Bosh sahifa Jamiyat Наврўз сайлига ташриф буюрган 20 минг меҳмон 15 та дошқозонда тайёрланган миллий...

Наврўз сайлига ташриф буюрган 20 минг меҳмон 15 та дошқозонда тайёрланган миллий тамолардан баҳраманд бўлди

0
"Тўйкураш" баҳслари кўпчиликнинг эътиборини тортди

19 март куни Алишер Навоий номидаги вилоят марказий маданият ва истироҳат боғи пойтахтимиздан ташриф буюрган меҳмонлар, шаҳар-туманлардан келган вилоятдошларимиз билан тўлди. Эрта тонгдан карнай-сурнай садолари барчани сайилга чорлаб, байрам иштирокчилари миллий ҳунармандчилик намуналари кўргазмаси, сумалак, кўк сомса, чучвара, ҳалим, гўжа каби миллий таомлар намойишидан баҳраманд бўлишди.

“Ёшлик” кўли атрофида қуш мисол самода учаётган варраклар беллашуви болажонлар учун қувончли кечди. Уларнинг “Оқ теракми, кўк терак”, “Беш тош” ўйинлари байрамга ажиб бир тароват, кўтаринки руҳ бағишлади. Келинчакларнинг “Келин салом”и байрамга жозиба киритди. Лапарлар, қўшиқлар, халқ термалари, фольклор жамоаларининг куй-қўшиқлари барчага яхши кайфият улашди. Шунингдек, “тўй кураши” баҳслари ҳам томошабинлар олқишига сазовор бўлди.

4 километрлик кўргазма диққатга сазовор бўлди

Тадбирда дошқозонларда ош, ҳалиса, сумалак каби миллий таомлар тайёрланиб уруш фахрийлари, ногиронлар, меҳрибонлик уйлари ва эҳтиёжманд оилаларга тарқатилди.

“Фарҳод” маданият саройи боғида ҳам “Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!” шиори остида байрам шодиёналари бўлиб ўтди. Унда Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли корхона ва ташкилот ходимлари ҳамда шаҳримиз аҳолиси иштирок этди.

Бу ерга келганлар бетакрор кўргазма, ҳавода муаллақ турувчи дарвеш ва Хўжа Насриддин образига гувоҳ бўлди.

Тантаналарда баҳор, Наврўз мавзуларида ҳамда юрт мадҳини тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради. Таниқли сўз усталарининг ҳазил-мутойибалари барчага баҳорий кўтаринкилик улашди.