Bosh sahifa E'tirof Навоий шаҳридаги иссиқхоналарнинг бирида қора помидор етиштирилмоқда

Навоий шаҳридаги иссиқхоналарнинг бирида қора помидор етиштирилмоқда

0

Иссиқхоначилик ўн йиллар аввал вилоятимиз кичик бизнес соҳасининг нисбатан кам иш олиб бориладиган йўналишларидан эди. Кейинчалик, “Навоий иссиқлик электр станцияси” акционерлик жамияти атрофидаги Кармана тумани ҳамда Навоий шаҳрига тегишли ҳудудлар шу йўналишда иш бошламоқчи бўлганларга ажратиб берилгач, мазкур соҳада бир қатор экспортчи корхоналар ҳам ташкил топа бошлади.

Ҳозирда ушбу ҳудудда 100 дан ортиқ субъектлар фаолият олиб бораётган бўлиб, уларда етиштирилаётган маҳсулотлар қиш ойларида ҳам дастурхонларимизни безамоқда, равон кўчаларимизни гулларга буркаяпти.

2009 йилдан буён ушбу ҳудда фаолият олиб бораётган  “Қурбонгул боғи” МЧЖ бир гектар майдонда иссиқхона ташкил этган. Корхона бугунги кунда 10 нафар ходим фаолият олиб боради. Йилига 50-60 тонна бодринг, 100 тоннагача помидор етиштирилмоқда.

Ортда қолаётган 2017 йил МЧЖ учун анча самарали кечди. Аввало, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш арафасида иссиқхонанинг иситиш тизими тубдан ўзгартирилди. Илгари  бу иссиқлик электр станциясидан етказилиб бериладиган иссиқ сув таъминоти орқали амалга оширилган бўлса, бугунги кунда Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган, замонавий, ёқилғитежамкор печлар келтириб ўрнатилди.

– Бундан ташқари, яқинда Туркия давлатидан 100 туп лимон келтирилди, – дейди биз билан суҳбатда корхона раҳбари Нигора РИЗАЕВА. – Лимончилик борасида ҳам бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, жорий йилда тажриба сифатида қора помидор парваришлашни йўлга қўйдик. Турли аллергик касалликларга даво бўлган бундай помидорлар аслида Туркияда етиштирилади. Бундай помидорларимиз баҳор ойларида ҳосилга кириши кутилмоқда.

Тиниб-тинчимас тадбиркор ўз олдига кириб келаётган янги 2018 йилда ҳам бир қатор вазфаларни белгилаб олган. Аввало, гул етиштиришни йўлга қўйиш, бундан ташқари мандарин дарахти ўстириш бормоқчи. Шунингдек, корхонага тегишли очиқ майдонда Сурхондарё вилоятидан келтирилган бир неча туп хандон писта ўсимлигини ўтқазилган. Вилоятимиз иқлимига нечоғли мослигига қараб, бу ўсимликни экишни ҳам кенгайтириш режалаштирилган.

Бугун юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар ҳар бир киши қалбида ғурур, ифтихор туйғусини уйғотмоқда. Бу эса юртимиз эртасининг янада порлоқ бўлишидан дарак беради. Туб ўзгаришлар, хусусан тадбикорларимизга ғайрат, шижоат бағишлаб, уларни янги режалар, янги лойиҳалар устида иш олиб боришга ундаяпти.

Кириб келаётган йилимиз барча учун муваффақиятлар, янги-янги ютуқлар олиб келишини тилаб қоламиз.