Bosh sahifa Yangiliklar “Навоий” ЭИЗдаги “Green line profile” қўшма корхонасида 2021 йилга бориб минг нафар...

“Навоий” ЭИЗдаги “Green line profile” қўшма корхонасида 2021 йилга бориб минг нафар ходим ишлайди

0

“Навоий” эркин иқтисодий зонасида фаолият юритаётган “Green line profile” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон-Буюк Британия қўшма корхонасида инновацион технологиялар асосида алюмин профиллар ишлаб чиқарилмоқда.

Лойиҳа қиймати 37,4 миллион АҚШ доллар бўлган мазкур субъектни ташкил этиш ишлари икки йил аввал бошланган эди. Ўтган даврда корхона учун зарур бинолар барпо этилиб, Италия, Германия, Россия ва Швейцария давлатларидан керакли ускуналар келтириб ўрнатилди.

Ҳозирда 200 нафар мутахассис иш олиб бораётган корхона тўлиқ қувватда ишга тушса 2021 йилга қадар қўшимча яна 800 та иш ўрни яратилади. Қурилиш, самолётсозлик, кемасозлик, машинасозлик каби соҳаларга тайёр маҳсулот етказиб берадиган субъект йилига 35 минг тонна алюминни қайта ишлаш қувватига эга.

Бугунги кунда “Benkam” бренди остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга талаб катта. Сабаби корхонада маҳсулот сифатига катта эътибор қаратилади. Тўлиқ қувватда иш бошлаши билан алюмин профиллар ишлаб чиқаришда Марказий Осиёда етакчи субъектга айланиши кутилаётган корхона фаолияти нафақат вилоятимиз, балки  юртимиз иқтисодий тараққиётида ҳам муҳим саналади.