Bosh sahifa Jamiyat Навоий вилоятида қарийб 8 минг нафар шахс болалари учун алимент тўлайди

Навоий вилоятида қарийб 8 минг нафар шахс болалари учун алимент тўлайди

0

Маълумотларга кўра, айни пайтда Навоий вилоятида 7792 нафар шахс алимент тўловчи сифатида қайд этилган. 2018 йилда 56 нафар шахс алиментни ўз вақтида тўламагани боис МИБ томонидан уларга нисбатан баённома расмийлаштирилиб, маъмурий иш очилган.

Афсуски, Аршни ларзага келтирадиган “талоқ” сўзини айтиш, оилалар бузилиши давом этаётган экан, алимент масаласи ва у билан боғлиқ низоли вазиятлар ҳам учрайверади.

Аслида “оила” аталмиш қўрғонни сақлаб қололмаган ота-онанинг фарзанди учун тўлайдиган товонида ҳисоб борми? Балки улардан бири қонун доирасида боланинг моддий таъминоти учун белгиланган миқдордаги маблағни ойма-ой тўлаб ҳам бераётгандир.  Аммо мурғак қалбга етган озор,  катталарнинг хатоси туфайли дарз кетган митти кўнгил товонига ўлчов топиш мумкинми?

— Афсуски, айрим оталар бу товон ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Баъзи эркаклар собиқ аёли ҳақида  “жарақ-жарақ” алиментни олиб, маза қилиб юрибди” дейишади. “Алимент пулини боламга эмас, ўзига сарфлаяпти, шунинг учун тўламай қўйдим” дейдиганлар ҳам йўқ эмас, — дея куюнчаклик билан фикр билдиради Кармана туманидаги “Кўҳна қўрғон” маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси  Раъно Хидирова. — Уларнинг ўз ақидаси бор: “ажрашишни хоҳлади, жавобини бердим, энди улар менга бегона, тинч қўйишсин”.  Тўғри энди у собиқ рафиқасига  ҳеч ким эмас, леин фарзандига ота-ку.

Мухтасар айтганда, ота-она вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти ва тарбияси учун жавобгар. Бу Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаб қўйилган. Шунингдек, муқаддас ислом динида ҳам ота ўз зурриётини едириб-ичириш, кийинтириш, ўқитиш, тарбиялаш, бир сўз билан айтганда, соғлом ва баркамол улғайтиришга масъулдир.

Холбиби САФАРОВА.