Bosh sahifa Yangiliklar Навоийда солиқ тизимидаги ўзгаришлар хусусида тадбиркорларга кенг тушунчалар берилмоқда

Навоийда солиқ тизимидаги ўзгаришлар хусусида тадбиркорларга кенг тушунчалар берилмоқда

0

Жорий йилнинг 24-26 январь кунлари Кармана, Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туман ҳамда Зарафшон шаҳар давлат солиқ инспекциялари томонидан Ўзбекистон Республикаси солиқ ва бюджет сиёсатининг 2018 йилги асосий йўналишлари мазмун-моҳиятига бағишланган кўргазмали семинар ва матбуот анжуманлари ташкил этилди.

Cеминар йиғилишларида солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни вилоятимиз аҳолиси ва тадбиркорлик субъектларига етказишга алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилишларда Ўзбекистон Рес­пуб­ли­каси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги “Ўзбе­кис­тон Рес­публика­си­нинг 2018 йил­ги асосий мак­ро­иқти­содий кўр­саткичлари прог­нози ва Дав­лат бюджети па­раметр­ла­ри тўғрисида”ги қарори ҳамда “Со­лиқ ва бюд­жет сиёсати­нинг 2018 йил­га мўл­жалланган асосий йўна­лиш­лари қабул қилин­ганлиги му­носабати билан Ўзбекис­тон Республи­ка­сининг айрим қонун ҳужжат­ларига ўзгар­ти­ш ва қў­шим­чалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни моҳияти ҳақида сўз борди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур ҳужжат билан 3 та қонунга ва Солиқ кодексининг 47 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, 2018 йил 1 январдан бошлаб фойда ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиқлари бирлаштирилиб, унинг ставкаси 15,5 фоиз ўрнига 14 фоиз қилиб белгиланди. Жисмоний шахсларнинг даромад солиғи бўйича учинчи ва тўртинчи шкаладаги ставкалари 0,5 фоизга камайтирилиб, 16,5 ва 22,5 фоиз қилиб белгиланди. Фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ўтказиладиган мажбурий бадал суммаси 1 фоиздан 2 фоизга оширилди. Шунингдек, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ уларнинг кадастр қийматидан келиб чиқиб, ҳисобланиши жорий этилди ва асосий ставкаси 1,7 дан 0,2 фоизга пасайтирилди ва солиқ ҳисоблашда кадастр қиймати 42 миллион сўмдан кам бўлмаслиги белгиланланди.

Тадбирларда таъкидланганидек, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида солиқ соҳасида “солиқ мониторинги”, “солиқ таътили” ва “инсофли солиқ тўловчи” каби янги атамалар киритилди.

Бу ўз навбатида, солиқ тўловчилар томонидан солиқ мажбуриятларини бажаришда йўл қўйилиши мумкин бўлган хато ва камчиликларнинг олдини олиш, солиқ маъмуриятчилиги билан боғлиқ мунозарали масалаларни тезда ҳал қилиш, пеня ва жарималар ёзилиши туфайли молиявий аҳволнинг ёмонлашувига олиб келадиган вазиятларни бартараф этиш имкониятини беради.

Солиқ қонунчилигига оид янгиликларни ўзида жамлаган кўргазмали стендлар, тарқатма материаллар, видеороликлар тадбир иштирокчилари учун янада кенг маълумот олиш имкониятини яратди.

Тадбирлар давомида намунали солиқ тўловчилар ва фаол тадбиркорлар Навоий вилоят солиқ бошқармасининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар.