Bosh sahifa Mualliflardan Навоийда давлат хизматлари марказининг бешинчи янги биноси фойдаланишга топширилди

Навоийда давлат хизматлари марказининг бешинчи янги биноси фойдаланишга топширилди

0

Навбаҳорлик нуронийларнинг айтишича, 28 йил ичида туманда бунчалик ўзгариш бўлмаган. Ҳар бир соҳада қурилиш, ҳар бир гўшада ободлик. Давлат хизматлари марказининг янги биноси Навбаҳордаги 30 га яқин қурилаётган объектлардан биттаси. Аммо, ягонаси десак, хато бўлмайди. Унинг очилиш тантанаси кўпни қувонтирди, аҳоли кўп кирадиган марказга берилган эътибор туфайли отахонлар қўли дуода бўлди.

Қадрият-да, бу марказ ҳам мустақиллик байрамига туёна сифатида халқ ихтиёрига топширилди. Бино маҳаллий бюджет маблағлари эвазига қурилди. Биносозлар мазкур иншоотни реконструкция қилиши учун 3 ой вақт сарфладилар. Замонавий, кўрса кўргулик, кирса киргулик. Ахир, кунига 300 — 400 нафардан ортиқ одам бу марказдан хизмат олади. Бинода хизмат кўрсатиш ва кутиш зали кенг ва ёруғ, шинам. Марказда қўйилган манзарали гул дарахтлари кўзни қувонтиради. Қулайликларига гап йўқ.

Замонавий ресепшн, электрон навбат, маълумот олиш учун монитор, онлайн хизмат олиш учун инфакиоск, мобил телефонларнинг қувват олиш қурилмаси, болалар майдончаси,  кутиш зали, банк кассаси, нақд пул ечиш учун банкомат, бир вақтнинг ўзида 15 та қабул ойнаси фуқароларга хизмат кўрсатади. Маълумот учун айтиш жоизки, жорий йилда навбаҳорлик фуқароларнинг 17 мингдан ортиқ мурожаатларига Навбаҳор тумани давлат хизматлари маркази ходимлари ижобий ечим топдилар.

Ноанъанавий ечимдаги архитектурага эга марказ икки қаватдан иборат. Унда халқ ва бош вазир қабулхоналари, нотариус, инвесторлар хонаси ҳам фаолият олиб боради. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, Навбаҳорда ўтган йилга нисбатан, тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш 3 ҳиссага кўпайган. Туризм, уй меҳмонахоналари, тиббиёт, оилавий корхоналарда тадбиркорликни йўлга қўйганлар бунга мисол. Хуллас, навбаҳорликлар энди давлат хизмати олиш учун Давлат хизматлари марказининг янги биносига боришади.

ДХА Навоий вилояти бошқармаси Матбуот хизмати