Bosh sahifa Jamiyat Навоий «Avtotest» ўқув марказида бугунга қадар 10 минг нафар ҳайдовчи малака оширди

Навоий «Avtotest» ўқув марказида бугунга қадар 10 минг нафар ҳайдовчи малака оширди

0

Бугунги кунда дунё автомобиль йўлларида содир бўлаётган транспорт ҳодисаларининг 70 фоизи инсон омили, 20 фоизи қониқарсиз йўл шароитлари ҳамда 10 фоизи автомобилнинг техник носозлиги оқибатида юзага келмоқда. Бундан кўриниб турибдики, ҳодисаларнинг асосийси ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларига амал қилинмаслиги туфайли келиб чиқаётир.  Шу боис, ҳозирда жаҳон мамлакатларида ҳайдовчилар малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Сўнгги йилларда республи­ка­мизда ҳам бу борада қатор комплекс чора-тадбирлар амал­га оширилди. Жумладан, Ўзбе­кистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 февралдаги «Автомо­тотранс­порт воситалари ҳай­довчила­рини тайёрлаш, қайта тайёр­лаш ва уларнинг малака­сини ошириш тизимини тако­мил­лаш­тириш чора-тадбирла­ри тўғрисида»ги қарори иж­ро­си юзасидан фаолият бош­лаган  Навоий «Avtotest» ўқув мар­ка­зида юридик шахс­лар­га тегиш­ли автотранспорт воси­та­ла­ри­ни бошқараётган шахслар қис­қа муддатли ижара ва лизинг асосида бош­қараётган якка тартибдаги тад­биркорлар ва бошқа жисмоний шахслар­дан ташқари — икки йилда бир марта, автотранс­порт воситала­рини бошқариш ҳуқуқидан маҳ­рум этилган шахс­лар — маъму­рий жазо муддати ниҳоясига етгач ва ҳайдовчилик гувоҳно­ма­сини олиш учун наза­рий ҳамда амалий имтиҳонлар топширгунигача ўз малакалари­ни ошириши йўлга қўйилди.

— Марказимизда ҳайдов­чи­ларнинг тажрибаси ва кўник­масини оширишга қаратилган мультимедиа дарслари тинг­лов­чиларда катта қизиқиш уйғот­моқда, — дейди  Навоий «Avtotest» ўқув маркази ди­ректори Ў. Ҳамроев. — Улар машғулотларда замона­вий ўқув-услубий қўлланмалар­дан фой­даланган ҳолда ўз кас­бий билимларини мустаҳкам­ла­ша­ди, автоҳалокат жараёнла­ри акс этган видеолавҳаларни томоша қилиб, бундай ҳолат­ларнинг сабаб ва оқибатлари­ни таҳлил этишади, маҳоратли педагогларнинг маърузалари­ни тинглашади. Ҳафта охирида эса тест синовларини топши­риб, сертификатга эга бўлиша­ди. Вилоятнинг Томди, Учқудуқ ва Зарафшон ҳудудлари учун ҳам кўчма машғулотлар ўтка­зиляпти.

Марказда 14 нафар тажриба­ли ўқитувчилар замонавий ўқув услублари, халқаро тажриба­лар, илғор таълим стандартла­ри ёрдамида вилоятимизнинг турли шаҳар ва туманларидан келаётган ҳайдовчилар учун дарс машғулотларини олиб боришяпти.

— Йил бошидан бугунга қадар марказимизда 10 минг нафар тингловчи ўқиб, сертификат олди, — дейди ўқитувчи Ж. Жўраев. —  Аудиторияларимиз замонавий мебеллар, компью­тер техникаси воситалари ва муҳим кўргазмали воситалар би­лан жиҳозланган. Ҳар бир сменада 120 нафардан тинг­ловчи машғулотларда иштирок этади. Бир ҳафтада 600 нафар тинг­ловчи малака ошириб, серти­фикатга эга бўлмоқда.

—  Навоий давлат педагогика институтида 3 йилдан буён ҳайдовчилик қиламан, — дейди марказ тингловчиси Ф. Қа­лан­даров. — Бир ҳафта даво­мида шу ерда билимлари­мизни бойитяпмиз. Иннова­цион ўқув машғулотлари ме­нинг автомобиль бошқаришга бўлган муносабатимни тубдан ўзгартириб, ҳайдовчи сифати­даги ҳуқуқ ва масъулия­тни тўғри англашимга ёр­дам бермоқда.

Дарҳақиқат, мутахассис­лар­нинг таъкидлашича, ҳозирги вақтда аксарият ҳолларда юри­дик шахсларга тегишли транс­порт воситаларини бошқараёт­ган ҳайдовчилар йўл-транспорт ҳодисаларининг асосий ишти­рокчисига айланишмоқда.

— Ўтган 2017 йил давомида Навоий шаҳри йўлларида 47 та автоҳалокат рўй берган, — дей­ди Навоий шаҳар ИИБ  ЙҲХБ йўл назорати инспектори, катта сержант О. Ўсаров. — Уларнинг 5 таси ўлим билан тугаган. Қолган ҳолларда ҳам жабрланувчилар турли даража­даги тан жароҳатларини олиш­ган, фуқаролар ногиронлигига олиб келган. Вилоятимизда Навоий «Avtotest» ўқув маркази­нинг фаолият бошлагани ҳай­довчиларнинг йўл ҳаракати қои­даларига риоя этиш бўйича жавобгарлигини ошириш, ҳай­довчилик маданиятини юксал­тириш, автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш жараёнида ҳуқуқбузарликлар­нинг олдини олиш ва йўл қои­да­ларига риоя этиш интизоми­ни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Демак, узоғимизни яқин қи­лувчи ҳайдовчилар зиммаси­га ҳар доимгидек инсон ҳаёти би­лан боғлиқ улкан масъулият юкла­нади. Бунда эса уларнинг малакасини оширишда, иш олиб бораётган ўқув марказ­ларининг фаолияти эътирофга лойиқ.