Bosh sahifa Yangiliklar Навоийда чигит экиш бошланди: кластернинг фойдаси, янгича экиш усули

Навоийда чигит экиш бошланди: кластернинг фойдаси, янгича экиш усули

0

Юртимиз қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоғи бўлган пахтачиликда кластер тизимининг жорий этилгани, ҳудудлар тараққиёти, янги иш ўринлари яратилишида муҳим омил бўлмоқда.

Навоийлик фермерлар томонидан ўтган йилдан йўлга қўйилган бу усул бугунги кунда бутун республикамиз бўйлаб амалда қўланилаётгани биз учун фахр, албатта. Янги тизим асосида воҳамизда етиштирилган пахта тўлиқ қайта ишланиши имкоиняти яратилди. 2017 йилда фермерларимиз етиштирилган оқолтин хирмонидан 202 миллиард сўмга яқин даромад олган бўлса, шундан 44 миллиард сўм соф фойдани ташкил этди.

Жорий йилда ҳам вилоятимизда пахта ҳосили учун 1274 та фермер хўжалигининг 33 минг 288 гектар майдонида чигит экиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Шу муносабат билан барча туманларда мавсум муносабати билан семинарлар ташкил этилиб, ерга барака уруғи қадаляпти.

Қизилтепада ҳам экиш мавсуми уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Туманнинг Арабон ҳудудидаги “Султонмаҳмуд Бўстоний” фермер хўжалиги ер майдонида туман фаоллари ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида намунали тарзда чигит экиш тадбири ташкил этилди. 2017 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган хўжаликнинг жами экин майдони 65,5 гектарни ташкил этади. Агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали ташкил этилишида 17 нафар ишчиларнинг хизмати катта бўлаётир.

– Чигитнинг “Бухоро-6” навини экяпмиз, – дейди фермер хўжалик раҳбари Маҳмуд Султонов. – Туксизлантирилган, кимёвий воситалар билан бойитилган ушбу нав чидамлилиги ва ҳосилдорлиги билан ажралиб туради. Шунингдек, унга зараркунандалар ҳам шикаст етказмайди. Юртимиз қишлоқ хўжалигида кластер тизимининг жорий этилгани даромадимиз ошишини таъминлаяпти. Бу йил соф фойда ҳисобидан янги техникалар сотиб олишни режалаштирганмиз.

“Варозун” маҳалласида фаолият кўрсатиб келаётган “Оҳанграбо ўлка” фермер хўжалиги ҳам тумандаги энг илғорлардан ҳисобланади. Хўжалик раҳбари Қудратилла Аҳмедов ернинг тилини биладиган, тажрибали деҳқонлардан. Ташкил топганига ўн йилдан ошган хўжаликнинг умумий ер майдони 80 гектар бўлиб, бугунги кунда хўжаликда чигит экиш ишлари авж палласида. Хўжалик қарийб 6 йилдан буён янгича экиш усулидан фойдаланиб келмоқда. Яъни, махсус техника орқали ерга уруғ қадашдан олдин маҳаллий ўғит сепиб чиқилади. Замонавий ускуна ўғитнинг ҳар бир қарич ерга бир меёрда тушишини таъминлайди.

– Ушбу тажриба орқали ҳосилдорлик 10 центнерга ошмоқда, – дейди хўжалик раҳбари Қудратилла Аҳмедов. – Айни пайтда чигит экишга мўлжалланган майдонларда шу усулни қўлламоқдамиз. Юртимизда деҳқон меҳнатига муносабат ўзгариб бораётгани миришкорларнинг ғайратига-ғайрат, шижоатига-шижоат қўшмоқда.

Чигит экиш мавсуми Навбаҳор, Хатирчи, Кармана ва Конимех туманларида ҳам қизғин давом этмоқда. Ризқ-рўзимиз бутлиги йўлида изланаётган, тунни кунга улаб меҳнат қилаётган фермерларимизнинг бугунги саъй-ҳаракатлари эътирофга лойиқ, алабатта.