Bosh sahifa Jamiyat Навоий шаҳридаги “Ҳосил” боғдорчилик-узумчилик ширкати ҳудудида яшовчи 10 минг нафар аҳоли муаммоси...

Навоий шаҳридаги “Ҳосил” боғдорчилик-узумчилик ширкати ҳудудида яшовчи 10 минг нафар аҳоли муаммоси қандай ечим топади?

0

“Ҳосил” боғдорчилик-узумчилик 1973 йил 8 июнда Навоий шаҳрида Навоий кон-металлургия комбинатининг муҳандис ва ишчи-ходимларига ўрмон ҳимоя зонасининг мевали боғ ҳудудидан 43,6 гектар ер ажратиш тўғрисидаги қарори қабул қилиниб, “Урожайное” боғдорчилик жамияти (ҳозирги “Ҳосил” боғдорчилик-узумчилик ширкати) ташкил этилади. Мева-сабзавот етиштириш учун берилган дала ҳовлиларда уй ҳамда бошқа иморатлар қуриш тақиқланиб, томорқалар атрофи ариқлар ва яшил ўсимликлар билан ўралиши кўрсатилади.

1993 йилга келиб ўтиб, жамиятнинг янги таҳрирдаги низоми тасдиқланади ва унинг умумий майдони 95 гектарга етади. Ушбу ҳужжатнинг 1.12-бандида жамият аъзолари ўзларига ажратилган ер участкаларининг 50 квадрат метр майдонида иситиладиган боғ уйи, иссиқхона, ёзги душ ва ертўла қуриш мумкинлиги кўрсатилган. Кейинчалик бу ерда яшаётган аҳоли белгиланган майдонда рухсат этилган қурилишларни амалга оширади. Тикланган иншоотлар боғдорчилик жамияти маъмурияти ҳамда тегишли идора ва ташкилотлар вакилларидан иборат комиссия томонидан қабул қилиб олинади. 1997 йилда “Урожайное” боғдорчилик жамияти “Ҳосил” боғдорчилик ширкати деб қайта номланади. Унинг тасдиқланган низомига асосан энди ширкат аъзоларига 67,5 квадрат метр майдонда иситиладиган объектлар қуришга рухсат берилади ва бу биноларни фуқаролик уй-жой қурилиши тартибида қабул қилиш белгиланади. Ширкатнинг умумий ер майдони 101,82 гектарга етказилади ва чизмаси тасдиқланади. Мулк эгаларига кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш учун рухсат берилади.

2005 йил 29 сентябрда Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси Ўзбекистон Республикасининг “Табиий монополиялар тўғрисида”ги қонунининг 16-моддаси талаблари бузилганлиги учун “Ҳосил” боғдорчилик жамияти ҳудудида доимий истиқомат қилувчи аҳоли яшаш шароитини, коммунал хизматлар кўрсатилишини яхшилаш тўғрисида Навоий шаҳар ҳокимлигига кўрсатма беради. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси “Уй жой кодекси”нинг 9 ва 17-моддаларида белгиланган тартибда боғдорчилик участкаларида жойлашган иморатларни аҳоли истиқомат қиладиган уйлар, деб тан олиш, уларни шаҳар уй-жой фондига киритиш, коммунал хизматлар кўрсатишни яхшилаш топширилади.

НКМКнинг 2006 йил 27 февралдаги буйруғи билан тегишли меъёрий ҳужжатларга асосланган ҳолда, ҳудуддаги ер участкалари қайтариб олмаслик шарти билан, боғдорчилик ширкати балансига бепул ўтказилади. Орадан кўп вақт ўтмасдан ширкат МЧЖга айлантирилади. Бундан норози бўлган ширкат аъзолари вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилади. Адлия бошқармаси аризани ўрганиб чиқади ва Навоий шаҳар ҳокимлигига қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритади. Тақдимномага мувофиқ шаҳар ҳокимлиги ўзининг ширкатни МЧЖга айлантириш тўғрисидаги қарорини бекор қилади. “Ҳосил” боғдорчилик-узумчилик ширкати қайта тикланади.

Ҳукуматимизнинг 2011 йил 1 мартдаги “Боғдорчилик-узумчилик ширкатлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Навоий шаҳар ҳокимининг 2011 йил 31 июндаги қарори билан “Ҳосил” боғдорчилик-узумчилик ширкатининг янги низоми тасдиқланиб, рўйхатдан ўтказилади. Низомнинг 4.10-бандида ширкат аъзолари шаҳарсозлик, экологик, санитария-гигена, ёнғинга қарши ва бошқа меъёрий ҳужжатларга мувофиқ ер участкасида мавжуд иморатлар, иншоотларни реконструкция қилиш ҳамда қуришга ҳақли эканлиги кўрсатилади.

Бугунга келиб, ширкат ҳудудида яшаб келаётган 2500 дан ортиқ оиладаги қарийб 10 минг нафар аҳоли ўз дала ҳовлиларини доимий турар-жой мақомига ўтказиш ниятида. Ширкатда 24 та кўча бўлиб, улар электр энергияси, ичимлик суви, ирригация тизими ҳамда табиий газ билан таъминланган. Хўш, аслида аҳолининг талаблари қонунийми?

Навоий шаҳар ҳокимининг 2005 йил 21 ноябрдаги қарори билан ширкат аъзоларига тегишли ер участкалари ва иморатлар кадастр қилинмоқда. Айни пайтга қадар дала ҳовлиларнинг 90 фоиздан кўпроғига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан кадастр ҳужжатлари берилган.

Бироқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари Қўмитаси ишчи гуруҳининг 2017 йил 7 августдаги хулосасига кўра, боғдорчилик-узумчилик ширкатининг 65 фоиз қисмидаги “Дача” типидаги уй-жойлар шаҳарнинг санитар-муҳофаза зонасида жойлашганлиги сабабли аҳоли яшаш пункти сифатида фойдаланиш мумкин эмаслиги кўрсатилган. Навоий шаҳар ҳокимининг 2017 йил 13 декабрда Ўзбекистон Республикаси Архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси Б.Зокиров ҳамда Соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмоновга йўллаган хатида НКМК мутахассислари томонидан 1-Гидрометаллургия заводи кон бошқармасининг санитар-муҳофаза зонаси радиуси ўлчаниб, чизмаси тайёрлангани, унга кўра, ширкатнинг 45 фоиз ҳудуди мазкур ҳимоя зонасига тушиб қолгани қайд этилган. (Бу икки ҳолатда рақамлар (фоизлар)нинг турлича келтирилиши ҳам аниқлиқ талаб қилади…)

Таъкидлаш шартки, “Ҳосил” боғдорчилик-узумчилик ширкатидаги дала ҳовлилари белгиланган меъёрлар бузилган ҳолда, аҳоли яшаш биноларига айлантирилган. Иншоотлар лойиҳасиз тикланган, кўчалар тор, санитария, транспорт ҳаракати хавфсизлиги талабларига жавоб бермайди. Заводнинг экологик хавфли чиқиндиларидан тарқаладиган заҳарли газлар меъёри юқори бўлган санитар-муҳофаза зонасига кирувчи қисмида аҳоли доимий яшаши учун уйларни жойлаштириш умуман мумкин эмас, аслида. Кўча ва йўллар, уйлар бетартиб қурилгани оқибатида сунъий тўсиқлар кўп, ёнғин ва бошқа табиий офатларни тез бартараф этиш имконияти йўқ. Аҳоли хонадонларига кириб чиқадиган йўлаклар ва ички йўллар талабга жавоб бермайди. Ичимлик суви тизими бинолар остида қолиб кетган. Аксарият турар-жойлар “Навоий ИЭС” АЖ томонидан узатиладиган катта ўлчамли иссиқ сув қувурлари яқинига қурилган. НКМК бирлашган энергохизмати маълумотига кўра, дала ҳовлилари ҳудуди ер устидан ўтган диаметри 700 миллиметр бўлган 2500 метр масофадаги ва диаметри 500 миллиметрли 3134 метр узунликдаги иссиқлик қувурларининг ҳимоя минтақаси 25 метрдан кам бўлмаслиги лозим. Ичимлик суви ҳамда ирригация қувурлари ҳудудларида ноқонуний қурилишлар амалга оширилган. Натижада 70 та дала ҳовли қонунга зид равишда барпо этилган. Айнан шу фуқаролар ўзларининг ҳаётини хавф остига қўймаяптими? Қарийб қирқ йил олдин тортилган ва ер остига кўмилган темир қувурлар иссиқ сувнинг юқори босимига ҳар доим ҳам бардош берадими? Бундай бўлгач, фавқулодда ҳолатлардан беталафот чиқишга ким кафолат беради?

