Bosh sahifa Yangiliklar Навоий шаҳрида япон файласуфи Дайсаку Икеданинг фотокўргазмаси намойиш этилмоқда

Навоий шаҳрида япон файласуфи Дайсаку Икеданинг фотокўргазмаси намойиш этилмоқда

0

Навоий шаҳридаги Санъат галереясида Япония халқининг етук олими, жамоат арбоби, файласуф ва фоторассом, Навоий шаҳрининг фахрий фуқароси Дайсаку Икеданинг “Табиат билан суҳбат” номли фотокўргазмаси очилди.

Кўргазманинг тантанали очилиш маросимида вилоят ва шаҳар ҳокимлиги масъуллари, таниқли ижодкорлар, рассомлар, таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда ёшлар иштирок этди.

Унда Дайсаку Икеданинг ўғли,  “Сока Гаккай Интернэшнл” Халқаро Ассоциацияси вице президенти Кензи Ёсиго ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ислом Каримов илмий-меъмориал мажмуаси директорининг ўринбосари, академик Турсунали Қўзиев сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Япония давлатлари ўртасидаги маданий алоқаларнинг тобора ривожланиб бораётгани тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтдилар. Шунингдек, тадбирда Навоий шаҳар ҳокими Муҳиддин Базаров ҳам сўзга чиқиб, ўзбек ва япон маданияти бир бири билан муштарак эканлигини алоҳида эътироф этди.

– Ушбу кўргазма Ўзбекистон-Япония дипломатлик алоқаларининг 25 йиллигига ҳамда Навоий шаҳрининг 60 йиллик байрамига муносиб туҳфа бўлди, – деди шаҳар ҳокими М. Базаров ўз нутқида. – Унда намойиш этилаётган расмларда ажойиб табиат манзаралари, дунёнинг турли жойларидаги инсонлар ҳаёти, Япония шаҳрининг бетакрор кўринишлари ўзига хос тарзда ифода этилган. Фурсатдан фойдаланиб, биз навоийликлар ҳам бу йил 90 баҳорни қарши олган Дайсаку Икедага узоқ умр ва ижодий муваффақият тилаймиз.

Байрамона мусиқа садолари остида кўргазма очилиб, галерея залига томошабинлар ташриф буюришди. Улар кўргазмага қўйилган бир-биридан чиройли манзараларни, япон халқи табиати, ўсимликлари, ҳайвонот олами акс эттирилган фотосуратларни завқ билан томоша қилишди.

Фото: Навоий шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати
Фото: Навоий шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати

– Мен япон адабиётига, санъатига жуда қизиқаман, – дейди Навоий техника-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Дилдора Равшанова. – Бугун бу ерда машҳур фоторассом Дайсаку Икеданинг энг сара асарларини кўриб, завқ олаяпман. Менга, айниқса, “Гавай ороли”, “Фудзи тоғи”, “Япониядаги Сока университети”, “Ниагара шаршараси” каби суратлар жуда манзур бўлди. Уларга тикилиб қарасангиз, худди ўша бетакрор табиат кўз олдингизда жонлангандек бўлади ва ўзингизни ўша манзаралар олдида тургандек ҳис этасиз. Умуман, ижодкор расмларининг ҳар бири ўзига хос мўъжиза, ҳар бири бир олам гўзаллик.

Кўргазма залига келган яна бир ҳамшаҳримизни суҳбатга чорладик.

Фото: Навоий шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати
Фото: Навоий шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати

– Мен расм чизишга жуда қизиқаман, кўп расмлар чизганман, – дейди Навоий шаҳридаги 8-умумтаълим мактаби 8-синф ўқувчиси Шахзод Жумақулов. – Япон халқининг таниқли рассоми ижодини кузатиб, шу лаҳзадан менинг фоторассомликка ҳам қизиқишим ортди. Чунки бу расмларнинг ҳар бирида ҳаётий манзаралар тасвирланган. Уларда инсон билан табиат уйғунлиги мужассам.

Фотокўргазма ҳафта охирига қадар давом этиши режалаштирилган.

Навоий шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати.