Bosh sahifa Jamiyat НКМК Бош директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Санақулов Қувондиқ Санақуловичга очиқ хат

НКМК Бош директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Санақулов Қувондиқ Санақуловичга очиқ хат

0

Инсон умри давомида қанча-қанча одамлар билан учрашади, қўллар, йўллар бирлашади, айро тушади. Ажабки, кўнгилда бир умр сақланиб қоладигани жудаям кам бўлади.
Қўлга қалам олиб, энг инжа, самимий туйғулар қоғозга тўкилса, дил тубида асраб-авайлаб келаётганингиз изҳорнинг соҳиби ана шу кўнгилга яқинлар бўлади. Туйғулар мактуб шаклига кириб, ўшал яқинингизга етиб боришидан умидвор бўласиз.

Биз, Учқудуқ тумани нуронийлари муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан одамларни ҳаётдан рози қилиш, ёши улуғ инсонларни ижтимоий ҳимоялаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, турмуш даражасини ошириш борасида олиб бораётган ишларидан беҳад мамнунмиз. Албатта, бундай эътибор ва ғамхўрлик биз каби ёши улуғларнинг умрига умр қўшмоқда, ҳаётига мазмун бағишламоқда.

Ўз навбатида, биз ҳам мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаол иштирок этмоқдамиз, билим ва салоҳиятимиз, куч-ғайратимизни сафарбар қилмоқдамиз.

Яқинда “Учқудуқ” маданият уйида сенатор сифатида учқудуқликлар билан ўтказган учрашувингизда инсонларнинг қалбига қулоқ тутиб, дарду ташвишларини тинглаётганингиз,  уларнинг бирламчи ҳаётий эҳтиёжлари,  ҳақли талаб ва истакларини  амалда қаноатлантираётганингиз   Учқудуқ халқини тараққиёт, фаровонлик ва ободликка эришишдек буюк мақсадлар сари янада жипслаштирмоқда. Ана шу учрашувда ҳар доимгидек, биз нуронийларга кўрсатган ҳурмат ва эҳтиромингиздан диллар яйради, кўнгиллар сурурга тўлди.

Ахир, бу каби эҳтиромни Сиз томонингиздан ҳар куни, ҳар қадамда ҳис қилиб яшаяпмиз. Негаки, ўтган йилнинг сўнгги чорагида 15 нафар нуронийларимиз  “Кончи” профилакторий – санаторийсида бепул даволанган бўлсалар, 2019 йил бошидан яна 45 нафар отахон-онахонларга бепул йўлланмалар ажратилишини билдирдингиз.

Мана бугун иккинчи кундирки, энг сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган, барча шарт-шароитлар яратилган дам олиш масканида даволанмоқдамиз. Соғлигимизни тикламоқдамиз.

Ҳа, инсон ёши улғайгани сайин эътибору эъзозга эҳтиёжи ортиб бораверар экан. Даволаш масканидаги ширин сўзи жонга малҳам тиббиёт ходимларининг ҳар бир сўзидан, ҳар бир муолажаасидан кўнглимиз тоғдек юксалиб, сиҳатимиз мустаҳкамланмоқда.

Буларнинг бари юртимизда  қолаверса, Сиз раҳбарлик қилаётган гигант корхонада инсон манфаатлари устувор эканлигининг яққол тасдиғидир.

Азиз  Қувондиқ Санақулович!

Сиз ҳар бир учқудуқлик нуроний қалбининг қўрида ардоқ топаётган инсонсиз. Биз кексаларга кўрсатаётган меҳр-мурувватингиз учун Сиздан беҳад миннатдормиз. Илоҳим умрингиздан барака топинг. Лекин, бизни қария деб аяб ўтирманг, бирор бир юмуш, бирор бир топшириқ беринг, лозим топсангиз!

Биз муҳтарам Президентимизга камарбаста бўлишни ўзимизнинг бурчимиз, деб биламиз.

Бир гуруҳ оқсоқоллар номидан:

Абдулла Керуенбаев, Учқудуқ туман “Нуроний” жамғармаси раиси.