Bosh sahifa Yangiliklar Навоийда бир оиладан уч киши фуқароликка қабул қилинди

Навоийда бир оиладан уч киши фуқароликка қабул қилинди

0

Навоий вилоятида 2017 йил давомида жами 70 нафар юртдошимиз Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортига эга бўлди.

Яқинда Навоий шаҳрида истиқомат қиладиган бир оиланинг уч аъзоси юртимиз фуқаролигига эришди. 28 декабрь куни вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда уларга шахсий паспортлари тантанали равишда топширилди.

— Биз учун бу кун унутилмас бўлиб қолади, – дейди НКМКга қарашли 3-сонли автокорхона ходими Ш.Сулаймонова. – Онам, мен ва акам Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиндик. Икки ёшимдан буён Ўзбекистонда яшаб, шу ерда униб ўсдим. Шу юрт фарзанди бўлишимга қарамай, паспортим йўқлиги қалбимда бир кемтикни пайдо қилганди. Ҳаётимдаги энг катта орзуларимдан бири ушалди. Бунинг учун Президентимизга ташаккур.

Ш. Сулаймонованинг онаси Ҳ.Мелихонова кўп йиллар ҳокимлик тизимидаги идораларда ишлаб, нафақага чиққан. Фарзандларини оқ ювиб, оқ тараб, уларни юрт корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбиялаган онанинг қувончи бир олам. Ўғли У. Сулаймонов бугунги кунда тадбиркор.

Фуқароликка қабул қилинганлар сўзга чиқаркан, бу эътибор юртимизда инсон манфаатлари ҳар нарсадан улуғ эканлигининг юксак ифодаси эканлигини таъкидлашди.

Тадбирда вилоят ҳокими К.Турсунов қатнашди ҳамда янги паспорт эгаларини муборакбод этди.