Bosh sahifa E'tirof Навоийлик ҳакам Аргентинага боради

Навоийлик ҳакам Аргентинага боради

0

Спорт кураши –  эркин, юнон-рум ва аёллар курашини қамраб олади. Дунё миқёсида оммалашган мазкур жисмоний машғулот турлари мамлактимизда ҳам тобора юксалиб боряпти. Вилоятимизда бугунги кунда 1700 нафар ёшлар спортнинг айни шу йўналишларида шуғулланиб келмоқда.

Эркин кураш бўйича вилоятимиз вакили Ихтиёр Наврўзовнинг 2016 йилги Олимпиада ўйиларидаги иштирокини спортсевар мухлислар ҳалигача унутишмагани аниқ. Сабаби маҳоратли спортчи бронза медали учун баҳсда очколар ҳисобига олдинда бўлиб турган мўғилистонлик рақибини ҳеч бир умидсизликка тушмай, астойдил интилиб ҳалол тарзда жангнинг охирги дақиқаларида мағлубиятга учратган эди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси И. Наврўзов жорий йилда ҳам Қирғизистонда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида катталар ўртасида ғолибликни қўлга киритди.

Бугун вилоятимиздан етишиб чиққан, эркин курашда бир неча бор Ўзбекистон чемпиони Аббос Раҳмонов, Ихтиёр Нормуродовларнинг бугунги кунда миллий терма жамоа аъзоси эканлигини алоҳида тилга олиш мумкин.

Яқинда яна бир қувончли хабарни эшитиб, фахрландик. Навоий Олимпия захираларига ихтисослаштирилган мактаб интернати мураббийи, спорт курашлари бўйича халқаро тоифадаги ҳакам  Тўймурод Адизовнинг 10-13 октябрь кунлари Аргентинада бўлиб ўтадиган ўсмирлар Олимпиадасига Осиё қитъасидан саралаб олинган тўрт ҳакамнинг бири бўлди.

– Вилоятимиз ёшларининг  мазкур спорт туридан эришаётган ютуқлари йилдан йилга ортиб бораётгани қувонарли, – дейди биз билан суҳбатда Т. Адизов. –  Жумладан, жорий йил миллий терма жамоа аъзоси Алижон Ҳусенов юнон-рум курашида Словакия давлатида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида кучли бешликдан жой олди.  Шунингдек, бугунги кунда нуфузли мусобақаларга ҳозирлик кўраётган Бегзод Умаров, Баҳодир Арслонов, Гулнора Тошпўлатовалар ҳам фахрли ёшларимиздан. Яқинда Аргентинада ўтказиладиган ўсмирлар ўртасидаги олимпиада ўйинларига ҳакамлик қилишга танланганим қувонч билан бирга мсъулият ҳам юклади. Мақсадим, билдирилган ишончни оқлаш, шу билан бирга спорт курашлари бўйича ёшларимизни 2020 йил Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларига муносиб тайёрлаш. Бу йўлда куч-ғайратимни аямайман.

Ватанимиз номини дунёга ёйишда муносиб ҳисса қўшаётган спортчиларимизга матонат ва омад ҳамиша ҳамроҳ бўлсин, деймиз.

Зулфия БОБОЕВА