Bosh sahifa Jamiyat Навоий вилояти инвестиция ва инновациялар ҳудудига айланади

Навоий вилояти инвестиция ва инновациялар ҳудудига айланади

0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 12-13 март кунлари Навоий вилоятида бўлди.

Бу галги ташриф Нурота туманидаги «Мармаробод» давлат унитар корхонаси фаолияти билан танишишдан бошланди.

Давлатимиз раҳбари корхона маҳсулотларини кўздан кечирар экан, улар хорижий муқобилларидан қолишмаслигини қайд этди. Самарали технологияларни қўллаш, транспорт харажатларини арзонлаштириш ҳисобидан маҳсулот таннархини камайтириш, шу орқали ташқи бозорга чиқиш зарурлигини таъкидлади. Тошни жаҳон стандартлари даражасида чуқур қайта ишлаш учун малакали кадрлар тайёрлаш, ёшларни иш билан таъминлаш бўйича топшириқлар берди.

Шу ерда “National stone” Ўзбекистон – Канада қўшма корхонаси маҳсулотлари ҳам намойиш этилди. Олмалиқда фаолият юритаётган бу заводда тош кукунини зичлаш орқали турли ранг ва ўлчамдаги плиталар ишлаб чиқарилмоқда. “Навоий” эркин иқтисодий зонасида яна бир шундай корхона очиш режалаштирилмоқда. Бу режа амалга ошса, йилига 75 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, 60 кишини иш билан таъминлаш имконияти яратилади.

Президентимизга шунингдек, Навоий вилоятида 2019-2020 йилларда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда мармардан саноат ҳайкалтарошлигини ташкил этиш, Нурота тумани Ғазғон шаҳарчасини Бош режа асосида ривожлантириш лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари мазкур ҳудуд инфратузилмаси ва саноатни ривожлантириш учун бу ерга темир йўл линияси тортиш таклифини билдирди.

Шавкат Мирзиёев тарихий қадамжо ­- «Чашма»ни зиёрат қилди, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди.  Президентимиз зиёратчи ва чет эллик сайёҳлар учун қулайликларни ошириш, талаб юқорилигини инобатга олиб яна 80 ўринли меҳмонхона қуриш, сайёҳларга кўрсатиладиган хизмат турларини кўпайтириб, аҳолини қўшимча даромад билан таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

Нурота туманидан сўнг давлатимиз раҳбари Навоий иссиқлик электр станциясига ташриф буюриб, бу ерда барпо этилаётган иккинчи буғ-газ қурилмасини кўздан кечирди.

Умумий қиймати 432 миллион АҚШ долларига тенг ушбу иншоотнинг қуввати 450 мегаватт. Қурилиш “Mitsubishi Corporation and MHPS” консорциуми ва Туркиянинг “Calik Enerji” компанияси томонидан амалга оширилмоқда. ИЭСда ишга туширилган биринчи лойиҳадан фарқли равишда иккинчи буғ-газ қурилмасида жами 200 гигакалория (Гкал) иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Бугунги кунда лойиҳанинг буғ турбина қурилмасида синов-созлаш ишлари олиб борилмоқда. Буғ-газ қурилмаси тўлиқ тайёр ҳолда жорий йил сентябрь ойида ишга туширилади.

Давлатимиз раҳбари эътиборига лойиҳа амалга оширилиши туфайли эришиладиган натижалар ва буғ-газ турбинасининг техник-иқтисодий кўрсаткичлари ҳақидаги тақдимотлар ҳавола қилинди.

Президентимиз «Навоийазот» акциядорлик жамиятига ҳам борди. Мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутувчи ушбу корхонада учта йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари ушбу янги объектлардаги бунёдкорлик ишлари билан танишди, қурувчилар, хорижлик инвесторлар билан мулоқот қилди. Президентимиз замонавий энергия тежамкор технологиялар билан жиҳозланадиган мажмуаларда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, таннархини тушириш, рақобатбардошликни таъминлаш муҳим омил бўлишини қайд этди.

­Навоий вилоятида мамлакатимиз эҳтиёжи учун жуда муҳим бўлган йирик корхоналар бунёд этаяпмиз. Энг замонавий ускуналар ўрнатиладиган бу корхоналарда ишлайдиган кадрлар ҳам шунга муносиб бўлиши керак. Бунинг учун мамлакатимизда жаҳон талабларига жавоб берадиган малакали мутахассислар тайёрлашнинг изчил тизимини йўлга қўйиш, ёшларни хорижда ўқитиш керак, деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз шу куни Кармана туманида 2018 йил декабрь ойида ишга туширилган йирик балиқчилик кластери — “Export Fish Product” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 37 миллиард сўм бўлиб, унинг 30 миллиард сўми банк кредити, 7 миллиард сўми корхона маблағидир. Бу ерда усти ёпиқ сув ҳавзалари, 500 тонна сиғимга эга музлаткичли омборхона, шунингдек, аҳолининг ҳордиқ чиқариши, яъни шу ернинг ўзида балиқ тутиб истеъмол қилиши учун умумий овқатланиш шохобчаси ва сайилгоҳ қурилган. 50 иш ўрни яратилган.  Корхона тўлиқ қувват билан иш бошлагач, йилига 500 тонна балиқ, 100 миллион дона балиқ чавоғи етиштирилади. Келажакда корхона 800 та аҳоли хонадонида ҳам интенсив усулда балиқ боқишни режалаштирган. Натижада 900 га яқин киши иш билан таъминланади. Корхона тасарруфидаги 2 минг гектарлик кўлда етиштириладиган балиқ кластер усулида қайта ишланиб, ундан балиқ уни, мойи, филеси, консерваси, ярим тайёр ҳолатда балиқ котлети ва дудланган балиқ тайёрланади. 600 тонна тайёр маҳсулот экспорт қилинади.

Маҳсулот кўп бўлса, рақобат бўлади, рақобат бўлса, сифат ошади, сифат юқори бўлса, экспорт самарали бўлади. Оддий одамларни бой қилсак, давлат ҳам бой бўлади, деди давлатимиз раҳбари.

Шу ернинг ўзида вилоятда қишлоқ хўжалигининг турли тармоқлари бўйича агрокластерлар ташкил этиш, яйловлар ҳолатини яхшилаш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.  Масалан, “Навоий” эркин иқтисодий зонасида “Navoiy ishonch gilamlari” MЧЖ томонидан қишлоқ хўжалиги экинларини сунъий ёмғир усулида суғориш ускуналарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Натижада сув, ёқилғи, минерал ўғитлар сарфи камаяди. Умумий қиймати 41 миллиард сўм бўлган ушбу лойиҳа туфайли 50 кишининг бандлиги таъминланади. Шунингдек, вилоятда чорвачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Конимех туманида “Конимех техно оазис” МЧЖ томонидан туячилик ва йилқичиликни ривожлантириш лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилади. Хориждан 900 бош туя, йилқи, наслли қўй келтирилади. Чавандозлик мактаби ташкил этилиши кўзда тутилган.

Давлатимиз раҳбари балиқ етиштиришга ихтисослашган шундай корхоналарни, чорвачилик хўжаликлари сонини кўпайтириш, ер унумдорлигини ҳамда томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар берди.

Ташрифнинг иккинчи куни Президентимиз Навоий шаҳрида вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Видеоконференцалоқа шаклида ўтган йиғилишда вилоят фаоллари, депутатлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари, нуронийлар, ёш тадбиркорлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари вилоятни комплекс ривожлантиришга қаратилган долзарб вазифаларни белгилаб берди. Қайд этилганидек, Навоий вилояти юртимиз саноатининг мустаҳкам устуни бўлиб, унинг 10 фоиз маҳсулотини таъминлайди. Ислоҳотлар натижасида ўтган йили вилоятда инвестициялар 1,8 баробар, қурилиш ишлари 28 фоиз, хизмат кўрсатиш – 12 фоизга ўсган. Шунингдек, қарийб 1 триллион сўм инвестиция ҳисобига 420 та ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объекти ишга туширилган.
Йиғилишда мавжуд резерв ва имкониятлардан тўла фойдаланилмаётгани таъкидланди. Вилоят иқтисодиёти асосан бир нечта йирик корхонага боғлиқ бўлиб қолгани, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик етарли даражада ривожланмагани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари Навоий вилоятини экспортга йўналтирилган инновацион ва юқори технологияли ишлаб чиқаришлар бўйича эркин иқтисодий зонага айлантиришни таклиф қилди.

Биринчи навбатда, Нурота, Хатирчи, Томди, Конимех каби ривожланиш даражаси паст бўлган туманларда янги саноат корхоналарини ташкил этишга устувор аҳамият қаратиш лозимлиги қайд этилди.
Президентимиз Нурота туманидаги Ғозғон посёлкасига шаҳар мақомини бериб, уни пардоз тошлари қазиб олиш ва ишлов беришга ихтисослашган саноат шаҳрига айлантириш таклифини илгари сурди. Гранит ва бошқа пардоз тошларини саноат усулида қазиб олиш, ишлов бериш ва тайёр қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналаридан иборат кластер ташкил этиш бўйича қиймати камида 200 миллион долларлик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича топшириқ берилди.

Шавкат Мирзиёев фаоллар йиғилишидан сўнг Навоий шаҳар Давлат хизматлари маркази фаолияти билан танишди. Марказда электрон навбат тизими жорий этилган, фуқароларга 100 дан ортиқ турдаги давлат хизматлари кўрсатилади. Нотариал хизматлар, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш, паспортни расмийлаштириш, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш ва бошқалар шу ернинг ўзида амалга оширилади.
Президентимиз бундай марказларда асосий мақсад фуқароларни давлат идоралари фаолиятидан рози қилиш эканини таъкидлади.
Шу ерда Навоий вилоятида тадбиркорлик, кичик бизнес ва ҳунармандчиликни ривожлантиришга доир лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Хусусан, эксперимент тариқасида “Навоий – тадбикорлар вилояти” лойиҳаси амалга оширилади. Бунда қулайлик яратиш мақсадида тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказишда давлат божи икки баробар камайтирилади. Қатор хизмат кўрсатиш соҳаларига имтиёзлар берилади.
Шавкат Мирзиёев Навоий шаҳридаги 3-сонли ички ишлар бўлимини бориб кўрди. Президентимизга бу ерда яратилган шароитлар, маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ахборот берилди. Жорий йилнинг январь-февраль ойларида Навоий вилоятида жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 54 фоиз, Навоий шаҳрида эса 63 фоиз камайгани қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар билан мулоқотда аёлларнинг турмуш шароитини ўрганиб бориш, оғирини енгил қилиш зарурлигини таъкидлади. Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Навоий вилоятига ташрифи якунланди.

ЎзА материалари асосида тайёрланди.