Bosh sahifa Yangiliklar Навоийлик олимлар Хитойдаги нуфузли халқаро анжуманда иштирок этишди

Навоийлик олимлар Хитойдаги нуфузли халқаро анжуманда иштирок этишди

0

16-20 июль кунлари Хитой Халқ Республикасининг Урумчи шаҳрида Шинжон ипак йўли кон-металлургия комбинати ва Хинжианг кон-металлургия комбинати халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда 20 дан ортиқ мамлакат вакиллари иштирок этди. Мамлакатимиз Фанлар академияси вице-президенти — Навоий филиалининг раиси А. Мирзаев ва фан доктори Ш.Шарипов раҳбарлигида мазкур нуфузли тадбирда Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди. Тадбирда соҳа бўйича етакчи мутахассислар, шунингдек, тадбиркорлар тоғ-кон саноатида эришилган ютуқлар ҳақида маълумот бердилар, шунингдек, янги замонавий асбоб-ускуналарни тақдим этишди. Шуниси эътиборга лойиқки, Хитой мамлакатимизнинг асосий шерикларидан биридир. Айниқса, сўнгги йилларда хитойлик тадбиркорлар Ўзбекистонга кўпроқ эътибор қаратмоқдалар. Форумда А.Мирзаев мамлакатимизнинг тобора юксалаётган  инвестицион салоҳияти, хорижий сармоядорларга тақдим этилаётган имтиёзлар  ва ушбу йўналишда қабул қилинган қонунлар ҳамда ҳукумат ҳужжатлари ҳақида  маъруза қилди.
Шунингдек, ФА Навоий филиалининг ривожланиши ва илмий потентциали, геологик қидирув ишларини талаб қиладиган, Ўзбекистондаги конлар ҳақида маълумот берилди. Нуфузли халқаро форумда икки томонлама ва уч томонлама музокаралар бўлиб ўтди. Унда Хитойнинг етакчи компаниялари вакиллари металл бўлмаган фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, қишлоқ хўжалигида сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш, кимёвий ўғитлар ва бошқа соҳаларни қўллаш бўйича ҳамкорликни таклиф этдилар. Ўзбекистон томони бу таклифларни маъқуллади.

Бундан ташқари, ушбу форумни ташкиллаштирган «ХУАР 305 давлат дастури» лойиҳасини амалга оширувчилар Ўзбекистон Фанлар академияси Навоий филиали Ўзбекистон-Хитой ахборот марказининг Хитойдан сармоя оқимини яратишга қаратилган ташаббусини қўллаб-қувватладилар, бу эса салоҳиятли инвесторлар учун энг зарур маълумотларни тақдим этади. Истиқболли соҳалар ва икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида воситачилик вазифасини ўтайди.

Февзи ИСТАБЛАЕВ, Фанлар академияси Навоий филиали матбуот  котиби.