Bosh sahifa Jamiyat Навбаҳордаги жами 41 та маҳалланинг 27 та раиси лавозимига номуносиблиги учун ишдан...

Навбаҳордаги жами 41 та маҳалланинг 27 та раиси лавозимига номуносиблиги учун ишдан бўшатилган

0

Бу ҳақда 25 фераль куни Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги эллик еттинчи сессиясида айтиб ўтилди. Туман ҳокими Лочин Облақулов бошқариб борган сессияда депутатлар, корхона ва ташкилот раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Сессия ишида жорий йилнинг май ойида бўлиб ўтадиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини таъминлаш, қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар  ҳамда бошқа бир қатор  масалалар муҳокама қилинди.

Дастлаб сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Д.Очиловнинг ахбороти тингланди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2019 йил 15 февралдаги “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан фуқаролар йиғинлари раисларининг ваколатли муддати жорий йилнинг май ойида тугаши муносабати билан туманида ҳам мавжуд 41 та фуқаролар йиғинларига раислар (оқсоқоллар) сайланади. Жорий йилги сайловларда энг муносибларни сайлашга жиддий эътибор қаратилиши лозимлиги алоҳида айтиб ўтилди.

Шунингдек, жойларда қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан судлар раисларининг ахбороти тингланди.

Сессия ишида аҳолига табиий ва суюлтирилган газ, тоза ичимлик суви ва электор энергияси билан таъминлаш борасидаги ишларга эътибор қаратилиб, ушбу ресусрслардан оқилона ва самарали фойдаланиш, уларни исроф қилмаслик юзасидан маҳалла фуқаролар йиғинилари иштирокида тарғибот ва ташвиқот ишларини кучайтириш кераклиги таъкидланди. Шунингдек, депутатларга соҳага оид қарорларни назорат қилиб бориш ва бунда бевосита кенг жамоатчилик назоратини кучайтириш вазифалари  топширилди.

Кун тартибида кўриб чиқилган масалалар буйича тегишли қарорлар қабул қилинди.