Bosh sahifa Jamiyat Навоийда давлат бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги масаласи муҳокама қилинди

Навоийда давлат бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги масаласи муҳокама қилинди

0

Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамда вилоят Адлия бошқармаси ҳамкорлигида “Давлат бошқаруви органлари ва оммавий ахборот воситаларининг ўзаро ҳамкорлиги: мавжуд ҳолат ва истиқболдаги вазифалар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Вилоятдаги бошқармалар, корхона-ташкилотлар вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этган тадбирда дастлаб, вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи Ш.Баҳронов жамиятда ҳуқуқий онг ва тарбияни юксалтириш, бу борада эса адлия идоралари ҳамда ОАВ билан амалга оширилаётган ҳамкорлик борасида гапирди. Хусусан, ўтган йили қарийб 8 мингдан ортиқ тарғибот тадбирлари, 10 га яқин сайл тарзидаги кенг кўламли тадбирлар амалга оширилган. Бу ишлар аввалги йилларга қараганда 3-4 баробарга ошган, бироқ қонунчиликдаги янгиликлар билан барча аҳоли қатлами тезкор ва тўлиқ қамраб олингани йўқ.

1+

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 9 январда эълон қилинган “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириши тўғрисида”ги Фармон бу борадаги ишларни янада кучайтиришни тақозо этади. Мазкур ҳужжат билан тасдиқланган концепцияда ҳуқуқий тарғиботни “Шахс – оила – таълим муассасаси – маҳалла – ташкилот – жамият” шаклида олиб бориш белгиланган. Шунингдек, концепцияда “Манзилли ва ақлли тарғибот” тушунчаси киритлагн бўлиб, бунда кўпроқ тарғиботнинг самарасига эътибор қаратилади.

Бошқарма бошлиғи шулар ҳақида фикр билдирар экан, бу борада вилоятдаги ОАВ билан ахборот алмашиш тзимини жадаллаштириш, бунда эса интернет тармоғи, хусусан “Телеграмм” тармоғидан кенг фойдаланиш таклифини билдирди. Шунингдек,  вилоятда матбуот хизматлари ҳамда журналистлар ҳамкорлигини кучайтириш борасида Йўл харитаси ишлаб чиқиш лозимлигини таъкидлади.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими бошқаруви раиси  Ё.Умаров сўзга чиқиб, журналистларнинг давлат бошқарув органларидан ахборот олишдаги айрим муаммолари хусусида фикр билдирди. Бундан ташқари, ҳар бир бошқарув органи кесимида улар раҳбарларининг журналистлар олдида ҳисобот бериши – ҳар чоракда матбуот анжумани ўтказиш тизимини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ эканлигини  айтиб ўтди. Бу борадаги хорижий тажрибалар тилга олинди.

Очиқ мулоқтда вилоят Давлат солиқ бошқармасининг ОАВ ва жамоатчилик билан алоқалар шўъбаси ходими Ж.Умрзоқов сўзга чиқиб, солиқ ислоҳотларини ёритишда журналистлар билан амалга оширилаётган ҳамкорлик хусусида гапирди. Матбуот хизмати ходими алоқалар вилоят телевидениеси ва газеталари билан яхши йўлга қўйилган бўлсада, туман таҳририятлари билан ахборот алмашиш жараёни суст давом этаётганлигини айтиб ўтди ҳамда ҳамкорликни кучайтириш юзасидан ўз таклифларини илгари сурди.

5++

Тадбир давомида “Муқаддас бурч” газетаси муҳаррири Азамат Сафаров ҳамда “Навоий ёшлари” газетаси муҳаррири Санжар Қурбоновлар сўзга чиқиб, “Давлат бошқарув органлари очиқилиги тўғрисида”ги ҳамда “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари ижросининг амалда ўз аксини топмаётгани хусусида гапиришди. Хусусан, улар томонидан туман ҳокимликларининг веб-сайтларида керакли маълумотлар ўз вақтида тақдим этиб борилмаслиги ҳолати танқид остига олинди.  Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи мазкур қонунлар ижроси қайта кўриб чиқилишини маълум қилди.

— Вилоят Ички ишлар бошқармасида Медиа марказ фаолияти йўлга қўйилди, – деди бошқарма Матубот хизмати раҳбари, лейтенант Ўктам Усмонов муҳокамалар жараёнида. – Мен барча журналистларни бу ерга таклиф этаман. Марказда барча техник ва бошқа имкониятлар яратилган. Бугунги кунда ҳуқуқий тарғибот, жиноятчилик ҳолатини кескин камайтириш масалалари юзасидан долзарб кўрсатиувлар,  роликлар тайёрланмоқда.

3+

Ажуман якунида Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида Оролқум саҳроси ўрнида барпо этилаётган ўрмонзорларни ташкил этиш юзасида амалга оширилаётган кенг кўламдаги ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида мазкур ҳудудга вилоят журналистларининг эко-медиа турини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди.  Март ойида ушбу тадбирни амалга ошириш белгиланди.

Озод МУСТАФОЕВ, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси  Навоий вилоят бўлими мутахассиси.