Bosh sahifa Mualliflardan НАВОИЙ ВИЛОЯТИ ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ҲУДУДГА АЙЛАНАДИ

НАВОИЙ ВИЛОЯТИ ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ҲУДУДГА АЙЛАНАДИ

0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Навоий вилоятини инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришлар учун эркин иқтисодий зона сифатида белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида вилоятда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, инновацион тадбиркорлик ва юқори технологияларга асосланган саноатни ривожлантириш, шунингдек, Навоий вилояти ҳудудида минерал хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш ҳамда ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича қўшимча қувватларни ташкил этиш мақсадида Навоий вилояти ҳудуди кейинчалик белгиланган тартибда муддатини узайтириш имконияти билан 2030 йил 1 январга қадар инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришлар учун эркин иқтисодий зона этиб белгиланди.

Навоий вилоятининг ҳудудий чегаралари ичида инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича инвестиция дастурларини амалга ошираётган корхоналарга, ҳудудда мавжуд бўлган ёки енгил барпо этиладиган инфратузилмаларда ишлаб чиқаришларни ихчам жойлаштирган ҳолда «Навоий» эркин иқтисодий зонаси  иштирокчиси мақоми берилади.

Фармонга асосан, вилоятнинг, биринчи навбатда туман марказлари ва йирик аҳоли пунктларининг транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, вилоят ҳудудида йирик логистика марказини ташкил этиш белгиланган.

«Навоий» ЭИЗ иштирокчиси мақомини олган корхоналар ер солиғи, даромад солиғи, юридик шахслардан олинадиган мулк солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун белгиланган ягона солиқ тўловидан, бўшаб қоладиган маблағларни янги корхоналарни ташкил этиш, шунингдек, мавжуд ишлаб чиқаришларни модернизациялаш, реконструкция қилиш ва техник, технологик қайта жиҳозлаш, кенгайтириш, ишлаб чиқариш биноларини қуриш, ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун зарур хом ашё ва материаллар харид қилишга мақсадли йўналтирган ҳолда ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган ускуналар, хом ашё, материаллар ҳамда бутловчи буюмлар, маҳсулот экспорт қилинганда вужудга келадиган қўшилган қиймат солиғининг манфий суммаси қайтарилмаслиги ҳуқуқи билан божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) ва республикада ишлаб чиқарилмайдиган ҳамда белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича лойиҳаларни амалга ошириш доирасида олиб кириладиган қурилиш материаллари божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилади.

Албатта имтиёзлар киритилган инвестицияларнинг ҳажмига қараб масалан 300 минг АҚШ долларидан 3 миллион АҚШ долларигача ҳажмдаги инвестициялар — 3 йил муддатга, 3 миллион АҚШ долларидан 5 миллион АҚШ долларигача ҳажмдаги инвестициялар — 5 йил муддатга, 5 миллион АҚШ долларидан 10 миллион АҚШ долларигача ҳажмдаги инвестициялар — 7 йил муддатга, 10 миллион АҚШ доллари ва ундан кўп ҳажмдаги инвестициялар кейинги 5 йил давомида даромад солиғи ва ягона солиқ тўловининг амалдаги ставкаларини 50 фоиз ҳажмда қўлланган ҳолда — 10 йил муддатга берилади.

Фармон билан Навоий вилоятида Инновацион технологияларни жорий этиш маркази фаолиятини ташкил этиш кўзда тутилган. 

Марказнинг асосий вазифалари этиб халқаро даражада патентлаш имкониятига эга бўлган илмий ҳажмдор ва илғор технологияли ишланмаларни яратиш, янги инновацион маҳсулотларнинг намуналарини моделлаштириш, макетлаштириш, тайёрлашда иштирок этиш ва замонавий лаборатория ускуналаридан фойдаланган ҳолда уларни синовдан ўтказиш, юқори технологияли инновацион ишлаб чиқаришларни ташкил қилиш учун янги истиқболли ғоялар ва инновацион илмий ҳажмдор ишланмаларни шакллантириш ҳамда илмий фаолият натижаларини ишлаб чиқаришга татбиқ этиш, ҳудудда инновацион экотизим, шу жумладан бизнес акселераторлар, стартаплар ва кичик инновацион корхоналарни ташкил этиш, ҳамкорликда илмий тадқиқотларни бажариш учун академик, олий таълим ва тармоқ фанлари билан самарали ҳамкорликни таъминлаш белгиланган.

Ғиёс БЎРОНОВ, Навоий вилоят ДСБ бўлим бошлиғи