Bosh sahifa Jamiyat НАВОИЙ ВОҲАСИ ҚОРАКЎЛЧИЛИК  МАРКАЗИГА АЙЛАНМОҚДА

НАВОИЙ ВОҲАСИ ҚОРАКЎЛЧИЛИК  МАРКАЗИГА АЙЛАНМОҚДА

0

“Қора олтин” дея таъриф бериладиган қоракўл тери ҳамда қоракўлчилик таромғини ривожлантиришга кейинги йилларда юртимизда эътибор кучаймоқда. Аслида ўтмишда Бухоро заминида вужудга келган мазкур чорвачилик тармоғига кейинчалик дунё мамлакатларида қизиқиш ортиб, бугунги кунга келиб қоракўл етиштиришда Афғонистон ҳамда Намибия мамлакатлари дунёда етакчи давлатларга айланган. 

Ҳозирда юртимизда қоракўлчиликни қайта ташкил этиш ва ривожлантириш, қоракўл зотли қўйларни кўпайтириш борасида жадал ишлар амалга оширилмоқда. Вилоятимизнинг Қизилтепа, Конимех, Нурота ҳамда Томди туманларида бу борада бир қатор истиқболли лойиҳалар олиб бориляпти. 

IMG_20201008_134750_515 IMG_20201008_134724_526

Халқ тилида “Араби қўйлар” деб аталадиган қоракўл зотли қўйларнинг келиб чиқиши VIII асрга бориб тақалиб, Арабистондан олиб келинган қўйлар ва юртимиз ҳудудидаги маҳаллий зотларни чатиштириш натижасида пайдо бўлган. Бугунги кунда эса қоракўл зотли қўйлар авлоди сифатида свакара, астрахан каби наслли зотлар ҳам энг номдор қимматбаҳо тери олинадиган қўй турларидан саналади. 

Қизилтепа туманида жойлашган “Зарафшон” бўрдоқичилик масъулияти чекланган жамияти гўшт ва гўшт маҳсулотлари ҳамда қоракўлча ишлаб чиқаришга ихтисослашган кўп тармоқли корхона саналади. 1971 йилда бўрдоқичилик хўжалиги сифатида ташкил этилган бу масканнинг мулкчилик шакли 2009 йилда МЧЖга айлантирилди. Мазкур жамиятда 810 та йирик шохли қорамол, 6200 бош майда шохли мол мавжуд бўлиб, ўтган йилнинг ўзида 451 минг тонна тирик вазнда гўшт етиштирилган.

Ўтган йил корхона қошида лойиҳа қиймати икки миллиард сўмга тенг “Қоракўлчилик маркази” фаолият бошлади. Марказ негизида ветеринария дорихонаси, тикув цехи, ўқитувчилар хонаси, қоракўлчилик соҳаси мутахассислари малакасини ошириш хонаси (ўқув зали), тайёр маҳсулотлар (қоркўлча) омборхонаси, ем сақлаш омборхоналари ва бошқа объектлар мавжуд. Мазкур марказнинг ўзида 30 нафардан ортиқ киши меҳнат қилади. 

Марказнинг ўқув биносида ўтган давр мобайнида Республика бўйича қоркўлчилик фермер хўжаликлари раҳбарлари, қоракўлчилик марказлари раҳбарлари, соҳа мутахассислари иштирокида икки марта республика миқёсидаги семинарлар ташкиллаштирилди. Тикув цехида эса қоркўлча теридан барча мавсумларга мос эркаклар бош кийимлари ва аёллар пальтолари тикилмоқда.

— Қоркўлча тери октябрь-март ойларида олинади, — дейди корхона раҳбари Азамат Набиев. — Ўтган мавсумда 1050 дан ортиқ қоракўлча олинган. Жорий мавсумда эса бу рақамни уч бараварга кўпайтириб, 3000 дан ортиқ қоркўлча олиниши режалаштирилган. Келгусида терилар экспортга йўналтирилади. Барча териларга шу ернинг ўзида ишлов берилиб, хомашёдан тайёр маҳсулот кўринишига келтирилмоқда. 

