Bosh sahifa Jamiyat НАВОИЙ ВИЛОЯТИДАГИ САВДО ОБЪЕКТЛАРИДА КЕЛИБ ЧИҚАЁТГАН  ЁНҒИНЛАРНИНГ АСЛ САБАБЛАРИ НИМАДА?

НАВОИЙ ВИЛОЯТИДАГИ САВДО ОБЪЕКТЛАРИДА КЕЛИБ ЧИҚАЁТГАН  ЁНҒИНЛАРНИНГ АСЛ САБАБЛАРИ НИМАДА?

0

2015 йил 23 июнь. Зарафшонликлар бу санани шаҳардаги кийим-кечак бозорида келиб чиққан кучли ёнғин – фалокат куни сифатида хотирлашади. Ўшанда бир қатор инсонлар ҳодисадан жабр кўрган эди. Бугун шаҳарда мутлақо замон талабларига мос бозор барпо этил бўлса-да, ўша аянчли воқеа ҳамон инсонлар хотирасида турибди. Шундан сўнг, 2016 ҳамда 2017 йилларда ҳам Навоий шаҳридаги бозорларда худди шундай фалокатлар келиб чиққан эди. 

2019 йили йирик бозорларимизда бундай ҳолатлар кузатилмаган бўлса-да, жорий йил ўтган даврининг ўзида иккита савдо мажмуасида ёнғин содир бўлди. Оқибатда ўнлаб одамлар зарар кўрди. Бу каби вазиятларнинг олдини олиш учун масъул идоралар томонидан қандай қўшимча чоралар кўрилмоқда? Савдо объектлари эгалари, қолаверса тадбиркорлар мазкур ҳолатлардан тўғри хулоса чиқардими?    

Мухбиримиз айни масалада Навоий вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Фарҳод Пўлатов билан суҳбат уюштирди.

Фарҳод Абдураҳмонович, бугунги кунда вилоятимизда фаолият юритаётган савдо объектлари  сони нечта? 2019 йилда ҳамда жорий йилнинг ўтган даврида савдо объетларида келиб чиққан ёнғинлар ва улар оқибатидаги зарарлар миқдори қанча? Шу ҳақда маълумот берсангиз. 

– Вилоятда 5 та замонавий савдо комплекси – гипермаркет, 390 та дорихона ва 1100 дан зиёд чакана савдо нуқталари мавжуд. Деҳқон ва буюм бозорлари сони 29 та. Ўтган йили 12 та савдо корхоналарида ёнғинлар келиб чиққан. Мазкур даврдан бугунгача савдо объектларида жами 14 та ҳолат юзага келган бўлиб, бунинг натижасида тадбиркорлар кўрган зарар 500 миллион сўмдан зиёдни ташкил этади. 

— Жорий йилнинг 17 март куни Навоий шаҳридаги “Макро” савдо мажмуасида ҳам ёнғин келиб чиқди. Бунинг сабаби нимада?

– Шу куни соат 14:15 да бошқармамизнинг навбатчилик қисмига Навоий шаҳри Ислом Каримов кўчасидаги савдо мажмуасида ёнғин содир бўлганлиги тўғрисидаги хабар келиб тушди. Юзага келган ҳодиса оқибатида мажмуанинг ташқи ва буфет қисми – 150 квадрат метр майдон ёнган. Мазкур хабар юзасидан воқеа жойига бошқарманинг еттита ёнғин ўчириш экипажи тезда етиб борган. Ёнғин-қутқарув гуруҳининг олиб борган тезкор ҳаракатлари натижасида олов соат 14:35 да тўлиқ бартараф этилди. Бинонинг 2130 квадрат метр майдони алангадан сақлаб қолинди. Ёнғинда ҳалок бўлган ва жабрланганлар қайд этилмаган. Айни пайтда ёнғинни келтириб чиқаришда гумон қилинган жиҳозлар экспертизадан ўтказилиб, сабабларни аниқлаш ва умумий зарарни ҳисоблаб чиқиш бўйича текширув олиб бориляпти.  

  – Жорий йилнинг 16 январь куни “Навоий савдо комплекси”да ҳам ёнғин содир бўлганди. Натижада 6 та кийим-кечак савдо дўконининг 82 метр квадрат қисми ёниб, яроқсиз ҳолга келган, 14 та савдо дўкони эса зарарланган. Ёнғин қисқа туташув натижасида келиб чиққанлиги расман маълум қилинди. Бугунги кунгача бу савдо объектида ёнғиннинг олдини олиш учун қўшимча нима ишлар қилинди? Умуман, савдо объектларимизда ёнғин келиб чиқмаслиги учун қандай вазифалар белгиланиб, амалга ошириляпти? 

