён тан олинмай келаётган Буюк ҳақиқатни одамзотга англатаётгандек бўлади. Бу Буюк ҳақиқат Олам руҳининг мавжудлигидир. У мудом кўчиб юради: гоҳ чумолининг ҳаракатида кўзга ташланса, гоҳ  тонг қуёши нурида жилваланаётган шудрингда акс этади; баъзида жаҳлга миниб, довул бўлади, баъзида куч-қудрати билан уммонларни бир пиёла сувни чайқагандек осонгина “тўлғонтиради”. Инсоният уни табиат қонунияти, деб тушунади. Лекин биз кўриб англаган жамики холат ва ҳодисалар Олам руҳининг ҳаракатга келиш жараёнидир. У ҳатто севади, истак ва хоҳишларга эга…

***

Насиба аммасиникида яна 4-5 кун қолишни жуда хоҳлади. Чунки ҳадемай ёзги таътил тугайди. Шунинг учун кеча уни олиб кетишга келган дадасидан шу ерда яна бироз қолишни илтимос қилди. 70 чақирим йўл босиб келган Сейитмурод ака қизининг ийманибгина ёлворишига рад жавоб айтолмади.

— Қизим, онанг сени соғинди ахир, ўзимизнинг қишлоқ ҳам соя-салқин-ку,  — деди у Насиба билан ёлғиз қолганида.

— Шундайкуя, лекин бу ерда дарё борда, дада…

— Хўп, қизим, бўлмасам шанба куни сени олиб кетишга яна келаман, аммангнинг айтганларини қил.

Дадаси кетгач, Насиба шанбагача яна беш кун борлигини ўйлаб, хурсандлигидан жилмайиб қўйди. Энди аммасининг ўғли Жавлон билан ҳеч бўлмаса яна бир марта дарёга чўмилишга боради, тўлқинларга тўйиб-тўйиб қараб олади, қирғоқда из қолдириб югуради. Аммо бугун боролмасалар керак. Чунки иссиқ шамол эсаяпти, аммаси рухсат бермайди.

Кечга яқин ҳавонинг авзойи бузилди: куни бўйи тинмаган гармсел чанг-тўзонга айланиб, даҳшатли увиллай бошлади.

— Дарё қонсираяпти шекилли,-деди Адолат ая қўшнисиникига пилик сўраб чиққанида. — Шамолнинг важоҳатига қаранг,  бутун дунёни ўз ҳукмимга оламан дейдия. Электр токи ўчиб қолганига болалар ҳам қўрқиб ўтиришибди. Ишқилиб тинчиб кетсинда.

…Ҳа, тинчиб кетди, тонгда ҳамма жой сув қуйгандек эди. Фақат айрим дарахтлар синибди, шамол жуда кучли бўлганга ўхшайди. Насиба дастурхон бошида аммаси келтириб қўйган ширчойга нон тўғрай туриб, аста Жавлонга шивирлаб қўйди:

— Бугун дарёга борамиз а?

— Онам қўймасалар керак,-деди Жавлон бепарво.

— Бормасак бўлмайди…

Насиба маҳзун бир холатда эди.

— Ҳаво иссиқ бўладиганга ўхшайди, эрталабдан қуёшнинг тафти бошқача, ташқарига кўпам чиқаверманглар. Яхшиси Жавлоннинг анави расм китоби бор-ку, ўшани томоша қилиб, уйда ўтиринглар,-деди Адолат ая сигирни ёвонга арқонлаб келишга кета туриб.

Аммо негадир Насибанинг халовати йўқолганди: ҳар дақиқада ташқарига чиқиб-кирар, ниманидир кутар, чуқур уф тортиб қўярди. Кўп ўтмай Жавлонга ялина бошлади:

— Юрақол, дарёга борайлик, бормасак бўлмайди…

— Онам уришадилар, келсинлар сўраймиз,-дерди Жавлон ҳар доимгидек бепарво.

Насиба энди аммасининг келишини кута бошлади…

— Йўқ, — деди аммаси келгач болаларнинг сўровига кескин равишда, — ҳаво жуда иссиқ, бошингиздан қуёш ўтади.

Чўмилишга Жавлоннинг ҳам боргиси келиб турган эканми, энди икковлашиб хўмрайиб олишди.

— Жавлон, деразадан тушиб кетамиз, барибир аммам энди ётиб ухлайдилар,-деди Насиба соябетдаги хонага ўтишгач.

…Насиба жуда хурсанд эди, чопиб-чопиб борарди. Яхшиям ҳеч ким сезмади чиқиб кетишганини. У дарёга яқинлашган сари тезроқ юрар, жилмайиб қўярди. Ана, яқинлашишди, ҳув анави тепаликдан ўтишса, у ёғи Амударё!

— Дарёжон! Мен келдим, дарёжон! — Насиба чопиб борарди. Жавлон ундан анча орқада қолиб кетди.

— Дарёжон, мана келдим! Соғиндим, ҳа-ҳа, соғиндим…, — қучоғини очиб югуриб борган Насиба ўзини сувга ташлади ва қайтиб чиқмади… Оёғидаги шиппагининг бир пойи тўлқин ялаётган қумликка ботиб, ечилиб қолди.

    …Қирғоқда ўтирган Адолат ая ўзини қарғаб йиғларди. Мана икки соатки, эри тўрт-беш эркак билан Насибани излашади.

— Қаерга сакраганди?! — сўрайди дадаси Жавлондан. У қўли билан кўрсатади.

— Нимадир илди, — дейди лотканинг устида ўтирган қўшни эркак илмакни торта туриб.

— Секинроқ торт, секинроқ!

…Сув юзида Насибанинг жилмайган чеҳраси кўринади. Уни кўтариб олишади. Амма сочини юлиб йиғлай бошлайди. Эркаклар эса ҳайратдан ёқа ушлашган: Насибанинг сочлари қуп-қуруқ, эсаётган майин шабадада ёйилиб турарди. Оламнинг руҳи унинг сочларида товланарди…

***

   “Дарё ўз Насибасини олибди”, дейишди қишлоқдагилар…

Руслан САБУРОВ.