Bosh sahifa Yangiliklar Навоийда ўрмон хўжалигини ривожлантириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди

Навоийда ўрмон хўжалигини ривожлантириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди

0

Воҳамизда ўрмон ерларининг ҳолатини яхшилаш, қайта тиклаш, чўл ҳудудларидаги қаровсиз ер майдонларидан унумли фойдаланиш мақсадида 24 июлда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Навоий вилоятида ўрмон хўжаликларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Унда вилоятимизнинг Нурота туманида Нурота давлат ўрмон хўжалиги, Кармана туманида Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти ҳузурида Чўл ҳудудларида ўрмончиликни ривожлантириш илмий маркази ташкил этилиши белгиланган.

Ҳужжатда Нурота давлат ўрмон хўжалигининг асосий вазифаси этиб туманда ўрмон барпо этиш ва уни ҳар томонлама кенгайтириш ҳамда  муҳофаза қилиш, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш, ҳудудда писта, бодом ва доривор ўсимликлар плантацияларини кўпайтириш эканлиги қайд этилган. Шунингдек, 6 нафар малкали илмий ходим фаолият олиб борадиган янги илмий марказ чўл ҳудудларида яйловларни қайта тиклаш ва кўпайтиришнинг самарали инновацион усулларни ишлаб чиқиш ишларини олиб боради. Ушбу муассаса учун лаборатория жиҳозлари сотиб олиш ва ишлаб чиқиладиган лойиҳаларни амалга ошириш учун маҳаллий ва хорижий грант маблағлари жалб этилиши кўзда тутилган.

Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан ҳамкорликда Нурота тумани ҳудудидаги ер майдонларини қайта хатловдан ўтказиб, табиий ўрмонлорлар ва самарасиз фойдаланилаётган ер майдонларини доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан Нурота давлат ўрмон хўжалигига белгиланган тартибда ажратиб берилади. Бундан ташқари, Навоий давлат ўрмон хўжалигининг кўчатчилик иссиқхона комплекси янги илмий марказга тақдим этилмоқда.

2019 йилдан бошлаб Нурота давлат ўрмон хўжалиги ва марказ фаолияти Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан тақдим этиладиган ҳисоб-китобларга асосан Молия вазирлиги томонидан давлат бюджети параметрларида назарда тутилган ҳамда бюджетдан ташқари маблағлар ва қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Ҳужжатда, шу билан бирга Нурота давлат ўрмон хўжалигида 2018-2021 йиллар давомида Сентобсой ва Чуя ҳудудларида инновацион технологияларни қўллаган ҳолда 10 минг гектар майдонда писта плантацияларини босқичма-босқич барпо этиш ҳамда қатор ораларидаги 5 минг гектар майдонда коврак етиштириш лойиҳаларини халқаро грантларни жалб этиш ҳисобидан молиялаштириш, замонавий лаборатория жиҳозлари сотиб олиш ҳамда қишлоқ хўжалик техникалари билан таъминлаш вазифалари кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, БМТнинг Чўлланишга қарши курашиш конвенцияси доирасида ажратиладиган маблағлар ҳисобидан Учқудуқ, Томди ва Конимех туманларида 2018-2020 йилларда 150 минг гектар майдонда саксавулзор ва озуқага бой яйловларни барпо этиш чораларини кўриш белгиланган.

Мухтасар айтганда, мазкур қарор ижроси юзасидан вилоятимизнинг ўрмонзорларини кенгайтириш, ҳудуддаги чўл ва адирлардан самарали фойдаланишда ўзига хос илмий ёндашув – самарали янги тизимни яратади.