Bosh sahifa Yangiliklar Наврўз тантаналарида юзлаб навойликларга янги хонадонлар калитлари топширилмоқда, Кармана ва Учқудуқда янги...

Наврўз тантаналарида юзлаб навойликларга янги хонадонлар калитлари топширилмоқда, Кармана ва Учқудуқда янги корхоналар иш бошлади

0

Кармана, Қизилтепа, Нурота ва Навбаҳор туманларида ҳамда Навоий шаҳрида барпо этилган янги лойиҳадаги замонавий, жами 170 та уй-жой калитлари Наврўз умумхалқ байрамида ўз эгаларига тақдим этилмоқда.

Уларнинг бир қисмини арзон хонадонлар ташкил этади. Шу билан бирга Кармана туманидаги Мир Саид Баҳром номли маҳалла ҳудудида “Нуронийлар маскани” қурилиши ниҳоясига етди, “Сардоба” маҳалласида хусусий боғча фаолият бошлайди, “Хончорбоғ” маҳалла фуқаролар йиғини янги бинога кўчиб ўтади. Шунингдек, “Варқ-2” массивида бунёд этилган янги уйларнинг эгалари байрам тантаналарини ўз ҳовлиларида нишонлашади.

Бундан ташқари, Наврўз тантаналари арафасида “Навоий” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида ҳам “Alviero” хусусий корхонаси ишга туширилди.

— Натижада 48 та янги иш ўрни ташкил этилди, — дейди вилоят иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бош бошқармаси саноат бўлими бошлиғи Зоҳид Худойбердиев. – Бу ерда синтетик ювиш воситалари ишлаб чиқарилади. Замонавий технология билан жиҳозланган мазкур объект йилига 7 минг тонна маҳсулот тайёрлаш қувватига эга.

Шунингдек, Учқудуқ туманида енгил саноат чиқиндиларидан йилига 50 тонна суюқ гулқоғоз тайёрлайдиган “Griin group uchquduq” корхонаси ҳам иш бошлаб, 14 нафар кишининг бандлиги таъминланди.

Халқимизнинг ҳаётий эҳтиёж ва манфаатларини таъминлаш йўлида қилинаётган бундай хайрли ишлар салмоғи тобора ошмоқда.