Bosh sahifa Jamiyat Навбаҳорда “Rancho brothers” бренди остида туяқуш терисидан маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳаси устида...

Навбаҳорда “Rancho brothers” бренди остида туяқуш терисидан маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда

0

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими  ташаббуси билан Навбаҳор туманида пресс-тур ўтказилиб, унда республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг вакиллари – жами 20 нафарга яқин журналистлар ҳудудни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан яқиндан танишишди. 

 Прес-тур доирасида илк манзил — Африка туяқушлари парваришланаётган “Straus farm Navbahor” масъулияти чекланган жамияти бўлди. Айниқса, мазкур корхона фаолияти журналистларнинг эътиборини тортди. 35 нафар ишчи-ходим фаолият олиб бораётган корхона ҳудуди бир гектарни эгаллаган бўлиб, мажмуада гўшт йўналишида бройлер жўжалар, наслдор куркалар, ўрдаклар, қорамоллар ҳам боқилади. 

Корхона раҳбари Жамшид Ҳамроев пресс-тур иштирокчиларига юртимизда туяқушчилик соҳаси  истиқболлари, интернетда бу борада тарқалган хабарларга муносабат билдирди:

 — Туяқушчилик билан 2014 йилдан буён шуғулланиб келаман. Айни пайтда 300 бошга яқин турли ёшдаги қушларни парваришлаяпмиз. Жорий йил июнь ойида Жанубий Африка Республикасида туяқушчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи, дунёда етакчи (1945 йилда ташкил топган) “Klein Karoo International” компанияси фаолияти билан танишдим. Ушбу мамлакатда мазкур соҳа ривожланишининг асосий сабаблари наслчиликка катта эътибор қаратилганидир.  Бугунги кунда фақатгина пул топишни ўйлаб, соҳанинг келажаги ҳақида қайғурмасдан, одамлани қизиқтириш орқали уларнинг пулиши “шилиб”, 90-100 кунда жўжа келтириб бераман, деб Эрон давлатидан айланма йўллар орқали сифатсиз жўжалар келтириб беришмоқда. Интернет тармоқларида бир гуруҳ алданган кишиларнинг ҳам арзига гувоҳ бўлдик. Туяқушчиликни аслида ҳоббий сифатида бошлаганман. Кейинчалик унинг катта бизнес эканлигини пайқадим. Жанубий Африкада юзлаб километрлар масофага чўзилган туяқушчилик фермаларини кузатдим. У мамлакатда миллионлаб аҳоли шу соҳа билан банд. Туюқуш терисидан тайёрланган маҳсулотларнинг сифати ўта юқори. Африкада шундан тайёрланган оёқ кийимга 30 йил кафолат беришларини кузатдим.     “Одамларни албаб, 90-100 кунда жўжа келтириб берамиз, деб Эрондан сифатсиз жўжалар олиб келаётган тадбиркорланинг аслида на пули, на малакаси бор”. Мен ўзим Тошкентдаги ресторанларга туяқуш гўштини 100 минг сўмдан сотаман. Унинг териси, патини (уддабурон тадбиркорлар ваъда қилишаётганидек) сотолганим-ча йўқ. 10 та, 50 та билан иш битмайди. Бунинг учун камида 100 бош туяқуш боқилиши лозим. Ўзбекистонда шу соҳани ривожлантириш учун “Ўзбекистон туяқушчилари ассоциацияси”ни ташкил қилиш керак. Келгусида туяқуш маҳсулотларини экспорт қилиш ва “Rancho brothers” бренди остида терини қайта ишлаб, тайёр маҳсулот чиқаришни йўлга қўймоқчиман. 

Тадбир доирасида шунингек, журналистлар “Paradise garden”, “Учтут жавоҳир тошлари” масъулияти ччекланган жамиятлари, туман автомобиль йўлларидан фойдаланиш унитар корхонасининг асфальт ишлаб чиқариш заводи, “ATLANT” хусусий клиникаси ҳамда “Севинч” давлат хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини ҳам кўздан кечиришди.