Bosh sahifa Yangiliklar НАВОИЙ ШАҲРИДА Wi-Fi ЗОНАЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ

НАВОИЙ ШАҲРИДА Wi-Fi ЗОНАЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ

0

Ҳоҳ катта шаҳарларда, хоҳ бирор корхона ва ташкилотларда бўлсин Wi-Fi тармоғининг ишга туширилиши интернет фойдаланувчилари учун янги имконият ва қулайликларни яратиши шубҳасиз. Навоий шаҳридаги “Сенсорика” масъулияти чекланган жамияти томонидан яқин ойлар ичида амалга оширилиши режалаштирилаётган замонавий инновацион лойиҳа мазмун-моҳияти ҳам ана шу мақсадга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 2019 йилда ўтказилган “Ўзини ўзи қоплаш асосида лойиҳалаш бўйича грант танлови”да “Сенсорика” МЧЖ жамоаси ўзининг янги лойиҳаси билан иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритди.

  — Танловда республикамизнинг турли ҳудудларидан 186 та компаниялар ўз лойиҳалари билан иштирок этди ва фақат уларнинг 15 таси ғолиб бўлди, – дейди жамият раҳбари Норбек Арзиев. – Ғолиблар орасида биз ҳам борлигимиздан хурсандмиз. Унда ўзимизнинг “Навоий вилоятида Wi-Fi зоналарини ташкил этиш” номли безнес лойиҳамиз билан иштирок этдик ва танловнинг грант маблағини ютиб олдик. Энди ажратилган ушбу маблағ ҳисобига Навоий шаҳридаги барча гавжум жойларда, туризм салоҳияти ривожланган ҳудудларда, бозорлар ва савдо нуқталари ҳамда бошқа жойларда 500 дан зиёд бепул Wi-Fi зоналарини ташкил этамиз. Ҳозирги кунда лойиҳанинг асосий инфратузилмаси тайёрланмоқда. 2020 йилнинг бошидан уни амалга оширишга киришамиз. Лойиҳадан кўзланган асосий мақсадимиз Навоий  шаҳрида замонавий интернет тармоғини ривожлантиришга эришиш, хавфсиз интернет тармоғига уланиш ва ёшларни ҳам шунга кенг жалб этишдан иборат. 

Лойиҳани амалга ошириш жараёнида Wi-Fi қурилмалари оптик толали линиялар орқали уланиши ва келгусида бу тармоқ кечаю-кундуз барча фойдаланувчилар учун бепул хизмат кўрсатиши кўзда тутилмоқда.       

Ҳа, бугунги кунда замонавий IT технологиялари кун сайин ҳаётимизга кенгроқ кириб бормоқда. Wi-Fi тармоқларини бошқаришнинг миллий инновацион тизими кўринишидаги ушбу лойиҳа ҳам амалга оширилиши билан ҳамшаҳарларимиз ва шаҳримиз меҳмонлари учун интернет оламига боғланишдаги яна бир қулайлик ва имкониятлар яратилиши шубҳасиз. 

Раъно РАББИМОВА,  журналист