Bosh sahifa Jamiyat Навоий шаҳрида фарзандини 250 АҚШ долларига сотмоқчи бўлган аёл тақдири: у нега...

Навоий шаҳрида фарзандини 250 АҚШ долларига сотмоқчи бўлган аёл тақдири: у нега бундай қилди?

0
foto: zamin.uz

Одам савдоси деганда кўпчилик фуқароларимиз кимнингдир чет давлатда мажбурий меҳнат ёки бошқа мақсадлар билан сотиб юборилишини тушунишади. Аммо айрим манфур кимсалар томонидан мамлакатимизнинг ўзида ҳам одам савдосининг турли кўринишлари содир этилаяптики, уларни эшитганда ҳайратдан ёқа ушлайсиз.

Жорий йилнинг 5 февраль куни жиноят ишлари бўйича Кармана туман судида шундай ишлардан бири кўриб чиқилди.

Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидан бўлган Лайло (мақоладаги барча исм-фамилялар ўзгартирилган) ҳали ёш бўлишига қарамай ҳаётнинг турли кўчаларидан юриб кўрди: 2010 йилда турмушга чиқди, 2011 йилда қизи дунёга келди, енгилтабиатлиги сабабли 2014 йилда турмуш ўртоғидан ажрашди, қилиқлари туфайли ота уйига ҳам сиғмади ва кўчада қолди.

У шу даражага етиб бордики, пул учун ҳамма нарсага тайёр эди: отаси тенгги эркаклар билан ярим тунда энг ифлос ва шармандали, жирканч кўчаларда юрар, ўзининг бу ишларидан заррача ҳам ор-номус қилмас, келажагини ўйламас, ҳатто унда келажакнинг ўзи қолмаганди…

Шундай кунларнинг бирида унда Россияга кетиш фикри туғилиб қолди. “Яхшигина пул ишлаб келардим, ҳамма бориб-келиб юрибди-ку!”, деган хаёл ҳеч тинч қўймасди. Аммо 6 ёшга тўлиб қолган қизини нима қилишни билмасди.

— Қизимни кимга ташлаб кетсам экан?, — дугонасига Шоҳистага кўнглини ёрди у бир куни.

— Бир танишим бор, сени ўшанга учраштириб қўяман, балки ёрдами тегиб қолар, — деди Шоҳиста унга ёрдамлашган бўлиб.

Икковлашиб Замира опанинг олдига боришди.

— Опа, мен Россияга кетмасам бўлмайди. Бироқ қизимни нима қилишни билмаяпман, — Лайло салом-аликдан сўнг дарҳол йиғламсираб мақсадга ўтди. — Шунга ёрдам берсангиз…

— Тоҳир исмли бир йигит бор, бир неча йилдан бери фарзанд кўролмай юрибди. Бола асраб оламан деганди. Шунга айтиб кўраман, — деди Замира опа узоқ ўйлаб олгач.

Лайло иши ҳал бўлганидан хурсанд бўлиб кетди.

Орадан бир неча кун ўтгач Замира опаникида Тоҳир билан учрашдилар. Тоҳир қизалоқни кўриб, уни асраб олишга рози бўлди.

— Қанча сўрайсиз қизингиз учун?, — деди у Лайлога қараб.

— 250 АҚШ доллари керак билет олишим учун, — Лайло чўзиб ўтирмасдан кўнглидагини шартта айтди-қўйди.

— Келишдик, — Тоҳир ҳам бунга рози бўлди.

Шу тариқа одам савдоси жиноятининг “савдолашиш” қисми амалга оширилди. Келишувга кўра Лайло қизини Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройи олдига олиб келиши керак эди. У эски таниши, киракашлик қиладиган, ўзидан 35 ёш катта бўлган “тўшакдоши” Самандардан олиб бориб қўйишни сўради.

Лайлога қараб совуқ иршайган эркак бузуқ ўй-хаёллар билан рози бўлди. Йўлда Лайло унга қизини “билет пули”га ташлаб кетаётганлигини айтди.

— Тентак экансан, — деди Самандар машина кўзгусидан орқа ўриндиқда ўтирган Лайлога қараб, — атиги битта билет пулигами? Ундан кўра уй олдирсанг бўлмайдими?!

— Йўқ, кераги йўқ, — Лайло индамай қўяқолди.

Гарчи бу гапларни эшитиб кетаётган бўлса ҳам онасининг ёнида ўтирган қизалоқ суҳбат жараёнида унинг тақдири ҳал этилаётганлигини билмас, билишга ақл-идроки ҳали етмас эди.

Хуллас, келишилган жойга етиб келганида Самандар яна шипшитиб қўйди:

— Кўпроқ сўра! Беришади барибир!

Лайло қизининг қўлидан етаклаб боғ ичига кирди. Киракаш эркак унга эргашди.

— Мана, қизни олиб келдим, — деди у кутиб турган аёлга. Аёл унга 2100000 сўм пул узатди.

— Бунинг шароити оғир, яна 250 АҚШ доллари берасанлар, — деди орқадан етиб келиб вазиятга аралашган Самандар.

Бироқ шу пайт улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан қўлга олинди.

Шу тариқа она ўз фарзандини пулламоқчи бўлди.

Суд ишида Лайлога Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан 6 йил, Самандарга эса 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Нодир РАЖАБОВ, жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди раиси.

Мурод РЎЗИЕВ, Кармана туман ИИБ ходими, лейтенант.