Bosh sahifa Jamiyat Навбаҳорлик фермер пахтани томчилатиб суғоришни йўлга қўйди

Навбаҳорлик фермер пахтани томчилатиб суғоришни йўлга қўйди

0

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари вилоятимизда бўлиб, Қизилтепа, Кармана, Хатирчи ва Навбаҳор туманларида қишлоқ хўжалигида самарали иш олиб бораётган миришкор деҳқонлар, фермерлар ҳамда томорқа ер эгалари фаолияти билан яқиндан танишишди.

Ушбу жараёнда ҳар бир тумандан 5 нафардан катта тажрибага эга сувчиларга уй-рўзғор буюмлари топширилиб, шу билан бирга, аҳоли томорқалари ва деҳқон хўжаликлари ерларидан янада самарали фойдаланиш, сувни тежаш масалалари ўрганилди.

– Бугунги жадал тараққиётнинг асосий омили замонавий технология ва инновациялар саналади, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ф. Қувватов. – Шу боис, мазкур масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жойларда ўтказилаётган учрашувларда фермерларни янги-янги лойиҳалар устида ишлашга жалб этяпмиз. Илғор технологиялардан фойдаланиш ҳозирги даврда самарадорлик ва истиқболни таъминлайди.

Шуни алоҳида айтиш керакки, Навбаҳор туманидаги “New agro system” фермер хўжалиги республикамизда биринчилардан бўлиб пахтани томчилаб  суғоришни йўлга қўйди. Яқинда хўжаликка Исроил давлатидан зурур технологиялар келтирилиб ўрнатилди. Ҳозирда мазкур ускуналар 10 гектар ерни 400 минг литр сув билан суғориш имконини бермоқда.

Айнан ушбу хўжаликда депутатлар билан учрашув ўтказилиб, унда туман ҳокимлиги вакиллари қатнашди. Анжуманда мазкур хўжалик раҳбари Отабек Мансуровнинг фаолияти юқори баҳоланиб, унга Қонунчилик палатаси Спикерининг ташаккурномаси  ва эсдалик совғалар топширилди.

– Томчилаб суғориш қишлоқ хўжалигида сув ресурсларини тежашда муҳим ҳисобланади, – дейди фермер О. Мансуров. – Шунингдек, бу ишчи кучи тежалишини ҳам таъминлайди, айниқса, пахтачиликда яхши самара беради. Соҳада кластер тизимининг яратилгани кенг  имкониятларни туғдирмоқда. Биз ҳам қўшма корхона шаклидаги “Навбаҳор текстиль” масъулияти чеклангани жамияти билан тузган шартномамиз асосида, ушбу корхонанинг 20 минг АҚШ долларлик маблағи эвазига четдан технология олиб келдик. Бу орқали ғўзалар ўз вақтида бир хил меъёр асосида суғорилмоқда. Эгатларда намлик меъёрининг етарлича сақланиши пахтанинг баравж ривожланишини таъминлаяпти. Ўтган йили гектаридан 45 центнердан ҳосил олган бўлсак, жорий йилда 60 центнерга етказишни мўлжаллаганмиз. Насиб этса, инновацион усул орқали бунга эришамиз.

Учрашув давомида “New agro system” тажрибасини бошқа ҳудудларга тарғиб этиш, пахтачиликда томчилаб суғоришдан кенг фойдаланиш масалалари ҳақида ҳам сўз юритилди.