Bosh sahifa Mualliflardan Низоларни судгача ҳал қилиш – жиддий иш

Низоларни судгача ҳал қилиш – жиддий иш

0

­ Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш шўъбаси фаолияти анча жиддий ва мураккаб жараёнлардан иборат. Бугунги кунда бу борада Навоий вилоят солиқ Давлат бошқармаси негизида Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш шўъбаси фаолият юритаяпти. Шўъбага келиб тушадиган ишлар ўзига хос категорияга эга. Бундай низо турлари қуйидагилар:

солиқ қарзини солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш ҳақидаги ишлар, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан молиявий санкцияларни қўллаш ҳақидаги ишлар;

солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш ҳақидаги ишлар;

давлат солиқ хизмати органи инкассо топшириқномасининг ижро этилиши мумкин эмас, деб топиш ҳақидаги ишлар;

ортиқча тўланган солиқ тўловларини қайтариш ёхуд бўлғуси тўловлар ҳисобига ўтказиш тўғрисидаги ишлар мисол бўла олади.

Бунда давлат солиқ хизмати органи судда аризачи сифатида ҳамда  жавобгар сифатида иштирок этади. Мазкур ҳолатларни судгача етиб боргунча ўрганиш ва ҳал этиш айнан бизнинг фаолиятимизга киради. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш ва амалиётда солиқ низоларини судгача ҳал қилишнинг аҳамияти катта. Бу фуқаро ва давлат ўртасидаги ишонч ва бирдамликни таъминлайди. Шунингдек, бу масала солиқ соҳасидаги муаммоларни ўз вақтида аниқлаш, ўрганиш ва бу борада тавсиялар ишлаб чиқиш, таҳлилий хат ва хулосалар тайёрлашда ҳам катта аҳамиятга эга.

Шу ўринда савол туғилади, солиқ низоси нима дегани? Низо устидан давлат органларига шикоят бериш қай тартибда амалга оширилади?

Солиқ низоси бу – солиқ тўловчиларнинг ёхуд солиқ агентларининг, солиқ тўловчилар вакилларининг давлат солиқ хизмати органлари қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракати ёки ҳаракатсизлигидан норозилигидир.

Қонунларимизда давлат солиқ хизмати органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан давлат солиқ хизматининг юқори турувчи органига (юқори турувчи мансабдор шахсига) шикоят қилиш Солиқ кодексининг 18-бобида келтирилган. Унга кўра, давлат солиқ хизмати органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан шикоят бериш тартиби белгиланган.

Солиқ кодексининг 122-моддасига мувофиқ, ҳар бир солиқ тўловчи давлат солиқ хизмати органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят бериш учун давлат солиқ хизматининг юқори турувчи органига (юқори турувчи мансабдор шахсига) ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Солиқ кодексининг 123-моддасида эса солиқ тўловчи қайси давлат солиқ хизмати органининг қарори ёки мансабдор шахсининг ҳаракатлари устидан шикоят қилаётган бўлса, ўша органни давлат солиқ хизматининг юқори турувчи органига ёки судга шикоят берганлиги тўғрисида тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда хабардор қилиши белгиланган.

Давлат солиқ хизматининг юқори турувчи органига шикоят солиқ тўловчи ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан эътиборан ўттиз кун ичида ёзма шаклда берилади. Шикоятга уни асослантирувчи ҳужжатлар илова қилиниши керак.

Солиқ тўловчи томонидан бериладиган шикоятга қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши мумкин:

солиқ текшируви далолатномаси;

солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинган қарор;

солиқ тўловчининг банклардаги ҳисобварақалари бўйича операцияларини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор;

солиқлар ва бошқа мажбурий туловларни ундириш тўғрисидаги инкассо топшириқномалари;

шикоятни кўриб чиқиш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлардан иборат бўлган бошқа хужжатлар.

Солиқ кодексининг 125-моддаси талабларига мувофиқ, давлат солиқ хизматининг юқори турувчи органи шикоят юзасидан шикоят олинган кундан эътиборан ўттиз кун ичида:

шикоятни қаноатлантирмасдан қолдиришни;

давлат солиқ хизмати органининг шикоятга сабаб бўлган қарорини бекор қилишни ёки ўзгартиришни назарда тутувчи қарор қабул қилади.

Давлат солиқ хизматининг юқори турувчи органи давлат солиқ хизмати органлари мансабдор шахсларининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан берилган шикоятни кўриб чиқиш якунларига биноан мазмунан қарор чиқаришга ҳақли.

Шикоят берган шахсга қабул қилинган қарор тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида ёзма шаклда маълум қилинади.

Солиқ тўловчилар томонидан давлат солиқ хизмати органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан юқори турувчи давлат солиқ хизмати органига шикоят бермасдан тўғридан-тўғри судга шикоят берилган тақдирда судлар томонидан улардан почта харажатлари ва давлат божи ундирилади.

Солиқ тўловчилар томонидан судларга шикоят берилмасдан юқори турувчи давлатсолиқ хизмати органларига шикоят берилганда эса шикоятни кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш учун улардан ҳеч қандай тўловлар талаб қилинмайди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 44-моддасида ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланиши кўрсатилган.

— Кўпчилик тадбиркорлар бошқармага ва унинг ҳудудий бўлимларига мурожаат қилиш  тартибини яхши билишмайди, — дейди шўъба бошлиғи Ҳ. Нуруллаев. — Солиқ тўловчилар томонидан давлат солиқ хизмати органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан шикоятлари бўйича тўғридан тўғри судларга мурожаат қилмасдан, балки Солиқ кодексининг 122-124-моддаларида белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри давлат солиқ бошқармаларига мурожаат қилишлари кифоядир. Бизда ҳал бўлмаган муаммолар эса Молия вазирлиги ҳузурида Солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасидаги солиқ низоларини судгача ҳал қилиш кенгашига юборилади.

Ҳукумат қарори билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасидаги солиқ низоларини судгача ҳал қилиш кенгаши таркиби ва кенгаш тўғрисидаги низом тасдиқланган эди. Кенгаш раиси этиб молия вазирининг биринчи ўринбосари тайинланган. Кенгаш таркибида Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари, ДСҚ раисининг биринчи ўринбосари, адлия вазирининг биринчи ўринбосари, солиқ маслаҳатчилари палатаси бошқаруви раиси, аудиторлар палатаси кенгаши раиси, бухгалтерия ва аудиторлар милий уюшмаси кенгаши раиси, бухгалтерлар федерацияси бошқаруви раиси, адвокатлар палатаси раиси ўрин олишган.

Ҳурматли солиқ тўловчилар, бузилган ҳуқуқ ва манфаатларингиз юзасидан мурожаат қилмоқчи бўлсангиз, Навоий вилояти давлат солиқ бошқармасининг қуйидаги телефонига қўнғироқ қилишингиз мумкин:(79) 223-53-71

Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси.