Bosh sahifa Jamiyat НАВОИЙ ВИЛОЯТИДА 11, 5 МИНГ ГЕКТАР АҲОЛИ ТОМОРҚАЛАРИ МАВЖУД: УЛАРДАН...

НАВОИЙ ВИЛОЯТИДА 11, 5 МИНГ ГЕКТАР АҲОЛИ ТОМОРҚАЛАРИ МАВЖУД: УЛАРДАН ҚАНДАЙ ФОЙДАЛАНИЛМОҚДА?

0

Маълумки, юртимизда камбағалликни ва ишсизликни бартараф этиш юзасидан қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Хусусан, қишлоқ туманларида томорқа маданиятини юксалтириш, аҳоли ихтиёридаги ерлардан йилига 2-3 маротаба ҳосил олиш, қўшимча даромад топишга алоҳида аҳамият қаратиляпти. 

Бу каби чора-тадбирлар замирида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдек муҳим масала ётибди. Зеро, дунёда кузатилаётган пандемия аҳолини сифатли озуқа билан таъминлаш тизимини тубдан такомиллаштиришни кун тартибига олиб чиқди. Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 8 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам айни шуларга урғу берилди. 

Президент мутасаддиларга қандай топшириқлар берди?

Аввало, видеоселекторда президентимиз коронавирус пандемияси хусусида фикр билдирар экан,  бу вазият дунё мамлакатларида озиқ-овқат хавфсизлиги борасидаги сиёсат ва чора-тадбирлар етарли эмаслигини яққол кўрсатганлигини айтиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган ички талабни тўлиқ таъминлаш, аҳоли даромадлари ва фаровонлигини ошириш учун катта резерв ва имкониятлар мавжудлиги айтиб ўтилди. Яъни, бебаҳо табиатимиз билан бирга ундан самарали фойдаланиш учун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари фаолият юритаётгани, маҳалла фуқаролар йиғинларида эса томорқа билан шуғулланадиган алоҳида ўринбосар лавозими жорий этилгани айтилди. Бундан ташқари, аҳолига уруғлик ва кўчат етказиб бериш, хизматлар кўрсатиш бўйича “Томорқа хизмати” корхоналари ҳам иш олиб бормоқда. Пезидентимиз ушбу тизимлар фаолияига тўхтаталр экан, улардан самарали фойдаланиб, томорқаларда маҳсулдорликни ошириш бўйича қўшимча вазифаларни белгилаб берди. 

Давлатимиз раҳбари бу йилги мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, барча томорқаларда 2-3 марта экин экиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа бўлиши кераклигини таъкидлади. Хусуан, хонадонларда ихчам иссиқхоналар қуриш муҳимлиги айтиб ўтлди. Юртбошимиз жойларда томорқаларнинг сув билан таъминланиши масаласига ҳам эътибор қаратди. Бир қатор ҳудудар, хусусан Нурота туманининг ҳам аксарият қишлоқларида сув таъминоти оғир кечаётганини ҳисобга олиб, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига ҳокимлар билан биргаликда сув таъминоти яхши бўлмаган маҳаллаларда артезиан қудуқлар қазиб, ҳосилдорликни ошириш вазифаси қўйилди. Шунингдек, томорқаларда етиштирилган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорга етказиб бериш масаласига урғу берилди. “Ҳозирги синовли даврда томорқа ерларига экин экмаслик, қаровсиз ташлаб қўйиш юртга ва ерга нисбатан хиёнат деб баҳоланиши керак”, деди Президентимиз. 

Эндиликда томорқадан самарали фойдаланмаётган хонадон эгалари расман огоҳлантирилади, ундан кейин ҳам экин экмаганларга ер солиғи оширилган ставкада қўлланилишига жиддий эътибор қаратилади. 

Вилоятда қандай ишлар бажарилмоқда?

Ҳудудда жами томорқа ер майдони мавжуд 244 та маҳалла, яъни 136 мингдан зиёд хонадон мавжуд. Томорқа ерларининг умумий ҳажми эса 11,5 минг гектарни ташкил этади. Бу кичкина рақам эмас. Бугунги кунда фермерларимиз ихтиёридаги қишлоқ хўжалиги экинлари майдони ўртача 70-80 гектардан эканлигини инобатга олсак, юқоридаги рақам вилоятимизда яна қарийб 150 нафар фермер бор, деган маънони англатади. Ҳамма гап ана шу захирадан  қоилона фойдаланишда. 

Шуни инобатга олиб, воҳамизда жорий йилда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича вилоят ва туман ҳокимликларида алоҳида штаблар ташкил этилган ва тегишли вазифалар белгилаб олинган. Уларга бириктирилган масъуллар томонидан бугунги кунда муайян ишлар бажарилмоқда.

Ҳисоб-китобларимизга кўра, томорқаларимизнинг 60 фоизига тўқсон бости экинлар экилган. Қолган майдонга жумладан, 2 502 гектар ерга сабзавот, 833 гектар майдонга картошка, 518 гектар ҳудудга полиз ва 676 гектарга дуккакли ҳамда бошқа экинлар экиш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли топшириқлари асосида жами 2 мингтага яқин иссиқхоналар ташкил этишни белгилаб олдик. Бугунги кунда томорқалардаги мавжуд иссиқхоналар сони 1 203 тани ташкил этмоқда. Бундан ташқари, таъминотчи корхоналар юзасидан вилоятимизда жами 29 та “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятлари такшил этилган. Мазкур корхоналар томонидан аҳолига уруғ, кўчат, минерал ўғит, парранда, чорва моллари, қуён, балиқ, иссиқхоначилик асбоб-анжомлари ва асалари ҳамда бошқа маҳсулотар етказиб берилиши йўлга қўйилган. 

Томорқа хизмати корхоналари тасарруфида қуввати 1,2 минг тонна бўлган 5 та совуткичли омборхоналар, кунлик қуввати 48 тонна дуккакли маҳсулотларни саралаш ва қадоқлаш цехи, 20 та трактор, 10 та агрегат,
14 та юк автомашиналари, 13 та минитракторлар, 52 та мотокультиваторлар, 76 та пуркагичлар ва етиштирилган маҳсулотларни сотишга ихтисослашган 28 та махсус дўконлар мавжуд. Жорий йилда уларнинг бу борадаги имкониятларини яна ошириш мақчсадида ҳокимликлар томонидан бир қатор ишлар бажарилмоқда. Хусусан, томорқа хизматлари фаолиятини ривожлантириш учун қўшимча  10 миллиард сўм банк кредитлари бошқа турдаги маблағлар ажратиш кўзда тутилмоқда. Тижорат банклари томонидан шунингдек, жорий йилда экин экиш, ихчам иссиқхоналар қуриш, парандачилик, чорвачилик ва бошқа йўналишлар учун 3,5 миллиард сўм, сув таъминоти оғир жойларда суғориш қудуқларини қазиш учун бир миллиард сўм кредитлар йўналтирилиши белгиланган. 

Умуман олганда томорқаларимиздан йил якунигача жами 149 минг тонна маҳсулот етиштиришни белгилаб олганмиз. Улар асосан тўқсон бости, эртанги ва ўртанги экинлар Шулар ҳисобидан
46,4 минг тонна маҳуслот экспортга йўналтирилади. 

Босқиқма-босқич “Бир маҳалла  — бир маҳсулот” тамойилига ўтилади

Ўтган йили бир киши билан суҳбатлашиб қолдим. Турист сифатида мамлакатимизга ташиф буюрган экан. Вилоятимиз ҳудидан ўтиб кетаётганида, Кармана туманидаги аҳоли уйларини кузатиб шундай гапларни айтди: “Сизлар қандай бахтлисиз. Ҳар бир оиланинг ўз томорқаси бор. Япония ва бошқа ривожланган мамлакатларда осомонўпар уйларнинг томида деҳқончилик қилиш учун одамлар навбатда туришади”!

Дарҳақиқат, айрим кишилар кафтига тутқазилган ризқ-рўзини англамай баъзан даромад топиш учун дунё кезади, сарсон-саргардон бўлади. 10 сўтих ердан 50-60 миллион сўм, ҳатто 100 миллион сўмлаб даромад олаётганлар ёки 20 сўтих ери бўлатуриб, ундан оқилона фойдаланмаётганларнинг ҳам орамизда борлиги сир эмас. Бугунги кунда самарадорлик фақат қўл меҳнатигагина эмас, балки замонавий илм ва технологияларга ҳам боғлиқ эканлигини унутмайлик. Томорқадан самарали фойдаланишим айнан шу омилларга боғлиқ. 

Қишлоқ хўжалиги юксак ривожланган жаҳон мамлакатлари, қолаверса маҳаллий миришкорларимизнинг бой тажрибасидан келиб чиқиб, муайян бир ҳудда бир турдаги маҳсулотни етиштиришни йўлга қўйяпмиз. Бугунга қадар 72 та маҳалла “Бир маҳалла  — бир маҳсулот” тамойили асосида ихтисослаштирилган бўлиб, уларда етиштирилаётган бир хил турдаги маҳсулотни йиғиш ва бозорга, хусусан экспортга йўналтириш осон кечмоқда. Жорий йилда яна қўшимча 42 та маҳаллада шу тартибда иш олиб борилади. 

Бир сўз билан айтганда, ейиш учун яшама, балки яшаш учун е, деган оддий бир нақлга амал қилиб, биз нафақат даромад илинжида томорқаларимиздан унумли фойдаланишни мақсад қилганмиз, қолаверса ватанимизни, она табиатни гуллаб-яшнатиш – пироврд режамиздир. Зеро, яхшидан боғ – эзгу амал қолади. 

Мустафо ҚУВОНДИҚОВ,  вилоят Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси