Bosh sahifa Jamiyat Навоий шаҳри ва Хатирчида 5 нафар фуқаро ис газидан вафот этди

Навоий шаҳри ва Хатирчида 5 нафар фуқаро ис газидан вафот этди

0

2019 йилнинг илк ҳафталарида Навоий вилоятида бир эмас, иккита ёнғин ва ис гази билан боғлиқ фавқулодда ҳосида содир бўлди. Жумладан, Навоий шаҳри, “Меъморлар” маҳалла фуқаролар йиғини, Маҳмуд Таробий кўчасидадаги 111-“Б” кўп қаватли уйда “Алфа” русумли электр иситиш печи ёниқ ҳолатда назоратсиз қолдирилиши оқибатида ёнғин келиб чиқди ва тутун, яъни ис гази ҳосил бўлишидан хонадоннинг 3 нафар аъзоси вафот этди, 2 киши оғир аҳволда шифохонага ётқизилди.

Хатирчи туманининг “Гулистон” маҳалласидаги “Шейхлар” массивида жойлашган уйда “Эрон” печини резина қувур орқали газ тармоғига улаб, дудбўрон ўрнатмасдан фойдаланиш оқибатида фавқулодда ҳодиса рўй берди ва натижада 2 нафар фуқаро ҳаётдан кўз юмди, бир киши оғир аҳволда касалхонага келтирилди.

Дарҳақиқат, кўмир, ёғоч ва бошқаларнинг тўлиқ ёнмаслиги натижасида пайдо бўладиган ис гази инсон ҳаёти учун қанчалик хавфли эканлигини ана шундай фожеалар мисолида кўриб турибмиз. Ис гази ҳидсиз ва рангсиз бўлиб, хона ҳавосига 0,1 фоиз аралашгандаёқ инсон организми учун жуда хавф туғдиришини назарда тутсак, “осойишта қотил” таърифи унга жуда мос келади.

Ис гази хона бўйлаб тарқалган тақдирда ушбу жойда бўлган инсон  2-3 марта нафас олиши билан ҳушдан кетади, нафас олиш аъзоларининг бузилиши юзага келади. У бундай жойда 3 дақиқа ичида ҳаётдан кўз юмиши мумкин.

Маълумотларга кўра, 2018 йил 28-29 декабрь кунлари республикамизда ис газидан захарланиш билан боғлиқ 3 та фавқулодда вазият содир бўлгани натижасида 10 киши ҳаётдан кўз юмган. Ачинарлиси, ҳалок бўлганларнинг 7 нафари вояга етмаганлардир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Аҳоли хонадонларида иситиш тизими ва ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори билан жойларда ташкил этилган ҳудудий идоралараро ишчи гуруҳлар томонидан профилактика чора-тадбирлари олиб борилишига қарамасдан юқоридаги каби нохуш ҳолатлар кузатилиши давом этмоқда.

Хўш, бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун нима қилиш керак?

Фалокат оёқ остида ва ундан сақланиш ўз қўлимизда. Энг аввало, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига писандсиз қарамаслигимиз лозим. Унутманг, қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланиш, ювилган кийимларни газ плиталари устида қуритиш, электр ёритгичларни узлуксиз ишлатиб, уларни ўчирмаслик ана шундай аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин. Газ ёниб турган хонада ҳаво камаяди.Шу боис ошхонадаги шамоллатиш воситаларини беркитиб қўйманг, хонани тез-тез шамоллатиб туринг. Ёш болаларни газ плитасига яқинлаштирманг, уларнинг ошхонада ўйнашига рухсат берманг. Кечаси ёки уйдан кетиш олдидан газ жўмракларини беркитишни унутманг. Бирон жойдан газ чиқаётганига шубҳалансангиз, буни аниқлаш учун қувур устига совунли сув қўйинг. Пуфаклар пайдо бўлса, тахминингиз тўғри бўлади. Бундай пайтда асло гугурт чақиб текшириб кўрманг. Кучли газ чиқаётган бўлса ўзига хос хуштак-овоз ҳам чиқиши мумкин. Носоз электр дазмол, электр плита, электр чойнак ва бошқалардан фойдаланиш ҳавфлидир. Ишга яроқсиз розетка ва чироқлардан ҳам фойдаланманг.

Ўзингизнинг ва оила аъзоларингиз, жумладан умр мазмуни – фарзандларингиз ҳаёти сизнинг ҳушёрлигингиз ва эътиборингизга боғлиқ, бу борада асло лоқайд бўлманг!

Қ.АДИЗОВКармана тумани ЁХБ инспектори, сержант.

Ж. ЎКТАМОВ, ИИВ ЁХИ олий курси тингловчиси, капитан.