Bosh sahifa Mualliflardan Навбаҳорда бўрдоқичилик лойиҳаси фойдаланишга топширилди

Навбаҳорда бўрдоқичилик лойиҳаси фойдаланишга топширилди

0

Бозорларимизда гўшт нархининг бирмунча қимматлашганига қарамай, аҳолининг бу маҳсулотга бўлган талаби камайгани йўқ. Шу боис чорвачилик, хусусан, бўрдоқичиликни ривожлантиришдаги асосий мақсад бозорларимизни сифатли ва арзон гўшт маҳсулотлари билан таъминлашни кўзда тутгани билан аҳамиятли саналади. Бу борада Навбаҳор туманида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилаётир.

Хусусан, “Учтут” ҳудудидаги пахтачилик ва ғаллачиликка ихтисослашган “Қаймоқчи бобо” кўп тармоқли фермер хўжалиги томонидан лойиҳа қиймати 600 миллион сўм бўлган бўрдоқичилик фаолияти йўлга қўйилди. Бунинг учун фермер Хуршид Ҳасанов ўз маблағидан ташқари банкдан 400 миллион сўм кредит олиб, Бухоро вилоятидан 30 бош зотдор қорамолларни келтирди. Шундай қилиб, янгидан таъмирланган, чорванинг яхши парвариши учун мос тарзда жиҳозланган молхонадаги қорамоллар сони 40 бошга етди. 

—  Жорий йилдан чорвачилик билан ҳам шуғулланишни бошладик,- дейди фермер хўжалик раиси Х. Ҳасанов. – 40 гектар пахта, 45 гектар буғдой майдонимиз бор. Буғдойзор сомонини чорвага озуқа сифатида ғамлаб қўямиз. Бундан ташқари ғалладан бўшаган 15 гектар майдонга маккажўхори экмоқчимиз. Яқин бир неча ойда бўрдоқиларимиздан сифатли озуқа, тўғри парвариш эвазига 300 килограммгача гўшт олишни мўлжаллаб турибмиз. Маҳсулотни маҳаллий бозорга олиб чиқишни, аҳолига сифатли хизмат кўрсатишни ният қилганмиз.  

Дарҳақиқат, сифат қайси йўналишда бўлмасин, асосий ўрин тутадиган жиҳат ҳисобланади. Бугунги кунда туманда 4 та наслчилик, 1 та йилқичилик фермер хўжаликлари мавжуд. Уларда 640 бош “Golshten semmental” ва “Қизилчўл” зотига мансуб четдан келтирилган наслли қорамоллар ҳамда 440 бош зотдор от парвариш қилиняпти. Шунингдек, яқинда “Бўриева Ҳакима” фермер хўжалиги томонидан Қозоғистондан 25 та зотдор от келтирилиб, боқилмоқда. 

— Наслли қорамолларни парвариш қилиш, уларга мос озуқани танлаш талаб даражасида бўлиши керак, — дейди “Ўзагроинспекция” туман бўлими катта инспектори Бурҳон Тўйчиев. – Шу билан бирга насл тозалигини асраш, яъни қорамолга бегона зотни аралаштирмаслик, сифатли озуқа базасини яратиш, уларни тўғри тартибда парваришлаш бўйича назорат олиб борилиб, бу борада фермерларга керакли тавсиялар бериб келинмоқда.   

Эътирофлиси, яқинда туманда наслли қорамол ташкил этиш бўйича яна бир лойиҳа ишга тушиши режалаштирилган. Ундан кўзланган асосий мақсад – сут ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш ҳисобланади. Лойиҳа ишга тушса янги иш ўринлари ҳам яратилади. 

Туманда чорвачилик соҳасида амалга оширилаётган бу каби ишлар бозорларимиз тўкин-сочинлиги, арзончиликка ўзига хос ҳисса бўлиб қўшилиши билан муҳим аҳамиятга эга. 

“Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси матбуот хизмати.