Bosh sahifa Yangiliklar Навоий вилоятидаги 974 та субъект қўшилган қиймат солиғи тўловчисига айланди

Навоий вилоятидаги 974 та субъект қўшилган қиймат солиғи тўловчисига айланди

0

Кўпчиликка маълумки, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб ялпи тушуми 1 миллиард сўмдан ошган юридик шахслар умумбелгиланган солиқ режимига ўтади. Якуний ҳисоб-китобларга мувофиқ Навоий вилоятдаги 974 та тадбиркорлик субъектларининг шу режимга ўтиши ва қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлиши белгиланган.

Қайд этилганларнинг 740 таси юридик шахслар, 234 таси якка тартибдаги тадбиркорларни ташкил этади. Уларнинг барчасига давлат солиқ хизмати органлари томонидан бу тўғрисидаги хабарнома тақдим этилган. Солиққа тортиш амалиётида ҳозиргача қўлланилмаган қўшилган қиймат солиғининг жорий этилиши, уни тўлаш тартиби тўғрисида фуқаролар ва тадбиркорларда саволлар пайдо бўлиши шубҳасиз. Мазкур ҳолатларда тадбиркорлар, хўжалик юритувчи субъектларга малакали маслаҳат бериб, солиқ ҳисоботларини тузишгача бўлган хизматларни кўрсатадиган “Солиқ-сервис” давлат унитар корхонаси ва ҳар 10 нафар солиқ тўловчига 1 нафар солиқ органи ходими бириктирилган. Янгидан ташкил этилган “Солиқ-сервис” давлат унитар корхонаси солиқ тўловчиларга сифатли сервис хизматлари кўрсатиш, уларнинг бюджет олдидаги ўз мажбуриятларини бажаришига кўмаклашади. Аҳамиятлиси, яқин кунларда ҳар-бир солиқ инспекцияларида инфокиосклар ташкил этилиб, улардан “Солиқ-сервис” томонидан кўрсатиладиган хизмат турлари, солиқ ставкалари, соҳадаги янгиликлар тўғрисидаги маълумотларниолиш мумкин бўлади.

“Ҳолва деган билан оғиз чучимайди”, дейди доно халқимиз. Бу ҳикматда теран маъно мужассам. Буни тадбиркорлар, тажрибали бухгалтерлар билан бўлиб ўтаётган семинар ва мулоқотларда яққол ҳис этяпмиз. Қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқиш ва тўлаш тартиби бўйича тадбиркорларнинг катта қисмида етарлича билим ва малака йўқ. Айниқса, янги солиқ режимига ўтаётган якка тартибдаги тадбиркорларнинг ўз ҳисобчилари бўлиши, шунингдек банкда жорий ҳисоб рақамлари очилиши давр талабидан келиб чиқиб, зарурий ҳолатга айланмоқда. Ана шундай кўламдор ва мураккаб жараёнда қисқа муддатда катта аудиторияни қайта тайёрлашнинг асосий юки солиқ органлари зиммасига тушади.

Шуни инобатга олган ҳолда, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 августдаги “Давлат солиқ хизмати органлари ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган Малака ошириш марказининг Навоий вилояти филиалида солиқ инспекторлари қайта тайёрловдан ўтказиляпти. Жорий йилнинг ўтган даврида 60 нафардан ортиқ ходимларимиз қисқа муддатли ўқувларда қатнашди.

Бу каби ташкилий-тайёргарлик ишлари ўз самарасини кўрсатиши ҳамда тўлов ва йиғув маданияти ошиши шубҳасиз.

Жаҳонгир УМРЗОҚОВ,  Навоий вилоят ДСБ ходими.