Bosh sahifa Jamiyat НАВОИЙ ВИЛОЯТИ АДЛИЯ БОШҚАРМАСИ ТОМОНИДАН 3 ТА ТАШКИЛОТГА ТАҚДИМНОМА КИРИТИЛДИ

НАВОИЙ ВИЛОЯТИ АДЛИЯ БОШҚАРМАСИ ТОМОНИДАН 3 ТА ТАШКИЛОТГА ТАҚДИМНОМА КИРИТИЛДИ

0

Навоий шаҳри мактабгача таълим ташкилотларида фаолият юритадиган ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтиш жараёнида қонунбузилишига йўл қўйилган. Муассаса ишчиларининг мурожаатига асосан шаҳар адлия бўлими томонидан мазкур ҳолат ўрганилиб, шаҳар ҳудудидаги 3 та ташкилотга тақдимнома киритилди.

Бўлим бошлиғи Азамат Холмўминовнинг айтишича, мазкур тақдимномалар Халқ таълими, Мактабгача таълим бўлимлари ва Соғлиқни сақлаш бирлашмасига киритилиб, унга мувофиқ МТТ ходимларининг тиббий кўрик учун сарфлаган  харажатларини қоплаб беришдан иборат.

Таҳлилларга кўра, мактабгача таълим ташкилотларининг йиллик харажатлар сметасида тиббий кўрик учун маблағлар кўзда тутилмаганлиги боис, Навоий шаҳридаги мавжуд 34 та МТТ ходимлари ўз ҳисобидан пуллик тиббий кўрикдан ўтиб келишган. Ходимлар томонидан кўрик учун сарф қилинган пул маблағларининг умумий қиймати 2019 йил ва жорий йилнинг шу даврига қадар 182 млн 995 минг 400 сўмни ташкил этмоқда. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 214 — моддасида умумтаълим мактаблари, мактабгача тарбия ёки бевосита болаларга таълим,  тарбия бериш билан машғул бўлган педагог ва бошқа ходимларнинг дастлабки ва кейинчалик вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтишда чиқимдор бўлмаслиги белгилаб берилган. Тиббий кўрикни ташкил этиш эса иш берувчи зиммасида эканлиги қайд этилган. 

— Ўрганишлар давомида аниқланишича, мактабгача таълим ташкилотларида иш берувчилар ходимининг тиббий кўрикдан ортиқча харажатларсиз ўтишини ташкил этиш бўйича юқори турувчи органларга хабар бермаган. Шу боис, йил бошидан харажатлар сметаси ҳам тасдиқланмаган. Натижада, ҳуқуқбузилиш ҳолатлари юзага келган.-дейди А. Холмўминов.

Маълумот ўрнида, Адлия бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ташкилот ва муассасаларда ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича 63 марта ўрганиш ташкил этилиб, 590 дан ортиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Уни бартараф этиш мақсадида юридик ва жисмоний шахсларга етказилган 1,29 млрд. зарарни қоплаб бериш учун тегишли ташкилотларга тақдимномалар киритилган.