Bosh sahifa Tahlil Фирибгарлик жиноятлари таҳлили: уй-жой, автомашина сотиб олиб бериш ҳамда ишга киритишни ваъда...

Фирибгарлик жиноятлари таҳлили: уй-жой, автомашина сотиб олиб бериш ҳамда ишга киритишни ваъда қилаётганлардан эҳтиёт бўлинг

0

Ички ишлар бошқармасининг маълумотларига қараганда ўтган йили Навоий вилоятида жами 253 та фирибгарлик жинояти содир этилган. Мазкур рақамлар ушбу жиноят турининг аввалги йилларга қараганда сезиларли даражада камаяётганлиги кўрсатаётган бўлсада аҳолининг нотаниш кишиларнинг ваъдасига ишониб, алданиб қолаётган ҳолатлари ҳамон давом этаяпти.  Таҳлиллар шуни кўрсатадики, фирибгарлик жиноятлари асосан ишга киритишни ваъда қилиб, уй-жой (айниқса, Навоий шаҳри ва Кармана туманида бу кўп кузатилмоқда) ёкиавтомашина ҳамда маиший техника олиб бериш,  бундан ташқари қорамолни (ёки гўштини) сотиб бериш важлари билан содир этиляпти.

Мисол учун, Андижон вилояти Балиқчи туманида 1984 йил туғилган фуқаро муқаддам бир неча бор фирибгарлик жиноятлари билан судланиб, хавфли рецедивист ҳисобланиб, 2018 йилнинг май ойида Зарафшон шаҳрига боради. Аввалига ҳудуддаги жомеъ масжидига кириб, шаҳар бош имом-хатиби билан учрашади. Ўзини дин пешвоси сифатида кўрсатиб, масжидни қайта қуриш лойиҳасини Тошкент шаҳрида замонавий кўринишда тайёрлаб келишни ваъда қилади ҳамда алдов йўли билан катта миқдордаги пулларни олади. У жиноятини давом этиб, икки нафар фуқарони Ҳаж ва Умра сафарига юборишни айтиб, яна бир фуқарога эса Тошкент шаҳридаги автомашиналар бозоридан “Дамас” русумли автомашина олиб беришни ваъда қилиб аҳолига нақ 92 миллион 950 минг сўмлик моддий зарар етказади. Бугунги кунда андижонлик фуқаронинг мазкур ноқонуний хатти-ҳаракати фош этилган бўлиб, етказилган зарар жабрланувчиларга ундирилиб бериляпти.

Умуман олганда фирибгарларга алданмаслик ҳар биримиздан ҳушёр бўлиш, нотаниш одамларга мол-мулкимизни ишониб топширмаслик, аввало уларнинг бирор расмий идорада ишлаш ёки ишламаслигига тўлиқ ишонч ҳосил қилишни талаб этади. Бу эса ҳуқуқий билимларимизни ошириш, ҳар бир масалага қонуний ёндашиб, уни бугунги давр нуқтаи назари билан қаричлашимизга боғлиқ.