— Йил бошидан буён савдо нуқталарида ёнғин хавфсизлиги талабларини ўрганиш мақсадида 140 дан зиёд рейдлар ўтказдик. 12 минг нафардан ортиқ тадбиркорлар билан суҳбатлар ўтказилиб, уларга 15 мингдан зиёд эслатма-варақалар тарқатилди. Ўрганишлар давомида ёнғин хавфсизлиги талабларига зид бўлган 1084 та ҳолат аниқланиб, ҳозиргача уларнинг 900 га яқини ижобий томонга ўзгартирилишига  эришилди. Бозорлар эгалари ҳамда тадбиркорлар электр кабелларининг изоляцияланиши ҳамда уларни тармоққа улашда тез ёнувчан воситалар билан масофа сақлашга аҳамият беришлари лозим. Мисол учун, кийим-кечак бозорларида кабелларнинг сотилаётган матоларга тегиб турган ҳолатларини ҳам учратяпмиз ва улар тезда бартараф этилмоқда. “Навоий савдо комплекси”даги вазиятни олиб кўрайлик. Февраль ойидан бошлаб биз бу ерда кечки вақт – тадбиркорлар ишини тугатгач бинонинг ички қисмини тўлиқ умумий тармоқдан узиб қўйишни йўлга қўйдик. Бироқ айрим дўкон эгалари кечқурун ҳам ишлаши мақсадида бинонинг ташқи қисмини ёритувчи тармоқдан ичкарига кабел тортиб, электрдан фойдаланяпти. Албатта, биз тадбиркорлар фаолиятига аралашолмаймиз. Аммо уларнинг ўзлари вазиятга тўғри баҳо беришлари керак. 

— Айни пайтда ёнғин ўчириш машиналарининг бозорлар ҳудудида фавқулодда вазиятларда ҳаркатланиши ва қўшимча сув манбалари масаласи қандай аҳволда? 

– Яқинда Навоий шаҳридаги “Дархон” савдо маркази ёнидаги савдо дўконида ҳам ёнғин келиб чиқди. Ёнғин ўчириш машиналари бу ерга беш дақиқада етиб борди, бироқ ёнғин объектига 50 метр масофа қолганида йўл устидаги машиналарни четга олиш учун 20 дақиқа сарфладик. Бу бозорларимиздаги энг оғриқли нуқта саналади. Мазкур ҳолатни бошқа ҳудудларимиздаги бозорларда ҳам кузатиш мумкин. Бундан ташқари, қўшимча сув манбалари масаласи ҳам бор. Шаҳарларимизда бу муаммо бўлмаса-да, Қизилтепа, Хатирчи, Нурота каби туманларда вазият салбий.  Айнан мазкур ҳолатларни яхшилаш учун яқинда вилоят ҳокими раҳбарлигида барча масъул идоралар вакиллари иштирокида махсус ишчи-гуруҳ тузилди. Эндиликда бу масалалар босқичма-босқич бартараф этилади. 

Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, демак кўпгина ёнғинларга, хусусан савдо объектларида бундай ҳолатлар келиб чиқишига электр кабелларидаги юқори кучланиш сабаб бўлмоқда. Яъни, фалокатлар электрдан нотўғри фойдаланиш оқибатида юзага келяпти. 2019 йилда содир бўлган жами ёнғинларнинг 98 таси, жорий йилда эса 18 та ҳолат айнан носоз электр жиҳозлар, хусусан, электр кабеллар ва бошқа воситалардан фойдаланиш билан боғлиқ. Бу эса хавфсизлик талабларига лоқайд қараётганимизни кўрсатади. Айниқса, бозор – бир кишининг шахсий мулки эмас. Савдо объектида ёнғиннинг олдини олишда нафақат ўзимиз, балки бошқаларнинг ҳам мол-мулкини асрашга масъул эканлигимизни унутмайлик. Зеро, ёнган бозорлар ўрнида янгиларини қайта қуриш мумкин, бироқ узоқ йиллар давомида пешона тери билан топилган, ёниб кул бўлган – ҳавога учган ҳалол даромадни, бойликни қайтариб бўлмайди. 

– Қимматли маълумотлар учун раҳмат. Умид қиламизки, келгусида бу борадаги ўзаро ҳамкорлик кўлами кенгайиб, “тилсиз ёв”нинг олдини олиш борасида хайрли натижаларга эришилади.  

“Дўстлик байроғи” мухбири Озод МУСТАФОЕВ суҳбатлашди.