Bosh sahifa Jamiyat Навоийда 42 та ОАВ ҳамда 80 тага яқин матбаа корхонаси фаолият юритмоқда

Навоийда 42 та ОАВ ҳамда 80 тага яқин матбаа корхонаси фаолият юритмоқда

0

27 июнь – Матбуот  ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни Навоийда кенг нишонланмоқда. Дарҳақиқат, бугунги кунда вилоятимизда 42 та оммавий ахборот воситаси ҳамда 80 тага яқин матбаа корхоналарида минг нафардан ортиқ мутахассислар фаолият олиб бормоқда. Агар сўнгги йилларда уларнинг сони ортиб бораётганлигини инобатга олсак, воҳамизда мазкур соҳанинг салмоғи ва кўлами кенгаяётганлигини эътироф этиш мумкин.

Таъкидлаш керак, вилоят телерадиокопманиясида ҳудуддаги етакчи ОАВдан бири сифатида айни кунда бу ерда 60 нафар ходим иш олиб бормоқда. Улар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар ижодкорларни янада фаол ижод қилишга ундаяпти.

Ҳозирги кунда телевидение эфир дастурлари суткасига 18 соатни ташкил қилиб, 06:00 дан кечки соат 24:00 гача узатилаётган бўлиб, улдарнинг эфирга тезкор ва сифатли узатилишига алоҳида эҳтибор қаратилаётир. Жумладан, жорий йилда телерадиокомпания Германия технологиялари асосидаги энг сўнгги техникалар билан таъминланди. Шунингдек, замон талаби асосидаги видеокамера, сервер эфир узатиш, монтаж компьютерлари ҳамда ёритгичлар ҳам олиб келинди.

– Радиоэшиттиришларимиз эса 1 соат 36 дақиқадан иборат бўлиб, ҳафтанинг барча кунлари аналог форматда тарқатилади, – дейди телевидение бош муҳаррири И. Ғазнаев. — Телевидение ва ридио орқали  намойиш этилаётган дастурларнинг тезкор, сифатли ва кўламининг кенглиги, қолаверса, иш унумдорлигининг ошишида жамоадаги ҳар бир ходимнинг ҳиссаси бор, албатта. Бунда, айниқса ёш ҳамкасбларимизнинг ўрни беқиёс.

Таъкидлаш керак, жамиятдаги турли ижтимоий масалаларни ҳал этишда оммавий ахборот воситаларининг роли катта. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган турли босма ва электрон ОАВга грант маблағлари ажратаётгани бу жараёнда самарадорликни янада ошириб, таъсирчанлик юксалиб бормоқда. Охирги 3-4 йил ичида “Учқудуқ”, “Кармана овози”, “Навбаҳор тонги” каби нашрларнинг ана шундай ютуққа эришиб, улар томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар эътиборга молик.

Жорий йилда ҳам “Конимех тонги” газетаси томонидан худди шундай яна бир грант лойиҳаси  амалга оширилмоқда. “Замон билан ҳамнафас” деб номланган  мазкур лойиҳа учун яқинда фонд томонидан 27 миллион сўм миқдоридаги маблағ ажратилди.

– Мақсадимиз олис чўл ҳудудларида жамоатчи мухбирларни тайёрлашдан иборат, дейди газета муҳаррири Г.Наринбетова. – Белгиланган 11 ой муддат ичида Қизилқум қўйнидаги 20 та овулнинг ҳар бирида Ёшлар иттифоқи туман кенгаши билан ҳамкорликда “Биз яшаётган жамият” мавзусида семинар машғулотлари ўтказилиб, уларда 400 нафар киши қамраб олинади.

Бир сўз билан айтганда, бугун мамлакатимиз бўйлаб ОАВ соҳасининг юксалиб бораётганлигини бевосита вилоятимиз мисолида ҳам кузатиш мумкин. Бунда эса соҳа эгаларининг ташаббуслари, саъй-ҳаркатлари кутилган самарани бермоқда.