Bosh sahifa Yangiliklar Навоийда “йил аёли” танлови ўтказилди

Навоийда “йил аёли” танлови ўтказилди

0

Хотин-қизларимизнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш мақсадида ташкил этиб келинаётган “Йил аёли” танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

Навоий шаҳридаги “Пирамида” тантаналар кошонасида бўлиб ўтган танловда вилоятимизнинг фаол аёллари, бир қатор мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирок этди.

Бир пиёла чой устида ташкил этилган тадбирда шаҳар-туманларда  турли соҳада иш олиб бораётган 10 нафар хотин-қиз ўзаро беллашди. Иштирокчилар слайдлар орқали ҳакамлар ҳамда тадбир қатнашчиларига ўз фаолиятлари юзасидан маълумот беришди. Ғолибни аниқлашда унинг жамият ҳаётидаги фаоллиги, ютуқлари, интилишлари, амалга ошираётган ишларининг юрт тараққиётидаги ўрнига аҳамият қаратилди.

Ҳакамларнинг хулосасига кўра 1-ўринни Навоий шаҳридаги 11-сонли давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби директори Г. Жуманиёзова қўлга киритган бўлса, 2-ўрин Кармана туманидаги 28-мактаб ўқитувчиси Д. Шамсиддиновага насиб этди. “Миллий тикланиш” демократик партияси Зарафшон шаҳар бўлими раиси Д. Носирова эса 3- ўринга эришди.

Тадбир сўнгида ғолибларга вилоят Хотин-қизлар қўмитасининг диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Ғолиб танловнинг янги йил байрами арафасида ўтказиладиган республика босқичида қатнашади.