Bosh sahifa Jamiyat Навоий шаҳар электр тармоқлари корхонаси мурожаатларга нега ўз вақтида жавоб бермаяпти?

Навоий шаҳар электр тармоқлари корхонаси мурожаатларга нега ўз вақтида жавоб бермаяпти?

0

  Давлат хизматига эҳтиёж сезган одамларни кечаги кунга қадар алдадик, бир парча ҳужжатни деб овора қилдик, мабодо ҳожатини чиқарсак,  “қўлига кўз тикдик”. Бироқ, бугун замон ўзгарди. Фуқароларга айнан давлат хизматларини кўрсатадиган мутлақо янги тизим ишга тушди. Бутун мамлакат бўйича қоғозбозлик, бюрократия, коррупцияга чек қўйиш учун мазкур соҳа ҳатто аҳоли эшигигача бориб, сайёр хизматни йўлга қўйди. Аммо, “ўрганган кўнгил ўртанавераркан”.

Навоий шаҳрида фаолият олиб борадиган “Ишонч Гилам” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона тадбиркорлари томонидан Давлат хизматлари Агентлигининг Навоий вилояти бошқармасига шикоят хати тушди. Маълум бўлишича, мутасаддилар  корхонанинг электр энергиясини ҳисобга олиш ускунасини ечиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматини олиш учун Навоий шаҳар ДХМга мурожаат қилган. Марказ мутахасислари мурожаатни электрон тизим орқали Мажбурий ижро бюроси Навоий шаҳар бўлимига юборган. Мазкур мурожаат бўлим томонидан шу куннинг ўзида Навоий шаҳар Электр таъминоти корхонасига етказилган. Аммо, негадир мурожаатга 128 иш кунида жавоб қайтарилган.

Хўш, нима деб уйлайсиз. Худди шу ҳолатда мурожаатчи кимдан норози бўлиши мумкин. Албатта, мурожаат ташлаган ташкилотидан, яъни Давлат хизматлари марказидан. Аслида эса хизматни ўз вақтида амалга оширмаган идора айдбор. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, мазкур ҳуқуқбузарликни Навоий шаҳар Электр таъминоти корхонаси масъул ходими содир этган. Таъминотчи корхона ходими айнан шу хизмат тури бўйича ҳисоблагичларни ечиш, қиёслашдан ўтказиш, ўрнатишни 9 иш кунида амалга ошириши лозим эди. Бироқ, Навоий шаҳар электр таъминоти корхонаси ходими Таваккал Қодиралиев (исми ўзгартирилган) учун 4 ой муддат нега керак бўлган бу ҳеч кимга маълум эмас.

Худди шу ходимнинг кейинги каромати туфайли Навоий шаҳрида фаолият юритаётган “Навоий Омад Савдо” МЧЖ ҳам азият чекди. Жамият раҳбари Бозор Мавлоновнинг шикоят хати изидан бошқарма ходимлари текширув ўтказдилар. Бу галги ҳуқуқбузарлик бироз антиқароқ. Тўғрироғи, электрон тизим орқали электр энергияси ҳисоблагичлари “ечилган” деб ташланган хабар жойида бориб текширилганида ҳисоблагич ечилмаганлиги аниқланди. Инсон омили аралашган  жойда электрон тизим ҳам бекор экан, деб уйлаб қоласан киши. Аммо, ваколатли идора вакиллари Давлат хизматлари тизимини алдагани билан фуқароларни аврай олмайдилар. Чунки, иши битмаган мурожаатчи барибир яна Давлат хизматлари марказига келади.

Мазкур ҳолат юзасидан тўпланган хужжатлар ҳамда ҳуқуқбузарнинг Давлат хизматлари агентлиги Навоий вилоят бошқармаси бошлиғи номига берган тушунтириш хатида ҳам ўз тасдиғини топди. Юқоридаги ҳолатларда Таваккал Қодиралиев юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартиби ва муддатларини бузиб, бу билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 215-5-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик ҳолатини содир этган. Мазкур ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгар ходимга нисбатан маъмурий жарима қўлланилди.

Адҳам Ярқулов, ДХА Навоий вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи