Bosh sahifa Yangiliklar Навоий вилоят ҳокими АҚШлик сармоядорлар билан учрашди

Навоий вилоят ҳокими АҚШлик сармоядорлар билан учрашди

0

 

8 сентябрь куни Америка Қўшма Штатларининг қурилиш соҳасидаги йирик корхоналаридан бири – “Calatrava Grace Corporation” компанияси делегацияси вилоятимизга ташриф буюриб, воҳамизда бизнес юритиш имкониятлари билан танишди.

Дастлаб вилоят ҳокими Қ. Турсунов ҳамда инвесторлар учрашувида  меҳмонлар мавжуд имкониятлар ва имтиёзлар билан таништирилди.

Бевосита компания раҳбарияти – Майкл Селман ва ижрочи директор Майкл Калатравалар бошчилигидаги делегация “Навой” эркин иқтисодий зонасида ҳам бўлиб, у ердаги корхоналар фаолиятини кўздан кечирди. Бундан ташқари, инвесторлар собиқ “УПП” акциядорлик жамиятининг бўш турган бинолари билан танишишди.

– Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 июнда эълон қилинган “Навоий” эркин иқтисодий зонаси фаолиятини кенгайтириш ва Навоий вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ЭИЗга собиқ “УПП” ҳамда “Автотрансстроймеханизация” АЖларга тегишли бинолар қўшиб берилди, – дейди “Навоий” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси” директори А. Файзиев. – Шу боис, эркин иқтисодий ҳудуд ҳамда Навоий шаҳрида жойлашган мазкур объектлар ўртасида инфраструктура тармоқлари, хусусан, темир йўллар ва бошқа бинолар барпо этилади. Бугунги кунда бу борада лойиҳа ҳужжатлари тайёрланмоқда. Америкалик ҳамкорларимиз бунга кўмаклашиш мақсадида вилоятимизда модулли блоклар ишлаб чиқаришни режалаштиришган.

Қайд этиш лозим, юртимизда сармоядорлар учун яратиб берилаётган кенг шарт-шароитлар ишбилармонлик муҳитини тобора юксалтирмоқда. Бу эса хорижий компанияларнинг Ўзбекистонга қизиқишини кучайтиряпти.