Энг ажабланарлиси, бу қурилишлар ўзбошимчалик билан, устига устак санитар-муҳофаза зонаси ҳудудида амалга оширилганлигини била туриб, уларга кадастр ҳужжатлари тасдиқлаб берилган… Ноқонуний иморатларнинг кўпайиши, ҳудуднинг тартибсиз ҳолатга келишининг олдини олиш билан шуғулланилмагани ҳам қизиқ. Дала ҳовли эгалари-чи, ширкатнинг Низоми билан танишишганми?

Ушбу саволлар сунъий муаммога қандай “ғишт” қўйила бошланганини бироз англатгандек бўлади!

Бугунга келиб, аҳоли ўтроқлашиб, зичлашиб боргани сари, мулкка эгалик қилиш, доимий рўйхатдан ўтиш, фуқаролар учун қонунларда белгиланган ҳуқуқлардан фойдаланиш истаги ҳам ортиб бормоқда. Лекин бунинг учун масаланинг босқичма-босқич ечимини топиш керакмикан?.. Хусусан, санитар-муҳофаза зонасида жойлашган ноқонуний қурилишларни узил-кесил бузишга тўғри келади.

Хўш, ширкатнинг 45 фоиз ҳудуди ҳимоя зонасига тегишли бўлса, қолган қисмидаги дала ҳовлиларнинг жойлашуви ҳам белгиланган талабларга жавоб беради, деб айтса бўлармикан? Яъни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг 2011 йил 1 мартдаги 51-сонли “Боғдорчилик-узумчилик ширкатлари тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига асосан, Низомнинг 28-банди (санитария, ёнғинга қарши, техник талабларга жавоб берадиган, доимий яшаш учун фойдаланишга яроқли бўлган иморатлар ширкат аъзосининг аризасига кўра ҳамда архитектура ва қурилиш органларининг хулосаси бўйича туман (шаҳар) ҳокими томонидан турар-жой тоифасига ўтказилиши мумкин) шартларини қаноатлантирмайди. (Бу Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг ширкат бошқаруви раиси Б.Нарзуллаевга 2017 йил 7 августда йўлланган хулосада бу аниқ кўрсатилган).

Шу билан бирга, санитар-муҳофаза зонадаги ноқонуний уйлар бузилгач, норасимий яшаб келаётган аҳолининг тақдири ҳам кишини ўйга толдиради…

Масаланинг нозик томони шундаки, ҳозир бу ҳудудда орадан ўтган қарийб ўттиз йил ичида чекка туман ва шаҳарлар, ҳатто қўшни вилоятларда айни пайтда рўйхатда туриб, кўчиб келган юзлаб оилалар яшаб келмоқда. Бу эса ҳудудда ноқонуний ҳаракатлар, жиноятларнинг олдини олиш, назорат қилишда ҳам муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Бугун ушбу масала юзасидан биринчи навбатда, аҳолининг ижтимоий муҳофазаси, ҳаётининг хавфсизлигини кафолатлайдиган, қолаверса, қонун доирасида иш кўриш ваколатли орган, идора ва ташкилотлар томонидан мақбул ечим топиш ҳукмига ҳавола.

Исроил ХОЛБОЕВ, Нуриддин РАҲИМОВ.