Bosh sahifa Yangiliklar Навоийда ўтказилаётган “Ёшлар ҳафталиги”: карманалик фермер масаласи, “Қизилқумцемент” АЖдаги форум

Навоийда ўтказилаётган “Ёшлар ҳафталиги”: карманалик фермер масаласи, “Қизилқумцемент” АЖдаги форум

0

Навоий вилоятида “Ёшлар – келажак бунёдкори” шиори остидаги “Ёшлар ҳафталиги” давом этмоқда.

Ҳафталик доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши учун кўп тармоқли ёш фермерлар фаолиятини ривожлантириш мақсадида “Агро класстер” ўқув тажриба ҳудудларини ташкил этиш кўзда тутилганди. Кеча Кармана туман ҳокими Фахриддин Умаров “Агро класстер” учун Нарпай массивидан 33 гектар ер майдони ажратди. Шунингдек, Ўзбекистон ёш фермерлари кенгаши вакиллари ҳам вилоятдаги аксарият ёш фермер ва томорқа ер эгаларининг далаларида бўлиб, уларнинг фаолиятида тўсиқ бўлаётган муаммолар билан қизиқди. Натижада карманалик Низомжон Тўхтаевга пахта ва ғаллачиликга мўлжаллаб туман захирасида турган 30 гектар ер майдони ажратиб берилди. Шу куннинг ўзида фермер хўжалигини юритиш учун барча ҳужжатлар расмийлаштирилиб, хўжаликка “Карманалик ёш йигит ҳаёти” дея ном берилди.

“Қизилқумцемент” АЖда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг корхона-ташкилотлардаги бошланғич ташкилот етакчилари учун Форум ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президент девонининг масъул ходими Асилбек Муртазаев, Халқ таълими вазири ўринбосари Алишер Саъдуллаев, Марказий банк бошқарма бошлиғи, МК Бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бош мутахассиси Элдор Аҳмедов қатнашди.

Форумда корхона, ташкилот етакчиларининг фаолиятини жонлантириш масаласи муҳокама қилиниб, ҳар ойда улар учун бир маротаба форум, ўқув-семинарларни тизимли ўтказиш белгиланди.

“Ёшлар ҳафталиги” 18 мартга қадар давом этади.