Bosh sahifa Jamiyat Навоий вилоят адлия бошқармаси 56 нафар ходимнинг меҳнат ҳуқуқини тиклаб берди

Навоий вилоят адлия бошқармаси 56 нафар ходимнинг меҳнат ҳуқуқини тиклаб берди

0

Бугунги ҳуқуқий демократик жамиятимизда инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун деган тамойилни ҳаётга тўла татбиқ этиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Хусусан, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг яшаш, хусусий мулкка эга бўлиш, меҳнат қилиш каби ҳуқуқлари Асосий қонунимиз — Конституцияда ҳам белгиланган. Шундай бўлишига қарамасдан баъзида мутасадди раҳбарларнинг қонунларга беписанд муносабатда бўлаётганлиги оқибатида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилаётгани ачинарли ҳолат.

Мисол учун, Навоий шаҳридаги 21 ва 22-мактабгача таълим муассасаларида 2018 йил 23 июлдан бошлаб капитал таъмирлаш ишлари бошланган. Натижада иккала боғчада ишловчи тарбиячи ва техник ходимлар ишга чақирилмаган. Энг ёмони, ҳе йўқ, бе йўқ боғча мудиралари эса ходимлардан ёзма равишда ариза олмасдан таътил бериб юборган.

Ушбу ҳолат юзасидан ходимлар мурожаати асосида ўрганиш ўтказилди. Унда иш берувчилар томонидан бир қатор қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 159-моддасида ходимнинг айбисиз яроқсиз маҳсулот тайёрланганда ва бекор туриб қолинган вақтда унинг ўртача иш ҳақи сақланиши белгиланган. Юқоридаги ҳолатда ҳам ходимларнинг ҳеч қандай айби йўқ. Бундан ташқари, мактабгача таълим муассасаси мудиралари ходимларининг ишламай туриб қолган даврида бошқа меҳнат билан шуғулланишини таъминлаш бўйича тегишли юқори турувчи органига мурожаат билан чиқмаган.

Навоий шаҳар мактабгача таълим бўлимига киритилган тақдимномага асосан жорий йилнинг июль ойи охиридан ноябрь ойигача ишламай турган ходимларига 127 миллион 866 минг сўм ундирилиши белгиланди. Шундан 65 миллион 290 минг сўми тўлаб берилди. Қолган қисми ҳам тез орада ижобий ҳал этилади. Бундан ташқари, мактабгача таълим муассасаси мудиралари ходимларининг ишламай туриб қолган даврида бошқа меҳнат билан шуғулланишини таъминлаш ҳақида таклиф билан чиқмаганлиги учун тегишли тартибда чора кўриш бўйича шаҳар мактабгача таълим бўлимига тақдимнома киритилди.

Бир сўз билан айтганда, ҳар бир шахснинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юқорида кўриб турганингиздек доимо қонун ва давлат ҳимоясидадир.

Азамат Холмўминов, Навоий шаҳар адлия бўлими бошлиғи, 1-даражали адлия маслаҳатчиси.