Bosh sahifa Jamiyat Навоийда рухсатномасиз алкогол ва тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланганлар 54 миллион сўм...

Навоийда рухсатномасиз алкогол ва тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланганлар 54 миллион сўм жарима тўлади

0

Навоий вилоятида давлат солиқ органлари томонидан ҳудудларда тадбиркорлик субъектларининг қонуний фаолият юритиши пировардида соф даромадларининг ошишини таъминлаш мақсадида назорат тадбирлари ўтказилмоқда.

Хусусан, бугунги кунга қадар туман ва шаҳарларда 48 маротаба ана шундай тадбирлар ўтказилиб, тадбиркорлар томонидан ноқонуний фаолият юритишнинг олдини олиш мақсадида кенг тушунтириш-тарғибот ишлари амалга оширилди. Ўрганишлар жараёнида 12 та ҳолатда рухсатномасиз алкогол ва тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиш, 4 та ноқонуний фаолият олиб бораётган ишлаб чиқариш цехлари ҳамда 32 та умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш нуқталари аниқланиб, 54 миллион 751 минг 500 сўмлик товарлар вақтинча олиб қўйилди.

Биргина Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 16 мартдаги “Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори алкогол маҳсулотлари савдоси билан шуғулланишни тартибга солувчи муҳим ҳужжат бўлиб, тадбиркорлар учун бу норматив ҳужжат ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши зарур. Лекин кўздан кечириш ҳамда ўрганишлар жараёнида намунали тадбиркорлар қатори ноқонуний фаолият олиб бораётган хусусий бизнес вакиллари ҳам учраб турибди.

Масалан, Хатирчи туман Янгиобод маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Н.С. белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан ноқонуний равишда аҳолига спиртли ичимликлар сотаётганлиги аниқланди ва ҳолат юзасидан баённома тузилган ҳолда савдо дўконидан далилий ашё сифатида жами 1 миллион 327 минг сўмлик алкоголли маҳсулотлар вақтинча олиб қўйилди.

Мухтасар айтганда, қонунга итоаткор ва инсофли солиқ тўловчи тадбиркор доимо давлат ҳимоясида. Шу боис бугунги кунда ишбилармон доира вакилларига ҳуқуқий ва амалий кўмак кўрсатиш, фаолиятида кузатилаётган камчилик ёки ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш солиқ органлари зиммасидаги пировард вазифадир.

Навоий вилоят ДСБ матбуот хизмати.