Bosh sahifa Yangiliklar Навоийда 100 нафар аҳоли иш билан таъминланган янги фабрика фаолият бошлади

Навоийда 100 нафар аҳоли иш билан таъминланган янги фабрика фаолият бошлади

0

Наврўз тантаналарида Навоий вилоятида “Зарафшон овози” масъулияти чекланган жамиятига қарашли бир қатор янги ишлаб чиқариш объектлари ва корхона томонидан барпо этилган тураржой биноларининг фойдаланишга топшириш маросими ўтказилди.

Хусусан, Навоий шаҳри “Тинчлик” қўрғонида иш бошлаган тўқув фабрикасининг очилишида иштирок этганлар воҳамизда енгил саноат тараққиётида олиб борилаётган жадал ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтди. “TOSHRABOT TEXTILE” МЧЖ таркибидаги мазкур тармоқ йилига 3 минг 500 тонна тайёр газлама ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, маҳсулотнинг 70 фоизи экспортга йўналтирилади.

– Муҳтарам юртбошимиз томонидан биз тадбиркорлар учун барча имкониятлар яратилган, – дейди лойиҳа ташаббускори, “Зарафшон овози” МЧЖ бош директори Улуғбек Файзиев. –  Қарийб 10 миллиард сўм маблағ эвазига барпо этилган корхона вилоят иқтисодиёти ривожида муҳим аҳамият касб этади. Хитой ва Туркия давлатларидан энг сўнгги русумдаги замонавий дастгоҳлар келтирилди. Бир сўз билан айтганда, Навоийнинг пахтаси вилоятнинг ўзида қайта ишланади. Бу ерда ишлаб чиқариладиган матоларнинг асосий қисми экспорт қилинади. Шунинг учун дунёнинг етакчи фабрикаларидан мутахассисларни жалб этиб, маҳорат дарслари ўтказишни режалаштирганмиз. Янги корхона иш бошлаши билан 100 нафар аҳоли доимий иш ўрнига эга бўлди.

Мамлакатимизда йилдан-йилга бунёдкорлик ишлари кўлами юксалиб бораётган экан, бу ўз навбатида арзон ва сифатли қурилиш маҳсулотларига бўлган талабни ҳам оширмоқда. Шуни инобатга олган корхона, “Тинчлик” қўрғонида темир-бетон, Кармана туманидаги “Боғишамол” маҳалласи ҳудудида эса оҳак ишлаб чиқариш заводини ишга туширди. Иккала корхона фаолият бошлаши билан 60 нафарга яқин аҳолининг бандлиги таъминланди.

Шунингдек, байрам муносабати билан Навоий шаҳридаги 2-кичик туманида “Зарафшон пром инвест” МЧЖ қурувчилари томонидан барпо этилган 5 қаватли 80 хонадонга мўлжалланган квартиралар калитлари ўз эгаларига топширилди.

Янги объектлар бунёдкорлик, яратувчанлик завқи билан яшаётган вилоятдошларимиз учун байрамга муносиб туҳфа бўлди.