Bosh sahifa Jamiyat Навоийдаги таълим муассасалари қиш мавсумига тайёрми?

Навоийдаги таълим муассасалари қиш мавсумига тайёрми?

0

Жорий йил октябрь ойининг бошиданоқ мамлакатимизда ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши, айрим ҳудудларда қор ва ёмғир ёғиши кузатилди. Бу эса ўз навбатида куз-қиш мавсумига ҳозирликни янада жадал олиб боришни талаб этди.

Биринчи навбатда, умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари ҳамда соғлиқни сақлаш тизими объектларида мавсумга тайёргарлик бўйича барча зарурий чораларни кўриш, бино ва иншоотларнинг иситиш тизимини тайёр ҳолатга келтириш муҳим вазифалардан саналади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йил 12 июлда “Республика иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларни 2018/2019 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Айни пайтда ҳудудимизда мазкур меъёрий ҳужжатнинг  ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада барча муассасаларда муайян ишлар амалга оширилди.

Хусусан, жорий йилги мавсумга тайёргарлик кўриш мақсадида Навоий вилоятидаги 87 та таълим муассасасининг жорий таъмирланиши, бир қанча умумтаълим мактабларига тегишли 31 дона иситиш қозонларини алмаштириш ҳамда ўқув муассасаларини 9944 тоннадан ортиқ кўмир ёқилғиси билан таъминлаш ишлари ниҳоясига етказилди. Хусусан, Навбаҳор туманида фаолият юритаётган умумтаълим мактаблари учун 1470 тоннага яқин кўмир ёқилғиси жамғарилган.

— Ўқувчиларнинг барча шароитларга эга бўлган синф хоналарида таълим олишини таъминлаш асосий вазифамиздир, — дейди туман халқ таълими бўлими ходими Б. Қувонов. — Туманимиздаги барча таълим муассасаларининг мавсумга шайлиги тўлиқ кўздан кечирилиб, текширув жараёнларида аниқланган камчиликлар бартараф этилди. Айрим умумтаълим мактабларининг иситиш қозонлари алмаштирилди. Кўмир ва брикет ёқилғиси ҳам жойларга ўз вақтида етказилган. Айни пайтда муассасаларимизда иситиш тизими тўлиқ ишлаяпти.

Дарҳақиқат, ёш авлодни ҳар жиҳатдан етук, соғлом ва баркамол улғайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бунда сифатли таълим жараёнини ташкил этишдан тортиб ўқув муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳам муҳим ўрин эгаллайди.

Вилоятимиздаги мактабгача таълим муассасаларида жорий йилги куз-қиш мавсумига пухта ҳозирлик кўрилди. Бино ва иншоотларни жорий таъмирлаш, объектларнинг том қисмини мустаҳкамлаш, иссиқлик тизими ҳамда қозонларни алмаштириш каби чора-тадбирларни амалга ошириш учун 2,6 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. Мазкур мавсумда барча туман ва шаҳарларда фаолият юритаётган мактабгача таълим муассасалари учун 1014 тонна кўмир ва брикет ёқилғиси жамланди. Ушбу маҳсулотларга айниқса, Томди, Навбаҳор, Нурота, Қизилтепа туманларида эҳтиёж юқори бўлмоқда.

– Туманимизда 13 та мактабгача таълим муассасаси мавжуд бўлиб, уларнинг 3 таси газ орқали иситилса, қолганларида асосан кўмирдан фойдаланилади, — дейди Нурота тумани мактабгача таълим бўлими мудири С. Ражабова. – Айни пайтда туман бўйича жами 213 тонна ёқилғи боғчаларга етказилди. Болажонларнинг ётоқ жойлари, ошхона ва машғулот ўтадиган хоналарнинг етарлича иситилиши таъминланмоқда.

Ҳадемай изғиринли, қор-ёмғирли кунлар бошланади. Бу даврда асосий вақтини ўқув муассасаларида ўтказаётган фарзандларимизнинг етарли билим олиши ва саломатлиги доимий назоратда бўлиши лозим. Шундай экан, бу мавсумда ҳеч бир ҳолатни назардан четда қолдирмай, белгиланган вазифаларни пухта ва аниқ бажариш, эътибор билан ёндашиш бугунги куннинг муҳим талабидир.

Нигора РЎЗИЕВА, журналист.