Bosh sahifa Mualliflardan Навоий вилоятида хотин-қизлар жинояти таҳлили: айрим жиноят турлари камайган, айримлари эса ошган

Навоий вилоятида хотин-қизлар жинояти таҳлили: айрим жиноят турлари камайган, айримлари эса ошган

0

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят туман (шаҳар) судлари томонидан 2019 йилнинг 1-чорагида давомида 289 нафар шахсга нисбатан 225 та жиноят иши кўрилган.

44 нафар аёлга нисбатан 40  та жиноят иши кўриб тамомланган бўлиб, ушбу кўрсатгич жами кўрилган ишларнинг 17,7 фоизни ташкил этади. Мазкур даврда судланган аёларнинг 5 нафарига жарима, 13 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 11 нафарига озодликни чеклаш, 2 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган бўлса, 5 нафарига жазо тайинланмасдан ҳукм чиқарилган.

3 нафар аёлга нисбатан шартли ҳукм қилиш йўли билан синов муддати белгиланган. 18 нафар аёлга нисбатан 18 та жиноят иши судлар томонидан сайёр суд мажлисларида кўрилиб, 3 нафар аёлга нисбатан 3 та жиноят иши бўйича Хотин-қизлар қўмитаси ҳудудий бўлимлари томонидан кафолат хатлари тақдим этилган.

Вилоят, туман (шаҳар) судлари томонидан аёлларга нисбатан кўрилган ишлар сони 2018 йилнинг ушбу даврига қараганда
27,3 фоизга, шахслар сони 16,9 фоизга камайган. Ушбу даврда судлар томонидан аёлларга нисбатан қасддан баданга оғир шикаст етказиш 50, фоизга, қасддан баданга енгил шикаст етказиш 66,6 фоизга, ўғирлик жинояти 33,3 фоизга, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш жинояти 57,1 фоизга камайган.

Одам савдоси жиноятининг ўсиш ёки камайиш динамикаси тенглигича қолган бўлса, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш 25 фоизга, фирибгарлик 11,1 фоизга, пора бериш 44,4 фоизга, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш жинояти 100 фоизга кўпайган.

Энг ачинарлиси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан аёллар томонидан гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар 63,6 фоизга кўпайганлигини кўриш мумкин.

Мисол учун Навоий шаҳрида яшовчи, дорихонада назоратчи кассир вазифасида ишлаган Д.Х. сотуви таъқиқланган “Налбуфин” номли дори ампулаларини сотаётганда ҳуқуқ идоралари вакиллари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Натижада фуқарога нисбатан 3 йил озодликни чеклаш жазоси қўлланилди.

Галдаги факт фирибгарлик жиноятига оид. Асли хатирчилик  Л.Б. муқаддам 17 маротаба судланган бўлишига қарамасдан, жамиятда фойдали меҳнат фаолияти билан шуғулланишни ўрганмади. Фаол жиноий ҳаракатларини амалга ошириб, туманнинг “Боғишамол” маҳалласида яшовчи фуқаронинг ишончига кириб, алдаб, унга Самарқанд вилоятидан арзон нархларда шакар маҳсулотни олиб келиб беришни ваъда қилиб, жами 19 миллион сўм миқдоридаги пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритади. Шундан сўнг, пул маблағларини ўзининг эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади. Унинг  фирибгарлик жинояти судда тасдиқланиб, Л.Б. 5 йил, 2 ой муддатда озодликдан маҳрум этилди.

Вилоятида аёллар томонидан содир этилган жиноят ишларининг келиб чиқиш сабаб ва шарт-шароитлари ўрганилганида бунга асосан оилавий муаммолар, ишсизлик, шунингдек жойларда профилактик суҳбатлар етарли даражада олиб борилмаётганлиги натижасида содир этилаётганлиги маълум бўлди. Бу эса масъул идоралар, қолаверса нодавлат ташкилотлар ҳамда кенг жамаотчилик вакилларининг ҳамкорлигини кучайтириш лозимлигини тақозо этади.

А.РЎЗИҚУЛОВ, жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти суди раиси.