Bosh sahifa Jamiyat НАВОИЙЛИК АСАЛАРИЧИЛАР ТАЖРИБАСИ: ҲАР БИР ОИЛА ҚЎШИМЧА РАВИШДА 10 МИЛЛИОН...

НАВОИЙЛИК АСАЛАРИЧИЛАР ТАЖРИБАСИ: ҲАР БИР ОИЛА ҚЎШИМЧА РАВИШДА 10 МИЛЛИОН СЎМ ДАРОМАД ТОПИШИ МУМКИН

0

Вилоятимизнинг бир қатор туманлари бой табиий ресурслари билан асаларичиликка қулай  ҳудудлар саналади. Навбаҳор, Хатирчи, Қизилтепа ва Кармана туманида яшовчи аҳоли хонадонларида бошқа жойга кўчирмаган ҳолда 5 қутидан 10 тагача ва ундан зиёд асалари оилаларини парваришлаш мумкин. Бу эса йилига ҳар бир хонадонга қўшимча равишда 100-150 килограммгача асал, яъни 8-10 миллион сўм соф даромад дегани.

 Вилоятимизда айни пайтда 900 дан зиёд асарларичилик хўжаликлари фаолият юритмоқда. Уларда фаолият юритаётдан мингдан зиёд миришкорлар томонидан 54 мингта асалари оиласи боқилади.

— Давлатимиз раҳбари раислиигда  жорий йилнинг 14 апрель санасида ўтказилган қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалаларига бағишланган вендоселекторда ҳам мазкур соҳага алоҳида эътибор берилди. – дейди Навоий вилояти асаларичилари уюшмаси раиси Улуғбек Муродов. – 2020 йилда ишлаб чиқариш ҳажмини беш баробарга ошириш, аҳолига асалари уйлари тарқатиб, тайёр асални йиғиб оладиган асаларичилик кластерлари ташкил этиш топшиқлари берилди. Бугунги кунда бу борада тегишли вазифалар амалга оширилмоқда.  

Маълумки, асаларичилик тармоғи ривожида наслчилик, яъни наслли ариларни кўпайтиришнинг аҳамияти катта. Навоий шаҳридаги “Акмал шифо” фермер хўжалиги томонидан айнан шу йўналишда иш олиб борилмоқда. Бгунги кунда хўжалик тасарруфида  400 қути асалари бор. Мазкур субъект томонидан карпат зотли наслли ариларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу арилар маҳалий зотларга қараганда кўпроқ асал йиғиш ҳамда касалликка анча чидамлилик хусусиятларига эга. 

Сўнгги вақтларда аҳоли хонадонларида асалари парваришлашга бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Бу эса маҳаллаларда аҳоли томорқаларида етиштирилаётган озиқ-овқат ҳамда бошқа турдаги экинларнинг ҳосилдорлигини оширишга ҳам хизмат қиляпти. 

Нурота туманининг “Турко” маҳалласида яшовчи Холмуродов Улуғбек саккиз  йилдан буён асаларичилик билан шуғулланади. Ёш асаларичи ҳар йили пойтахтимизда ташкил этиладиган “Асал сайли”да иштирок этиб, ўзи етиштираётган маҳсулотнинг сифати юқорилиги бўйича алоҳида эътирофга эришиб келмоқда.

— Амаким Тоҳир Раупов 50 йилдан буён шу соҳа билан шуғулланади,   — дейди У.Холмуродов. — Асаларичиликни амакимга шогирд тушиб ўрганганман. Бугунги кунда 150 қути асаларимиз бор. Тўрт нафар кишининг бандлиги таъминланган. Ҳозирда аҳоли орасида асаларичиликка қизиқувчилар кўп. Кўпчилик интернет орқали ўрганишга ҳаракат қилади. Аммо ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос жиҳатлари бор. Бир киши асаларичиликда хатога йўл қўйса бу бошқа хўжаликларга зарар келтириши ҳам мумкин. Чунки бир асалари оиласининг касалланиши бошқа оилаларга ҳам инфекция тарқалишига олиб келади. Аслида асаларичиликка ҳавасманд кишиларни тўғри йўналтириш, уларни шу соҳада тажрибага эга кишиларга бириктириш лозим. Асаларичиликда “Устоз-шогирд” анъанасини йўлга қўймай натижага эришиб бўлмайди.       

Вилоятимизда асаларичилик тобора ривожланиб бораётганига қарамай асал хомашёсини қайта ишлаш, асаларичилик хўжаликларига зарур воситалар, шунингдек дори-дармонлар етказиш ишларида бир қатор муаммолар ҳам бор. Шу боис, тегишли масъул идоралар томонидан айнан мана шу муаммолар ечими юзасидан тизимли ишларга эътибор қаратиляпти.  

Дарҳақиқат, асал илоҳий неъмат. Бунинг сабабини Қурони Каримнинг “Наҳл” сурасида Оллоҳ таоло асаларига “Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) қурадиган инларга ую солгин. Сўнгра турли меваларни еб, Парвардигоринг (сен учун) осон – қулай қилиб қўйган йўллардан юргин!”, дея буюрганлигидан ҳам билиб олишмиз мумкин. Минг дардга даво мазкур маҳсулотнинг иммунитетимиз яхшинишида энг фойдали озиқ эканлиги, бугунги пандемия даврида унинг истеъмолига катта эътибор қаратишимиз кераклигини ҳам билдиради.