IMG_20201008_134727_555

Бугунги кунда дунёнинг 16 та мамлакатида бу тармоққа алоҳида эътибор қаратилади. Дунё бозорида қоракўл терининг баҳоси 100 АҚШ долларидан 250 долларгача баҳоланади. Буни тўғри англаган томдилик чорвадорлар ҳам мазкур йўналишда салмоқли натижаларга эришишни режа қилишган. Бугунги кунда замонавий чорвачилик комплексларини ташкил этиш мақсадида «Томди Янги Ғазғон» фермер ҳўжалигида умумий қиймати 4,6 миллиард сўм бўлган, «Искандарнинг чорваси» фермер хўжалигида эса  умумий қиймати 10 млрд сўм бўлган лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шунингдек, тумандаги 1 миллион 213 минг гектар яйловда 2 та кластер ташкил этиш кўзда тутиляпти. Натижада, 2021 йилда 290 минг бош қоракўл қўйлари парваришланиб, 580 тонна жун ва 21 минг дона қоракўл тери етиштирилади.

Конимех туманида ҳам қоракўлчиликни ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Шу мақсадда ўтган йили «Қарақата» ОФЙ «Маданият» овулида беш миллиард сўмга тенг бўлган лойиҳа — йилига беш минг бош сур рангдаги наслли қоракўл қўйлар тайёрлаб етказувчи «Навоий-Қоракўл» уюшмаси қошидаги «Қоракўлчилик илмий наслчилик тажриба станцияси» ташкил этиш ишлари бошланди. Жорий йилда лойиҳа тўлиқ амалга оширилиб, ишга туширилди. Янгидан ташкил этилган ушбу наслчилик корхонасига туман ҳокимлиги заҳира ерларидан 40 минг гектар яйлов ер мадонлари ажратиб берилди. Вилоят маҳаллий бюджетидан станцияга ўтган йилнинг ўзида беш миллиард сўм ажратилиб, берилган маблағлар эвазига жами 3990 бош наслли қоракўл қўй ва қўчқорлар, 7 бош ишчи отлар, трактор, «Нива» русумли хизмат автомашинаси ҳамда сув ташиш учун ёмкост, собиқ «Маданият» ширкат хўжалигининг маъмурий биноси, иккита омборхона ва бошқа ҳар хил турдаги мол-мулклар, чорва моллари учун 200 тоннадан зиёд озуқалар, ветеринария дори-дармонлари сотиб олинди.

Ташкил этилган қоракўлчилик наслчилик корхонасида тўққизта чўпон отарлари ташкил этилди ҳамда маҳаллий аҳолидан 20 нафар фуқаро иш билан таъминланди. Айни вақтда корхона чўпон отарларига замонавий типдаги олтита уй-жой ва қўра-қўтонлар мавжуд. 

— Илмий-тажриба станцияси қоракўл зотли қўйларнинг наслдорлик ва маҳсулдорлик сифатларини яхшилаш мақсадида асосий сур рангдаги ҳамда қўшимча равишда қора ва кўк рангли қоракўл зотли қўйларни ҳам кўпайтириш билан шуғулланмоқда, — дейди станция раҳбари Қанат Туменбаев. — Бундан ташқари, наслдорлик сертификати бериш, муайян жойга хос ва йўқ бўлиб бораётган қоракўл зотли қўйларнинг генофондини сақлаб қолиш ва такомиллаштириш, маҳсулот етиштириладиган қоракўл зотли қўйларда наслдорлик ва маҳсулдорлик сифатларини ошириш, наслчилик ва сунъий уруғлантириш ишларини илмий асосда тизимли ташкил этиш, наслли қўчқор ва наслли урғочи қўзиларни ранги ва типи бўйича тайёрлаб, қоракўлчилик субъектларига етказиб бериш, янги наслли қоракўл типларини яратиш режалари ҳам белгилаб олинган.

Корхонада жорий йилда беш минг бош наслли қоракўл қўй ва қўчқорлар, лаборотория жиҳозлари, чорва моллари учун озуқалар, ветеринария препаратлари сотиб олиш ишлари амалга оширилмоқда. 

— Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 14 мартда эълон қилинган “Қоракўлчилик соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур соҳа ривожида муҳим асос бўлди, — дейди вилоят Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи  Ойбек Низамов. — Ўтган даврда шу қарор ижроси юзасидан бир қатор лойиҳалар амалга оширилди. 2019–2023 йилларда қоракўл ва қоракўлча тери етиштириб, экспортга сотадиган қоракўлчилик субъектларига бир марталик субсидиялар ажратиш тартиби ҳам йўлга қўйилган.  Бу эса соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Қайд этиш жоиз, Қизилмум кенгликларида жойлашган воҳамиз азалдан чорвадорлар макони саналиб келинган. Бу ердаги мавжуд бой тажриба ҳамда замонавий илм-фан асосларини уйғулуштирган ҳолда олиб борилаётган янги лойиҳалар — соҳанинг келгусидаги юксак истиқболини, хусусан, воҳамизнинг қоракўлчилик марказига айланишини таъминлаб беради.