Bosh sahifa Jamiyat Навоийда Вазирлар Маҳкамасининг қарори ижроси юзасидан эксперимент ўтказилмоқда

Навоийда Вазирлар Маҳкамасининг қарори ижроси юзасидан эксперимент ўтказилмоқда

0

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 6 октябрда эълон қилинган “Солиқ маъмуриятчилигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллашни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳри, Навоий ва Сирдарё вилоятлари ҳудудида барча хўжалик юритувчи субъектлар томонидан электрон ҳисобварақ-фактураларни мажбурий тартибда расмийлаштиришни жорий этиш бўйича эксперимент ўтказилмоқда.

Навоий вилоят давлат солиқ бошқармасида корхона-ташкилотларнинг бухгалтерия соҳаси вакиллари иштирокида мазкур қарор мазмун-моҳиятига бағишланган амалий семинар ўтказилди.

Тадбирда Давлат солиқ қўмитаси, унинг ҳузуридаги “Малака ошириш” маркази, “Янги технологиялар” илмий-ахборот ҳамда “Солиқ сервис” давлат унитар корхоналари масъул ходимлари интернет тармоғида яратилган “e-factura” тизимининг афзалликлари хусусида тушунтиришлар беришди.

Қарорга кўра, эксперимент ўтказиш даврида хўжалик юритувчи субъектларга ҳисобварақ-фактуралар, товар-транспорт юкхатлари ва товар-моддий бойликларни олиш учун ишончномаларни электрон шаклда тақдим этиш билан бир вақтда қоғоз шаклида тузиш ҳуқуқи берилади. Маълумки, йирик корхоналарда анъанавий қоғоз кўринишидаги мазкур жараён анча мураккаб. Бугунги кунда Навоий вилоятидаги саноат корхоналари фаолияти ўрганилиб, мутахассислар томонидан “e-factura” тизимига қўшимча имкониятлар яратиш устида иш олиб борилмоқда.

– Янги тизим ривожланган мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб амалиётга жорий этилмоқда, – дейди Малака ошириш” маркази катта ўқитувчиси Ф. Раҳимов.Эндиликда ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатаётган корхоналарнинг www.my.soliq.uz сайтидаги шахсий кабинетларида “e-factura” хизмати ҳам жорий этилди. Ҳисобварақ-фактуралар мазкур тизим имкониятларидан фойдаланилиб шакллантирилгач, у электрон рақамли имзо билан тасдиқланади. Ушбу ҳужжатда шунингдек, автоматик тарзда акс этадиган “куер код” унинг ягона ва ҳақиқий эканлигини кўрсатиб туради.

Тадбир давомида иштирокчилар амалиётга жорий этилаётган янги тизим хусусида ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан мутахассислардан батафсил жавоблар олишди. Бундан ташқари, “e-factura” электрон хизматини такомиллаштириш юзасидан таклифлар қабул қилиниши таъкидланди.