Bosh sahifa Jamiyat Навоий вилоятида судлар томонидан йил бошидан буён 15 мингдан ортиқ ишлар кўриб...

Навоий вилоятида судлар томонидан йил бошидан буён 15 мингдан ортиқ ишлар кўриб чиқилди

0

Жиноят ишлари бўйича вилоят иқтисодий судининг мажлислар залида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоятиимизнинг жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судлари раислари суд-ҳуқуқ соҳасидаги янги қонун ҳужжатлари, судлар томонидан 2019 йилнинг биринчи ярмида кўрилган ишларнинг умумий таҳлили, шунингдек иш тоифалари таҳлили юзасидан ахборот берди.

Хусусан, ўтган даврда жиноят ишлари бўйича вилоят суди ва туман ва шаҳар судлари томонидан жами 590 нафар шахсга нисбатан 427 та жиноят иши тамомланган бўлиб, кўриб тамомланган шахслар ва ишлар салмоғи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 376 нафар шахс ёки 61 фоизга, жиноят ишлари эса 304 та ёки 58,4 фоизга камайган.

Эътиборли жиҳати, 2019 йилнинг биринчи ярми давомида кўрилган жиноят ишларининг 229 таси ёки 53,5 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.

Фуқаролик ишлари бўйича вилоят ва туманлараро судларида 2019 йилнинг биринчи ярми давомида жами 3559 та фуқаролик ишлари мазмунан кўрилиб, ҳал қилинди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 998 тага камайганлигини кузатиш мумкин.

Жами кўрилган фуқаролик ишларидан 3001 таси ёки 84,3 фоизи бўйича ҳал қилув қарорлари чиқарилган, 187 таси ёки 5,3 фоизи бўйича фуқаролик ишлари ҳаракатдан тугатилган ҳамда 371 таси ёки 10,4 фоизи бўйича даъво аризалари кўрмасдан қолдирилган.

Маъмурий судлар томонидан ўтган даврда 10451 нафар шахсга нисбатан 8271 та маъмурий иш, 391 та оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар кўрилган.

Ҳуқуқбузарлик учун жазо тайинлаш амалиётининг таҳлили шуни кўрсатадики, вилоят бўйича умумий маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жазо тайинланган шахслардан 5663 шахсга ёки 54,1 фоизига жарима жазолари, 101 шахсга ёки 0,9 фоизига махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш,328 шахсга нисбатан ёки 0,33 фоиз шахсларга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси белгиланган, 14 шахсга нисбатан ёки 0,1 фоиз шахслар депортация қилинган.

Иқтисодий судлари томонидан 2019 йилнинг биринчи ярмида жами 2326 та иш кўриб чиқилиб, даъвогарлар фойдасига 169 миллиард 282 миллион сўм зарарлар ундирилган. Низоли тартибда кўрилган ишларнинг 1515 таси ёки 56,5 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрииб чиқилган.

Даъво ариза ва аризаларини тақдим этишда республика бюджетига ихтиёрий тўланган давлат божи 433 миллион сўмни, суд қарорларига асосан ундирилиши белгиланган давлат божи миқдори 3 миллиард 221 миллион сўм сўмни ташкил этган.

Шу билан бирга жами 214 та ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилиб, шундан 106 таси ОАВларда ёритилган бўлса, 105 таси бўйича бевосита аҳоли билан учрашувлар ҳамда очиқ мулоқотлар ташкил этилган.

Вилоят судлари раислари томонидан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоатчилик билан яқин ҳамкорликни фаоллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Хуршиджон АЛЛАЁРОВ, Навоий вилоят иқтисодий судининг катта мутахассиси