Bosh sahifa Jamiyat Навоий шаҳрида 78 ёшли онасига қўл кўтарган 50 ёшли кимсага ҳукм ўқилди

Навоий шаҳрида 78 ёшли онасига қўл кўтарган 50 ёшли кимсага ҳукм ўқилди

0

Турли ҳуқуқбузарликлар судлар томонидан корхона, муассаса, ташкилотларда сайёр тартибда кўриб чиқилмоқда. Шундай тадбирлардан бири Навоий шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига қарашли 6-милиция таянч пунктида бўлиб ўтди. Унда 60 га яқин маъмурий иш кўриб чиқилди.

Шаҳарда ҳу­қуқ­­бу­зарликлар про­фи­лак­тикаси бўйича амал­га оши­ри­лаётган кенг қамровли ишлар ай­рим маҳалла­лар­да юз бериши мумкин бўлган нохуш ҳолатларнинг олдини олиб, содир этил­ган ноқонуний хатти-ҳаракатларни ўз вақтида аниқ­лаш­­га хизмат қилаётир.

Бироқ арзимас баҳона сабаб ёки ичкилик оқи­батида жанжал чиқариб, қўни-қўшниси, яқин­лари, таниш-билишларига қасддан ши­каст етка­заёт­ган ва жиноятчи де­ган ном орттираётганлар ҳам бор. Улар орасида онанинг хиз­матини қи­либ, дуосини олиш ўрнига унга қўл кўтариб, кўнг­­лини ранжи­таёт­ган ўғилларнинг учраётгани аянч­лидир.

Вилоят марказидаги маҳалла­ларнинг бирида истиқомат қила­ётган Жасур Кенжаев (барча исм-фамилиялар ўзгартирилган) спирт­­­ли ичимлик ис­теъмол қи­либ, 78 ёшли онаси — Назокат мо­­мо­ни ярим тунда «уйни менинг номимга ўтказиб берасан» деб, ошхонадаги идиш-товоқлар би­лан дуч келган жойига уриб, ҳаёти учун хавфли тан жароҳати етка­з­ган. Жасур яқинда бировнинг бую­ми­ни ўғир­лагани учун суд­нинг қора курсида ўтириб чиқ­қанди. Ўшанда унга имконият берилиб, оилавий шароити ва соғлиги инобатга оли­­­ниб, озод­ликни чеклаш билан боғлиқ жазо тайин­ланган эди. Афсус, у бундан тўғри хулоса чи­қармай яна қо­нунга хилоф иш қил­ди… Ёши эл­ликни қоралаб қол­ган бу фуқа­ронинг қилмиши ҳа­қи­да эшитган киши «Эсиз умр», дея ачинган бўл­­са, бошқаси «Шу­нақаси ҳам бў­лар эканми-а?» дея тааж­жуб­ланди.

Сайёр судда Навоий шаҳрида истиқомат қи­лаётган Зайфиддин Қулиев­нинг қилмиши ҳам кўриб чи­қилди.

Зайфиддиннинг оиласи бир қа­рашда ҳавас қил­гулик эди. У Мо­ҳичеҳра билан салкам 8 йил бир­га яшаб, уй қилди, рўзғор бут­лади, икки на­фар фарзандли бўл­ди. Кейинги йилларда Зай­фид­дин хотини билан ку­нора ай­тишиб қо­ладиган одат чиқарди. Юзи­­га тушган муштдан Мо­ҳи­чеҳранинг лаби йир­­тилди, теп­ки­дан оёғи қаттиқ лат еди. Бу ҳо­лат тез-тез такрорлана­верди.

Донишмандлар айтганидек, асл мард жаҳл чиққанда ўзини енгга ол­ган кишидир. З. Қулиев на­фа­қат жазоланиши, балки дарз кет­ган оилани тиклаши, аёлини да­волатиши каби ташвишлар гир­до­бида ҳам эди. Жаҳлини енг­га­нида унга бу ташвишлар, ал­бат­та, бегона бўларди.

Судгача бўлган жараёнда Зай­фиддин қил­мишидан қаттиқ пу­шаймон бўлиб, унинг оқи­бат­лари­ни аллақачон англаб етганди. Шу боис у турмуш ўртоғи билан яра­шишга, судда ярашув аҳди ту­зи­лишига эришишга астойдил ҳа­ра­кат қилди.

Мажлисда судланувчи ва жабр­ланувчи ўз аризаларида яраш­ганликлари муно­са­бати билан жи­ноят ишини туга­тиш­ни сў­ра­ди. Судья ишни ту­га­тишни лозим топ­ди. Шу та­риқа бир оила жар ёқа­сидан қайтди. Но­ра­си­далар тирик етим бўли­ши­нинг олди олинди.

Шунингдек, сайёр судда йўл ҳа­ракати қоида­ларига амал қилма­ган ҳайдовчилар, шартнома туз­май хонадонини ижарага берган фуқаролар ҳамда бир-бирини ҳа­қоратлаган қариндошлар­нинг иш­лари ҳам муҳокама қилинди ҳам­да айбланувчиларга қил­миш­ларига яраша жазо тайинланди. Жами 29 нафар шахсга нис­батан жарима жа­зо­си қўлла­нилиб, 30 нафар фуқарога  огоҳ­лантириш бе­рилди. 2 нафар суд­ланувчи маъ­­му­рий қамоққа олинди.

Бундай сайёр судлар вилоя­ти­мизнинг барча туман ва шаҳар­ларида ўтказилаётир. Уларда айб­дорга фақат жазони белгилаш эмас, балки со­дир этилган жи­ноят­нинг келиб чиқиш сабаб ва омил­­лари­ни таҳлил қилиш, фу­қаролар ўр­тасида ҳуқуқий тарғи­бот­ни кучай­тириш, жиноят, ҳуқуқ­бузарлик­ларнинг олдини олишда давлат ва таш­килотлар билан кенг жа­моат­чилик ҳамкорли­ги­ни янада мустаҳкамлаш асосий мақсад экани таъкидланмоқда.

Хуршида НАРЗИЕВА