Bosh sahifa Tahlil Навоийда тарвуз ва қовун етиштириш нега тўхтатди?

Навоийда тарвуз ва қовун етиштириш нега тўхтатди?

0

Бугунги кунда воҳамиз бозорлари 100 фоиз Қашқадарё ва  Жиззах вилоятларида етиштирилган полиз маҳсулотлари – тарвуз-қовун билан тўлган. Навоий шаҳри, Кармана ва Навбаҳор туманлари деҳқон бозорларини кўздан кечирар эканмиз, бирор кишидан “Навоийда етиштирилган қовун ёки тарвуз” борлигини эшитмадик. Ваҳоланки, ўтган йилларда ўртача 15-20 фоизга қадар аҳолининг полиз (тарвуз ва қовун наарда тутилмоқда) маҳсулотларига бўлган  эҳтиёжи маҳаллий деҳқонлар маҳсулотлари билан қондирилар эди. Ўтган йили шунингдек, оз бўлсада, воҳамизда етиштирилган тарвузлар экспортга ҳам чиқарилганди.

Навоий вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси полизчилик бўлими билан боғланганимизда улар томонидан жорий йилда Нурота ва Хатирчи туманларида такрорий экин сифатида тарвуз ва қовун етиштириш белгилангани, бироқ амалда бу ишлар бажариламаётганлигини айтишди.

Навоий вилоят ўсимликлар карантини ҳудудий инспекцияси мутахассислари жорий йилда фақатгина Қизилтепада баҳор мавсумида иссиқхонада қовун етиштирилганини айтишди.

Деҳқонларимизнинг қовун ва тарвуз экишга жазм этмаётгани бундан 5 йил аввал республикамиз ҳудудига кириб келган “қовун пашшаси”нинг кўпайганлиги билан боғлиқ. Мазкур ҳашарот полиз маҳсулотлари айни гуллаган даврида ўсимликларнинг гулига зарар келтириб, 70-80 фоиз ҳосилдорликнинг пасайишига сабаб бўлади. Бироқ, кимёвий усулда ишлов олиб борилса бу ҳашарот билан қарши курашиш мумкин.

Ушбу масала юзасидан вилоят ветеринария бошқармаси билан ҳам боғландик. Бугунгача деҳқон бозорларимизга кириб келган 300 партиядан зиёд полиз маҳсулотларидан намуналар олиниб, ветеринария-санитария экспертиза ишлари олиб борилган. Ушбу маҳсулотларнинг сифатида камчилик топилмаган. Уларнинг умумий оғирлиги қарийб 600 тоннани ташкил этади.