Bosh sahifa E'tirof Навоий шаҳридаги “Камилла” меҳмонхонаси раҳбари: “Тадбиркорлик фаолиятимни фотостудиядан бошлаганман”

Навоий шаҳридаги “Камилла” меҳмонхонаси раҳбари: “Тадбиркорлик фаолиятимни фотостудиядан бошлаганман”

0

Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар бугунги кунда янги босқичга кўтарилди.  Юртимиз тадбиркорлари ўз имкониятларини нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёга  намоён қилиш учун барча шарт-шароитлар яратилганлигига  гувоҳмиз.

Тадбиркорлик фаолиятимни  мустақилликнинг  дастлабки йилларида  маиший хизмат кўрсатиш уйида фотосуратхона мудири сифатида  бошлаганман.  Фотосуратга  олишда  янги ва мураккаб фототехнологиялардан фойдаланишга  эришдим, элга хизмат қилдим, тажриба орттирдим.   Навоийда компьютер технологиялари орқали     тарихий суратлар олиш,  довруқли корхоналар ҳаётини тарих саҳифаларига муҳрланишида ҳиссам борлигидан  мамнунман.

Кейинчалик республикамизда тадбиркорларга яратилаётган шарт-шароитлар, берилган имтиёзлар менга янги  қанот бўлди. Хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришга қарор қилдим.  Замонавий бетакрор   Навоий шаҳрида  юртимизга муносиб,  меҳмонларга манзур бўладиган сервис хизмати кўрсата оладиган меҳмонхона хизмати ташкил этиш истаги пайдо бўлди.    Навоий шаҳар ҳокимининг 2001 йил 21 мартдаги   қарори билан 2 қаватли, 3 та доимий иш ўрнига эга бўлган 25 ўринли мўъжазгина “Камилла” меҳмонхонаси барпо этилди.

Меҳмонхонамиз меҳмонлар учун жуда қулай жойда, шаҳар марказида жойлашган. Автовокзал ва Темир йўл вокзали жуда яқинлиги, хоналарнинг шинамлиги, ходимларнинг хушмуомалалиги, бу ерда тайёрланадиган  мазали  таомлар сабабли   меҳмонхонамиздан Туркия, Америка Қўшма Штатлари, Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон, Малайзия,   Швецария, Тайван, Покистон, Эрон каби  кўплаб хорижий давлатлар ҳамда бир қатор ҳамдўстлик мамлакатларидан  келадиган меҳмонларнинг кети узилмай қолди.

Кейинги икки йилда республакамизда туризм соҳасига жиддий эътибор қаратилиб, қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, меҳмонхона ва туризм соҳаси билан шуғулланувчи тадбиркорларга имтиёзлар берилгач,  банкнинг имтиёзли  2 миллиард сўмлик кредити асосида   меҳмонхонамиз  учун янги  замонавий бино қуриб  фойдаланишга топширилди.    5 қаватли бинода хоналар сони 80 тага етказилди,  меҳмонларни  қабул қилиш  қуввати 160 тани ташкил этмоқда. Бинода меҳмонлар учун жаҳон андозаларига жавоб берадиган барча хизматлар мавжуд.

Бугунги кунда меҳмонхонага ташриф буюрган меҳмонларни рессепшенда вилоятимиздаги олий ўқув юртларини, коллежларини тамомлаган ўзбек,  рус, инглиз тилларини мукаммал биладиган маҳаллий ёшлар доимо қўллари кўксида кутиб олишади.

Меҳмонхонанинг янги корпуси ишга тушиши муносабати билан қўшимча 15 та доимий янги иш ўринлари яратилиб, уларнинг 90 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил қилади. Ҳисобхона, кадрлар  ва  администраторлар ишини олий маълумотли малакали мутахассислар бажараётганлиги  ҳам     ҳамкорларимиз билан муносабатларимизни мустаҳкамламоқда.

Турли миллат вакилларидан иборат бўлган  жамоамизда  меҳнат қилаётган  ишчи ва хизматчилар  ҳам ҳар томонлама ижтимоий ҳимояланган.  Жумладан, корхона ҳисобидан  иш кийимлари билан таъминланган. Эрталабки нонушта, тушлик, иккинчи тушлик, туғилган кун учун байрам дастурхони, тиббий кўрикдан ўтиш тўловлари- буларнинг барчаси корхона ҳисобидан амалга оширилади. Бундан ташқари, ходимлар  учун оилавий тадбир ва тантаналар  учун  маъмурият томонидан белгиланган миқдорда моддий ёрдам кўрсатилиши ҳам йўлга қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги “Туристик фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 189-сонли қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг туризм соҳасида кадрлар малакасини ошириш, қайта тайёрлаш республика маркази томонидан ҳар йили 2-3 нафар администратор ва хизматчилар  малака ошириш курсларида ўқитилмоқда.

Меҳмонхонада тунаш ҳаражатларига   кирадиган нонушта дастурхонида 50-60 ассортиментдаги егуликлар, сут маҳсулотларидан тайёрланган  овқатлар,  экологик тоза мевалар ва улардан тайёрланган шарбатлар, шу ернинг ўзида тайёрланган қандолатчилик, пишириқ маҳсулотлари, ширинликлардан хоҳлаганингизча танаввул қилишингиз мумкин.

 Биринчи қаватда жойлашган маънавият бурчагида сиз республика  ҳамда  маҳаллий газета ва журналлар билан танишишингиз, Навоий вилоятининг тарихи, бугуни акс этувчи расмли безакли китоблар ҳамда бошқа бадиий асарлардан ўқиб  ҳордиқ чиқаришингиз мумкин.

Бинонинг ҳар бир қаватида кузатув камераси, WI-FI  хизмати ишлаб турибди, ҳар бир хонада  сизни кайфиятингизни кўтарувчи манзарали тасвирлар, катта экранли телевизор, ички телефон, музлатгич, совутгич, сиз хоҳлаган ҳароратдаги сувни  таъминлаб берувчи сув куллерлари, ишбилармонлар фойдаланиши учун замонавий компьютер жиҳозлари мавжудлиги Сизни  бу ерга  яна  чорлаб қолади. Хоналар қишда иссиқ, ёзда салқин.

Меҳмонхона “Е-Меҳмонхона” тизимига уланган бўлиб, ҳар бир ташриф буюрган шахслар ана шу дастурда қайд этиб борилади. Бундан ташқари, меҳмонхона ўзининг сайтига (Hotel-Kamilla.uz) ва электрон info@hotel-kamilla.uz манзилига эга. Меҳмонхона Facebook  ва Instagram ҳамда Telegram ижтимоий тармоқларига уланган.

Меҳмонхонадаги замонавий технологиялар билан жиҳозланган 100  ўринли  катта мажлислар залидан нафақат республикадаги, балки вилоятдаги ташкилот ва корхоналар  буюртмалар асосида семинар, конференция, брифинглар  ўтказиш учун  фойдаланишлари мумкин.

“Камилла”миз  ҳар йили Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ташкил этиладиган “Ипак йўлида туризм” халқаро туризм кўргазмасида иштирок этиб, махсус сертификатга сазовор бўлиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун  “Ташаббус-2019”  кўрик-танлови Навоий шаҳар босқичида  “Хизмат кўрсатиш соҳасидаги йилнинг энг яхши тадбиркори” йўналиши бўйича 1-ўринни  қўлга киритдик.

Бундан ташқари,  республика солиқ қўмитаси томонидан бир неча йиллардан буён “Намунали солиқ тўловчи” тадбиркорлик субъекти сифатида эътироф этилган корхонамиз  томонидан вилоятга хорижлик сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва ички туризмни ривожлантириш мақсадида   Қизилтепа туманидаги Тўдакўл сув ҳавзасининг жанубий қирғоғидан   14 гектар  ер ажратилиб, у ерда “Ал Азиз” экотуристик  мажмуасини барпо этиш учун барча лойиҳа ва смета ҳужжатлари тайёрланган.   Мустақиллигимизнинг 28 йиллигига тўёна сифатида ушбу экотуристик марказнинг биринчи босқичи қурилиш ишлари амалга оширилиши бўйича иш олиб борилмоқда. Бу  эса  яна қўшимча 20 та  янги иш ўрни демакдир. Режаларимиз кўп. Мақсадимиз меҳмонлар  хизматимиздан мамнун бўлса, Навоийни  илиқ таассуротлар, ёрқин хотиралар билан ёдга олса,  деймиз!

Навоийга келсангиз,  албатта меҳмонимиз бўлинг! Ташрифингиз бош устида!

Фарҳод ЭРНАЗАРОВ, Навоий шаҳридаги “Трайдинг  сервис”  хусусий  корхонаси раҳбари